БАРЧАМИЗ УЧУН МАСЪУЛИЯТЛИ  БУРЧ

Бухоро вилояти ИИБда  бўлиб ўтган брифинг вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг аҳволи, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда тизим ходимлари томонидан олиб борилаётган  ишлар натижасига бағишланди.

Кундузги соат, чамаси, 13:30ларда Ғиждувон туман ёнғин хавфсизлиги бўлимига чалинган қўнғироқ барчани ҳушёр торттирди. Бунга кўра, тумандаги “Сардор” маҳалла фуқаролар йиғини, С.Айний кўчаси, 12-уйда кучли ёнғин содир этилгани хабари етказилади. Сергак ўт ўчирувчилар тезкорлик билан ёнғинни бартараф этишади. Шунга қарамасдан, ўт орасидан хонадон соҳиби Ҳотам Қудратовнинг жасади топилади. Афсуски, танасининг 80 фоизидан ортиқ қисми куйган жасадга жон таслим қилишидан олдин пастки жағи, бурун, юз, иккала кўз ва пешона суяклари майдаланган ва ботиқ синган жароҳатлар етказилганлиги аниқланади. Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлар давомида қотиллик жабрланувчининг ўғли Фаррух Қудратов содир этилгани, ачинарлиси, у ўз жиноятини яшириш учун ёнғин талофатини ҳам ўзи қасддан амалга оширгани ошкор бўлади…

Вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник  Оқил Ҳасанов брифингда жорий йилнинг апрель ойи сўнгги ҳафтасида вилоят ҳудудида жами 79 та жиноятлар қайд этилганлиги, ушбу жиноятларнинг 71 таси фош этилиб, 6 таси ички ишлар идоралари ходимларининг шахсий ташаббусига асосан аниқланганлигини билдирди.

Жиноятларнинг 1 таси қотиллик, 1 таси номусга тегиш, 2 таси безорилик, 9 таси ўғрилик, 20 таси фирибгарлик, 5 таси тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳамда 41 таси бошқа турдаги жиноятлардир.

Таъкидланишича, ҳафта давомида вояга етмаган шахс томонидан 1 та, муқаддам судланганлар томонидан 7 та, аёллар томонидан 15 та жиноят содир этилди. Ўғрилик, фирибгарлик жиноятларининг аёллар томонидан кўпроқ содир қилинаётганлиги ташвишли ҳол.

Шофиркон туман ИИБга “Юқори Искогаре” ҚФЙ, “Кулоллар” қишлоғида яшовчи Наргиза Саломова ариза орқали мурожаат қилиб, Қоровулбозор туман “Баркамол авлод” болалар маркази хизматчиси Озода Раҳимова ўзини “Гулзода” деб таништирган ҳолда унинг ишончига кириб, 5.000.000 сўмлик тилла тақинчоқларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлигини билдиради. Мазкур ҳолат юзасидан фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Брифинг давомида шу каби ҳолатларга тўхталиб ўтирлар экан, ички ишлар идоралари ходимлари томонидан амалга оширилиб келинаётган ишларни ўз вақтида фуқароларга етказиш аҳоли ва ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирларни амалга оширишда  муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

Оммавий-ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жамият тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар олдида барчамиз масъулмиз!

 Бахтиёр РАҲМАТОВ,

Бухоро вилояти ИИБ катта инспектори, капитан.