ОРЗУЛАРИ ОСМОН НИГИНА

Ўзбек жанг санъати

Нуфузли мусобақалар татамисига чиқиб, юксак чўққиларни эгаллаётган қора белбоғ спорт усталигига номзод 15 ёшли Нигина яқинда мамлакат терма жамоасига қабул қилинди.

Бир қарашда синчалакдек кўринадиган бу қизалоқ тенгқурларидан, деярли, фарқ қилмайди. Бу албатта, алдамчи тасаввур. Феълидаги вазминлик ва нигоҳларидаги қатъийлик ва сокинлик, таъбир жоиз бўлса, ундаги маҳорат ва қобилиятни яшираётгандек гўё. Бироқ Нигинани яқиндан билганингиз сари унинг шу ёшидаги қобилиятию қўлга киритган зафарларига тан беришингиз аниқ.

Бухоро шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг илк синфларига қатнаб юрган Нигина иккала опаси Ҳокима ҳамда Зебунисоларнинг спорт тўгарагига қатнаб юрганида уларга болаларча ҳақли ҳавас уйғонганди. Қизлар машғулотлардан уйга келиб, мураббий топшириқларини бажаришар, сингил ҳам ўзи билганча уларнинг ҳаракатини такрорларди. Тақдирни қарангки, кейинчалик тўнғия қизлар айрим сабабларга кўра, спортни тарк этган бўлсаларда, аммо бугун Нигинанинг кундалик машғулотлари ва нуфузли мусобақалардаги иштирокида унга суянч ва таянч бўлиб келишмоқда.

Бир пайтлар опаларига эргашиб ташланган тетапоя қадамлар бугун шахдам тус олаётганлигидан ҳаммадан кўра кўпроқ ота-она хурсанд. Улар қалбида кенжа қиз тимсолида чин маънодаги умид куртаклари кўкара бошлади. Узоқ йиллар маданият соҳасида ишлаган камтарин ижодкор Шуҳрат Фармонов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Нигора опалар фарзандларидаги истеъдодни пайқагач, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, лозим шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилиб келишмоқда.

Мана уч йилдирки, Нигина уч карра жаҳон чемпиони, тажрибали устоз ва таниқли мураббий Комил Шукуров қўл остида шарқ яккакурашларидан бири саналган “ўзбек жанг санъати” билан мунтазам шуғулланиб келади. У қисқа фурсат ичида ижобий натижаларга эришди. Машғулотларга борар экан, ўтаётган вақтнинг қадрини билган ҳолда устози ўргатган яккакураш сирларини қунт билан ўзлаштира бошлади. Қатъий ҳужумга киришган бир паллада мустаҳкам ҳимояни ҳам ўринлатишни, шунингдек бир-бирини такрорламайдиган, анча мураккаб бўлган комплекс машқларни бехато, ўзига шижоат билан бажаради.

Яқинда ўтказилган мамлакат очиқ чемпионатида 38 килограмм вазнда тенгсиз эканлигини ҳаммага намойиш қилди. Шу йили мазкур спорт тури бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида қатнашиб, шахсий беллашув баҳсларида 2-ўринни, Конституция куни муносабати билан ўтган

Тўмарис кубогида иккала чиқишида ҳам, яъни шахсий комплекс баҳсларида ҳам, шахсий беллашувда ҳам фахрли 1-ўринни эгаллади. Ҳозирги кунга қадар беш карра Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлган бу қиз кўксини меҳнатларининг меваси – ўнлаб медаллар шодаси безаб турибди.

8-синфда таҳсил олаётган Нигина синф раҳбари Дилшода Тўйева ҳамда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Гулноз Юсуповалар келгусида ўз шогирдларидан жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини янада баланд кўта-ришини умид билан кутишади…

Ҳар тонг чиниқтирувчи машқларни бажариш учун ташқарига отланар экан, Нигина дилидаги улуғ ниятни яна бир карра ёдга олади: у ҳам бўлса чемпион ватандошлари сингари Осиё ҳамда жаҳон шоҳсупаларини забт этиш, Ўзбекистон байроғини янада юксакларга кўтариш…

Яхши ниятлар, эзгу тилаклар билан бошланган ҳар қандай ишнинг натижаси хайрли бўлади. Орзулари осмон Нигинага омад сени асло тарк этмасин, деймиз.