Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари Бухорода “Ёш қутқарувчи” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг туман (шаҳар) ҳамда вилоят босқичларида мамлакатимизда мавжуд 988 та ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидан жами 9011 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этган эди. Республика босқичида эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 14 та жамоа, 112 нафар ёш қутқарувчилар ўзаро беллашдилар.
Мусобақага ташриф буюрган иштирокчилар билан илк учрашув Бухоро Нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди. “Ким эдигу ким бўлдик” мавзусидаги ушбу учрашувда сўзга чиққанлар мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик мустақиллик туҳфа этган азиз неъматлигини, унинг қадрига етиб, жонажон диёримизни асраб-авайлаш ҳар бир ёшнинг муқаддас фуқаролик бурчи эканлигини таъкидлашди.
Шу куни меҳмонлар шариф шаҳарнинг муқаддас қадамжолари ҳамда улуғ ўтмишга кўприк қадимий обидлари бўйлаб саёҳат қилишди.
***
Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши ҳада Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танлов мақсади ёшларни руҳан ва жисмонан чиниқтириш, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиш кўникмаларини ўргатиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик ишлари самарадорлигини ошириш, ёш авлодни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турларини янада оммалаштиришдан иборатдир.
“Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий марказидаги ёшлар амфитеатрида бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари, полковник Комилжон Арипов мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида аҳолини фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва уларга қарши курашишнинг самарали тизими яратилганини, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими аҳоли ҳамда ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар сифати сезиларли равишда ошаётгани ва унинг мамлакатимиз миллий хавфсизлик тизимининг муҳим таркибий қисмига айланганини таъкидлади.
Шунингдек, кенг қамровли мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ўсиб камолга етаётган келажак авлодларга беллашувларда улкан муваффақиятлар тилашди.
Шу тариқа беллашувнинг республика босқичида иштирок этиш учун 14 та энг илғор жамоалар ўзаро куч синашди. Баҳслар жуда шиддатли, иштирокчиларнинг ҳар бир шартга жиддий ёндашуви ва жамоаларнинг жипсликдаги ҳаракатлари билан янада қизғин кечди. Мусобақа бешта беллашувни ўз ичига олган. Биринчи шарт фуқаро муҳофазаси юзасидан савол-жавоб, дея номланган бўлиб, иккинчи шарт эҳтимолий офатлардан жабр кўрганларни ва ярадорларни даволаш пунктига олиб ўтиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва танадаги турли жароҳатларни тезкорлик билан боғлаш ҳамда қутқарув гуруҳларини чақиришдан иборат бўлди. Дарёдан арқонлар ёрдамида ўтиш ҳамда белгиланган вақтда палатка ёйиш, фавқулодда вазиятларда кўп қаватли уйлар, яъни минорани ишғол қилиш, шунингдек, 60 метр масофага мураккаб тўсиқлар оша эстафетали югуриш шартлари ҳам қизғин таассуротларга бой бўлди.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлда қабул қилинган “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бир неча йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш қутқарувчи” мусобақалари орқали ёшлар ватанпарварлик, инсонийлик руҳида тарбияланишади, ҳар қандай вазиятларга шай туришга ўрганишади, – дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Шукуров, – Беллашув шартлари фавқулодда вазият ва табиий офатлар рўй берганда ҳаракатланиш тартибларидан иборат. Жамоларнинг олдиндан пухта ҳозирлик кўришгани аён. Кўриб турганингиздек, мусобақанинг республика босқичида иштирок этишга энг муносибларгина эга бўлишган.
Дарҳақиқат, шунинг учун ҳам томошабинлар назарида ғоятда қийин кўринган шартлар иштирокчилар томонидан тезкор машқлар орқали осон бажарилди. Барча машқлар реал вазиятга яқинлаштирилган ҳолатда ўтказилганлиги боис, баҳслар янада кескин тус олди. Ёшлар соҳа мутахассисларига хос шижоат, матонат ва эпчиллик кўрсатиб, кузатувчи ва ҳакамлар ҳайъатининг олқишларига сазовор бўлишди. Энг қизғини, муросасиз беллашувларнинг охирги машқи бажарилгунга қадар ғолиб ким эканлиги номаълум бўлиб турди.
-Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу мусобақа ёшларнинг билим савиясини ошириш, фавқулодда ҳолатларга нисбатан ўз кўникмасини шакллантириш, шунингдек, тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади,-дейди Бухоро вилоят ФВБ аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази бошлиғи, майор Дониёр Каражонов,- ҳар бир иштирокчида ғолиблик сари интилиш шиддати жуда юқори. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун шундай тадбирлар ўтказиш фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса, одамлар соғлиғини сақлаш, атроф-муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талофатлар миқдорини камайтиришга хизмат қилади.
Илк савол-жавоб шартини бажариш сурхондарёликларга бироз қийинчилик туғдирган бўлса, Қорақалпоғистоннинг “Турон” жамоаси билимда зукко эканлигини намоён этди. Навоий вилоятининг “Қалқон” жамоаси иштирокчилари ушбу шартда “Энг билимдон” номинациясини қўлга киритишиб, билимда зукколикдан бошқа жамоалардан устун туришларини намоён этишди. Тезкор тиббий кўмак кўрсатиш шарти ҳам ғоятда қизғин баҳсларга бой бўлди. Бири-биридан чаққон ва эпчиллар сирасини Хоразмнинг “Бургутлар” ҳамда Фарғонанинг “Халоскор” жамоалари тўлдиришган бўлса-да, пешқадамлик Бухоронинг “Шижоат” жамоасига насиб этди. Мазкур жамоа “Энг яхши тиббий ёрдам кўрсатган жамоа” номинациясига эга бўлди.
“Сомонийлар” маданий истироҳат боғида ташкил этилган мазку беллашувларнинг “Дарёдан арқонлар орқали ўтиш” шартида ёш қутқарувчилар жисмоний ва руҳий тайёргарлик мустаҳкамлигини, чидамли ва матонатли эканликларини намоён этишди. Ушбу шартда Тошкент вилоятининг “Кимёгар” ҳамда Самарқанднинг “Амир Темур ворислари” жамоаси шижоат кўрсатди. Жиззах “Қутқарувчилар”и ҳам ушбу шартда ўзларини намоён эта олишди.
Тошкент шаҳри “Фидокорлар”и барча шартларни муваффақият билан бажаришди. Ушбу жамоа иштирокчилари, айниқса, мураккаб тўсиқлар оша эстафетали югуришда рақиб жамоаларнинг эътиборини қозонишди. Ва “Энг ҳамжиҳат жамоа” номинациясига эга бўлишди.
-Биз ҳам фақат ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик, – дейди мазкур ушбу шартда алоҳида кўрсаткичга эга бўлган Қорақалпоғистоннинг “Турон” жамоаси аъзоси Сарбиназ Қутлимуратова, – Спорт билан пухта шуғулланиб, тез ва чаққон ҳаракат қилиш машқларини ҳамда усулларини ўргандик. Ўзаро ёрдам, жамоамизнинг жипслиги ва аъло кайфият энг яхши натижаларга эришиш имконини берди. Мен “Энг яхши қутқарувчи қиз бола” номинациясига эга бўлган бўлсам, сурхандарёлик тенгдошим “Лочин” жамоаси аъзоси Жаъфар Жабборов “Энг яхши қутқарувчи ўғил бола” номинацияси билан рағбатлантирилди.
Ҳақиқатан ҳам, “Ёш қутқарувчи”га тайёргарлик жараёнларининг ўзиёқ иштирокчиларнинг спортнинг турли йўналишлари бўйича жисмоний ва руҳий чиниқтиргани аён. Зеро, қизу йигитлар барча шартлар бўйича бир хил шижоат ва ғайрат кўрсата олишди.
Вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ўқув-амалий майдонида бўлиб ўтган фавқулодда вазиятларда минорани ёки кўп қаватли бинони ишғол қилиш шартида иштирокчи жамоалар арқон ёрдамида юқорига кўтарилиш ва қайтиб тушиш усулларини жанговар ҳамда тезкор равишда амалга оширишиб, томошабинлар диққатини ўзларига жалб этишди. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри жамоалари, Самарқанднинг “Амир Темур ворислари”, Наманганнинг “Ўзбегим ўғлонлари” муносиб кўрсаткичларга эга бўлишди.
Шу ўринда айтиш жоизки, мусобақага ташриф буюрган жамоалар барча шартларда бир-бирларидан устунликларини намойиш эта олишди. Бу, албатта, мусобақанинг йилдан-йилга нуфузи ошиб бораётганидан далолат. Ҳар бир жамоа ўзига хос номинациялар: Навоийнинг “Қалқон” жамоаси “Жамоанинг энг яхши шиори” номинацияси, самарқандликлар “Энг яхши клуб фаолияти ёритилган фотоальбом”, Андижон “Темурийлари” “Энг яхши клуб формаси” ва бошқа жамоалар “Фаол иштирок учун” номинациясига эга бўлишди.
Мусобақада биринчи ўринни қўлга киритган Бухоронинг “Шижоат” жамоаси ҳар бир аъзоси замонавий телевизор, худди шуниндек, иккинчи ўрин совриндори Тошкент вилоятининг “Кимёгар” жамоаси ҳар бир аъзоси энг сўнгги моделдаги “Планшет” ва учинчи ўринга сазовор бўлган Тошкент шаҳар “Фидокорлар”и аъзолари замонавий қўл телефонлар билан тақдирланишди.
Бундан ташқари, мусобақада қатнашган 112 нафар иштирокчи ҳамда мураббийлар ҳам қимматбаҳо совға ҳамда дипломларга эга бўлишди.
Мусобақанинг байрамона тантанали ёпилиш маросимида иштирокчилар замонавий куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлишди.
Лайло ҲАЙИТОВА.