НУРОТАЛИК КУЛОЛЧИЛАР

Фестивалга ташриф буюрган меҳмонлар орасида нуроталик кулолчилар алоҳида ажралиб турди. Эътиборли жиҳати, улар орасида Нурота туман ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Жавлонбек Холниёзов ҳам бор. Ёш истеъдод соҳиби устози тажрибали ҳунарманд, рассом ва кулол Баҳодир Сарибоевдан кулолчилик ҳамда тасвирий санъатнинг миниатюра сир-асрорларини чуқур эгаллаб бормоқда.

-1987 йилдан бери шу соҳа билан шуғулланаман, – дейди Баҳодир Сарибоев, – ҳозирда шогирдларимнинг сони 50 дан ортиқ бўлиб, ҳаммаси ишининг устасига айланган. Ниятим шогирдларим юрт корига ярайдиган, Ватанимизнинг асрий қадриятларини бутун дунёга таратадиган малакали мутахассис бўлиб етишига ишонаман.