ОЛАМНИ МАҲЛИЁ АЙЛАГАН ДИЁР

Бугун айни шу мақсадлар йўлида кўплаб салмоқли ишлар ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.  Ҳар йили Бухоро шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ипак ва зираворлар” Халқаро туристик фестивали ҳам ана шу ишларнинг кўринишидир. Йилдан йилга қамрови кенгайиб, юртимиз ҳунармандларини, балки чет мамлакатлар усталарини ҳам ўзида бирлаштираётган ушбу тантана чин манода минг йиллик қадрият ва анъаналаримизнинг замонавий талқинидир.

Фестиваль доирасида ташкил этиладиган турли тадбирлар, палов сайллари, миллий ўйинлар ва миллий либослар намойишлари, ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ва бадиий жамоаларнинг қадриятларимиз тарғиботига бағишланган бадиий чиқишлари тантанадан мақсад фақат ипак ва зираворлар савдосини ташкил этиш эмас, балки мамлакатимизнинг туристик имкониятларини сайёҳларга таништиришдан ҳам иборатдир. Кўплаб сайёҳларнинг сўзларига кўра, ўз саёҳатларини айнан шу фестиваль ўтказиладиган саналарга қараб белгилашар экан, бу эса мазкур тадбирнинг шаҳримиз туристик ривожидаги салоҳиятли ўринга эгалигини кўрсатади.

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган шариф шаҳримизга катта карвон кириб келди. Қадим шарқу ғарбни маҳлиё этган майин ипак матолар, донғи етти иқлимни тутган ноёб зираворлар ушбу карвоннинг бебаҳо бойлигидир. Мана ўн беш йилдирки, сўлим эски шаҳар бўйлаб ўз мўъжизаларини, рангида қуёшимиз, фусункор табиатимиз ва чексиз саҳроларимиз жилосини акслантирган матоларини, минг дардга даво саналган хушбўю хуштаъмликда тенгсиз, қайнаб турган сувга бир чимдим солсангиз, шоҳона овқат пайдо қиладиган зираворларини кўз-кўз қилади.

Ушбу тантанага ёшу қари унга бирдек ҳозирлик кўради. Карвон қадам қўядиган кўчаларимиз тўй олдидан ойнадек қилиб қўйилгани, тарихий биноларимизнинг асрий салобатига замонавий жило ҳамоҳанг этилгани кишида халқимизнинг меҳнатсевар ва меҳмондўст эканига шубҳа қолдирмайди.

Асрий анъаналаримизнинг яна бир айёми барчага муборак бўлсин!