Мамлакат иқтисодиёти улкан бир механизм бўлса, бу машинанинг тўхтовсиз ҳаракатини ва келажак истиқболини белгиловчи асосий ғилдираклардан бири бу туризмдир. Шу боисдан ушбу соҳани янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқувчи мутахассис кадрларни тайёрлаш масаласига дунёдаги барча давлатлар сингари Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, соҳани тараққий эттириш учун жаннатмакон заминимизда барча имкониятлар мавжуд. Жумладан, тарихий саёҳат ихлосмандлари учун очиқ осмон остидаги музей шаҳарларимиз, табиатсеварлар учун эса эко-туризм масканлари бўлган сўлим водий ва воҳа манзаралари ҳамиша мунтазир. Фақат бу имкониятлардан тўғри фойдалана олиш, уларни янада бойитиш ва Ватанимизнинг туристик салоҳияти дунёда ушбу соҳада етакчилик қилаётган ҳеч бир юртдан кам эмаслигини кўрсата олишимиз лозим.