Бола боғча эшигида қоладиган энг катта омонат

Намангандаги 5 ёшли қизга нисбатан қилинган жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолат https://xabar.uz/hc5m жуда кўп саволни муҳокамага чиқарди: ота-она фарзандини боғчага топширганда, уни кимга ишонади?

– Бундан кейин уйда ўтирасан, қизимизни боғчага бермаймиз. Ўзим рўзғорни бир нави қилиб тортарман, онаси…

– Ўзимам қўрқиб қолдим, дадаси. Аммо, қийналиб қоласиз-да?

– Э-э, ҳечқиси йўқ. Ҳали у боғчада зўравонлик, ҳали бу боғчада калтаклаш, энди буниси жуда ортиқча… Хавотирдаман!

Бу оддий оилавий суҳбатдек туюлади. Аслида эса бу бугун кўплаб ота-оналарнинг ичидан ўтаётган қўрқувнинг овози.

Юқоридаги вояга етмаган қизга жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги хабар жамоатчиликни ташвишга солди. Айниқса, ҳар куни фарзандини боғчага етаклаб борадиган ота-оналар учун бу воқеа «Болам у ерда хавфсизми?”- деган саволни янада қаттиқроқ қўйди.

Ота-она боласини боғчага олиб боради. Эшик олдида унинг қўлидан ушлаб, кийимини тўғрилайди, пешонасидан ўпади.

– Яхши ўтиргин, болам, мен сени кечқурун олиб кетаман.

Бола бунга ишонади. Ота-она эса тарбиячига, мудирага, муассасага, болани ҳимоя қилиши керак бўлган бутун тизимга ишонади. Аммо, бола ҳар қандай хавфни катталардек англай олмайди. Ўз ҳуқуқини талаб қилиш имконидан йироқ. Қўрқса, кўпинча жим ўтиради. Уялса, гапирмайди. Нима бўлганини тушунтиришга сўз тополмаса, воқеани ичига ютиб юради. Шунинг учун боғча эшигидан кирган бола билан бирга катта масъулият ҳам муассаса ичига киради.

Ривоятлардан бирида бир куни бола отасидан сўрабди:

– Ота, одамлар нега катта бўлгач, ҳамма нарсани биладиган бўлиб қолади?

Отаси:

– Чунки, улар кўп нарсани кўрган бўлади,- деб жавоб берибди.

Бола бироз ўйлаб туриб:

– Унда нега катталар болаларни эшитишмайди? Биз улар кўрмаган нарсани кўрган бўлишимиз мумкин-ку?-дебди.

Ота жим қолибди.

Бу кичик ривоятда катта ҳақиқат бор: бола ҳам кўради, сезади, қўрқади, оғрийди. Фақат уни катталардек ифода эта олмайди. Шу боис, боланинг жимлигини «ҳаммаси жойида», деб тушунмаслик керак.

 

Бола ишонади. Катталар-чи?

Яқинда бир ёш она айтиб берган воқеа ҳам шу ҳақда ўйлашга мажбур қилади. Унинг айтишича, фарзанди бир неча кун давомида боғчадан уйига қўрқиб қайтган. Боғча опа унга бақирган, ҳатто: «Онангга айтсанг, сени ўлдираман»,-деб қўрқитган ҳам. Боғча опа буни инкор қилиб: «У бир бола бўлса, шунга ишонасизми!» – деган. Аслида эса бола тўғри гапирган. Унинг қўрқуви бекорга эмаслиги маълум бўлган.

– Ҳартугул, ҳолатни ойдинлаштиришга тиш-тирноғим билан киришишга мажбур бўлдим. Боғча опа фақатгина менинг боламни эмас, бошқа болаларни ҳам қўрқитиб, камситиб, уларга бақирар экан..,- дейди ёш она куйиниб.

Бугун қайсидир бир ота-она овоз чиқараётган бўлса, уни «шантажчи», «шовқин қилади», «ишни катталаштиряпти», деб унинг атрофидан қочишга уринишади. Аслида, бунга фарзанди учун хавотирланаётган ота-она, деб қараш керак, назаримда. Энг оғир ҳолатларда ҳам болалар баъзан воқеани айтишга қийналади. Бола гапирганида, унинг овози катталарнинг овозидан паст бўлмаслиги керак. У қўрқиб эмас, ишониб гапирса, жамоатчиликни ташвишга солаётган боғчалар «ичкариси»даги оғриқли ташвишларга ечим топилади.

Боғча, деганда кўз олдимизга ранг-баранг деворлар, ўйинчоқлар, гуруҳ хоналари, ётоқхона ва ошхона келади. Бола учун эса боғча фақатгина деворлардан иборат эмас. У ерда унинг бутун куни ўтади. Бола у ерда овқатланади, ухлайди, ўйнайди, қувонади, йиғлайди, қўрқади. Шу сабабли боғчадаги ҳар бир катта одам бола ҳаётининг бир қисмига масъул. Тарбиячи бола олдида шунчаки ходим, мудира эса шунчаки раҳбар эмас. Тизимдаги ҳар бир шахс болалар хавфсизлигининг бир қисми. Агар шу қисмлардан бири ўз вазифасини бажармаса, муаммо битта хонада қолиб кетмайди, у бутун бошли тизимга таъсир кўрсатади.

Намангандаги ҳолат жамоатчиликнинг эҳтиросли муносабатидан кўра, кўпроқ саволларни келтириб чиқармоқда. Воқеа қачон ва қаерда содир бўлган? Унда кимлар иштирок этган? Ҳодиса бўйича ким биринчи бўлиб хабар берган? Наҳотки, боғча раҳбарияти воқеа ҳақида гўёки, кейин эшитган? Нега мудира бола билан боғлиқ ҳолатни очиқ-ойдин ўрганиш ўрнига «ишни ёпишга», уни яширишга уринган? Айбсиз бўлса, нега текширувдан қўрқиш керак? Нега ҳақиқат аниқланишидан эмас, унинг ошкор бўлишидан хавотирланиш керак?

Вояга етмаган қизалоқнинг ёлғиз ўзи ташқарилашга чиқса-ю, тарбиячи хабарсиз қолса: у қачон чиқиб кетган, қачон ва қандай аҳволда кириб келаяпти, у ҳеч нима билмайди – гўёки. Наркотик модда қабул қилган хўжалик бўлими мудири бу жинсий зўравонликни такроран содир этиб келган-у боғча мудираси билмайди – гўёки. Ишга қабул қилинаётганда, хўжалик бўлими мудирининг қайси жиҳатлари қўллаб-қувватланиб, муносиб вазифага қўйилган? Вазиятдан силлиқ чиқиб кетишга уринаётган боғча мудираси ҳеч ўз фарзанди ёки неварасини шундай аҳволда кўз олдига келтирармикин?

Ҳар қандай гумонли ҳолатда биринчи вазифа, албатта, боланинг хавфсизлигини таъминлаш, воқеани холис ўрганиш ва қонун талаблари асосида барча дахлдор шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилиши.

 

«Бости-бости» болани ҳимоя қилмайди

Болаларга нисбатан зўравонликнинг энг хавфли кўриниши уни яширишга уринишдан иборат. «Оилавий гап», «Бола нотўғри тушунган», «Ишни катталаштирманг», «Обрўйимизга путур етади» каби ёндашувлар муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, бундай ёндашув муаммони кейинги болага олиб ўтади.

Маълумки, Ўзбекистонда 2024 йилда «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда болаларни зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоя қилиш, хавф остидаги болаларни аниқлаш ва ваколатли органларни хабардор қилиш механизмлари белгиланган. Худди шунингдек, 2026 йил, 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сон Қонун билан https://xabar.uz/ocup таълим ва тарбия ташкилотларида болага нисбатан жисмоний зўравонлик, камситиш ёки хўрлаш учун янги жавобгарлик чоралари белгиланди. Ушбу қарор болага қўл кўтариш, уни таҳқирлаш ёки руҳий босим ўтказиш «тарбия усули” эмаслигини кўрсатади.

Демак, болага нисбатан зўравонлик фақатгина тан жароҳати етказиш билан ўлчанмайди. Уни қўрқитиш, хорлаш, камситиш ҳам жиддий масала. Амалдаги қонунчиликда ҳам болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш принциплари белгилаб қўйилган. Демак, қонун ҳам масъулиятни кучайтирмоқда.

 

Бола ҳуқуқи чўнтакка қараб…ми?

Муаммо фақат зўравонлик билан ҳам чекланмайди. Хусусий ёки давлат боғча бўлишидан қатъий назар, таниш-билишчилик, «навбати ҳали келмади» деган баҳоналар, имконияти чекланган оилалар фарзандларининг боғча эшигидан қайтиши ҳам бола манфаатига зид ҳолат. Чунки, бола ота-онасининг таниш-билиши, ижтимоий мавқеи ёки чўнтагига қараб, баҳоланмаслиги керак. Боғча эшиги олдида барча бола тенг бўлиши шарт: бу эшик олдида бир боланинг отаси кимлиги, қанча пул топиши ёки кимни таниши эмас, боланинг ўзи муҳим. Буни ҳалигача англаб етмаган муассасалар йўқ эмас. Чўнтаги бақувватнинг фарзанди учун очилган эшик қўли калта оиланинг боласи учун ёпилган, таниш-билишчиликни бола ҳуқуқидан устун қўйган муассасалар ҳали ҳануз «тирик». Боғча, кимнингдир имтиёзи эмас, ҳар бир боланинг тенг ҳуқуқи ва хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган жой. Бирининг отаси мансабдор, бирининг отаси ишсиз бўлиши мумкин. Бирини онаси қиммат машинада олиб келади, бошқаси эса фарзандини пиёда етаклаб келади. Аммо, ҳар икки боланинг ҳам ҳуқуқи ва хавфсизлигининг таъминланиши бир хил. Бу жиҳатларга кўз юмилаётгани эса, албатта, муассаса ичкарисидаги оғриқли масалалар. Бундай ички тўсиқлар етарли бўлмагандай, жисмоний заиф болага зўравонликлар одамларнинг сабр косасини тўлдирмай қўймайди.

 

«Менинг болам эмас-ку…»

Жамиятда бир оғриқли муносабат бор: «Менинг болам эмас-ку…»

Аммо, бугун бировнинг фарзанди бўлган бола эртага сизнинг, менинг, қўшнимизнинг фарзанди бўлиши мумкин. Шунинг учун бола ҳуқуқи фақат ота-онанинг эмас, бутун жамиятнинг масъулияти, деб бежизга таъкидланмаган.

Ота-она боғчадаги фарзандининг ҳар бир дақиқасини кузатиб ўтира олмайди. У ишлайди, тирикчилик қилади, рўзғор тебратади. Шу пайтда фарзандини боғчага ишониб топширади.

Демак, ота-она боғча эшигидан чиқиб кетган пайтда унинг масъулияти йўқолмайди, аксинча, у масъулият муассаса зиммасига ўтади.

 

***

Ҳар куни эрталаб ота-она фарзандини боғча эшиги олдига олиб келади. Бола қўлида кичик сумкача. Ичида кийим, ўйинчоқ, дафтар. Аммо, ота-она боғча опа сумкачадан кўра, каттароқ нарсани топширади. Ишончини. «Боламни асрайсиз» – деган ишончни. Бола эса эшикдан кириб кетади. У катталарга, тарбиячига, боғчага ишонади. Бола ишончини масъулият билан ҳис қилиш эса бутун тизимнинг бурчи.

Намангандан мудҳиш ҳолатдан кейин энг катта савол: «Айбдорларга неча йил берилади?» эмас, «Эртага бошқа бир бола шу ҳолатга тушмаслиги учун бугун тизимда нимани ўзгартирамиз?”- деган ҳақли савол туриши керак. Чунки, бир боланинг тақдирига етган зарарни энди орқага қайтариб бўлмайди. Бироқ, унинг оғриғи бошқа болаларни асрашга сабоқ бўлиши лозим. Бунинг учун эса бола гапирганда, уни эшитиш, қўрққанида уни ҳимоя қилиш ва катталар хатосини «бости-бости» қилмаслик энг тўғри йўл.

 

5 ёшли қизалоқ тақдири билан боғлиқ жиноят аллақачон ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳоланган. Албатта, мансабдор ёки масъул шахс ўз вазифасини тўлақонлик бажармаган бўлса , у ҳам қонун доирасида баҳоланади. Энг муҳими, айбдорларни суд ва ваколатли органлар аниқлайди. Жамоатчилик эса ҳақиқат, шаффоф текширув ва бола манфаатлари ҳимоя қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Эртага бундай ҳолат такрорланмаслиги учун боғчаларда ички назорат қандай ишлаши, ходимлар болалар билан муомала қилиш бўйича қандай тайёргарликдан ўтиши ва ота-онанинг шикояти қайси тартибда кўриб чиқилиши аниқ белгилаб қўйилиши керак. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида маълумот олган масъул шахснинг ҳаракатлари ҳам, воқеани яширишга уринган ходимнинг жавобгарлиги ҳам очиқ ва шаффоф бўлиши шарт. Чунки, битта айбдорни жазолаш билан муаммо тугамайди. Тизим сабоқ олмаса, бу ҳолат яна қайтарилиши мумкин.

Бола боғча эшигида қолдириладиган энг катта омонат экан, уни асраш, масъулиятни ҳис қилиш ҳар бир ходимнинг бурчи ва у бунга жавобгар. Омонатга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Лайло Ҳайитова