Чанг кўчаларингдан айланай, қишлоқ!

Қумтупроқ йўлда оёқяланг бўлиб олиб, бўйи баробар қум чангитиб, ёғочни «от» қилиб, югуриб келаётган болаларни кўриб, кўз тўймайди. Чувиллашиб келаётган болалар шу кўйи ўзларини қишлоқ ўртасидан оқиб ўтаётган лойқа сувли ариққа отишади. Ариқдан чиқа солиб, майсалар устида ўмбалоқ ошишади… Жуда гўзал манзара!

Одатда кўпчилик қаттиқ қишлоқ ҳаётидан ўзини орқага тортади. Шунинг учун ранги униққан кўйлакларидан тутун ҳиди анқиб турадиган холалар мол тезагидан таппи қилишга мажбур бўлишади. Тўғри, шаҳар иқлими сизга янгидан янги енгилликлар, қулай имкониятларни беради. Лекин, қишлоқда ҳаммаси бошқача.

Қишлоқда тонг саҳарлаб уйғониб, ишни тугаллаётганингизда шаҳарликлар еттинчи осмонида туш кўраётган бўлади. Қулоғи бураб қўйилган бўлса-да, фалон пуллик будильникларнинг эгасини уйғотишга “дух”и етмайди. Қуёш ғазабланиб, бошининг устига келсагина тўшагидан зўрға уйғонади аксар аҳли шаҳар.

Бувим: “Қуёшдан кейин турсанг, майитлар қаторига қўшиласан, қанча вақтли турсанг, елкангга фаришталар қўниб ишингнинг омади чопқиллайди, унум бўлади,” – дердилар.

Шаҳарнинг қулайлигию имкони, ўша 24 соат “вип” бўладиган свет, гази ўз йўлига. Балки, шунинг учун табиатнинг қайноқ меҳрини, нафасини ҳис қилишдан, овозини тинглашдан мосуво бўлишади баъзи шаҳарликлар… Бунинг учун қишлоқ одамларидаги соддалик-оддийлик, беғуборлик керак, бу “рецепт” эса уларнинг ҳаммасида ҳам йўқ.

Қишлоқ… Бу ерда текис асфальт ётқизилмаса-да бағрини ерга бериб ётган лаппак тошлар бора-бора одамларга фойдам тегсин, маъносида текислайди ўз-ўзини (балки, қадамлар зарбидан текисланар у тошлар, ким билади, дейсиз), аммо тили эндигина чиқаётган гўдаклар устини кир қилиб, тупроқда эмаклаб юришни машқ қилиши учун энг яхши жой – бу қишлоқ. Янги тушган келинчакнинг уялиб, қизариб тонг саҳарда кўча супураётгани тасвири билан янада гўзаллашади қишлоқ. Онасининг елинларидан баҳраманд бузоқчанинг “кўрсатиб қўяман ҳали” қабилидаги эркаланиб, ер тепишларини ҳаяжон билан фақат қишлоқда кузатса бўлади. Осмонўпар биноси бўлмаса бўлмасин, лекин ака-ука, опа-сингилчалар кир кўйлакчаларини ўйнатиб, варрак учирса бўладиган кенглиги бор қишлоқнинг. Кўнгил яйрайди, кўз қувнайди, руҳият тинчиб, роҳатланади киши.

Қишлоқда меҳр сероб, олтмишдан ошган кампир ҳам меҳри товлаб набирасини опичлайди, уради-чертади (албатта, яхши бўлсин, деб).

Қарангки, қишлоқда оналар, опалар киприк уламайди, андакка соч бўямайди, тирноқ қўймайди, баланд пошна киймайди. Чунки, билишади: тандирга кирса, улама киприкларининг, чангда юрса, бўялган сочларининг, хамир қорса, кир ювса, тирноқларининг, қишлоқнинг ўнқир-чўнқирида юрса, баланд пошнасининг бир тийинлик қадри қолмайди…

Баъзан ернинг энг яхши оналари қишлоқ аёлларимикин, деган хаёлга ҳам бориб қоламан (аслида, оналарнинг ҳаммаси яхши) Ҳатто, буни эътиборсизликдан эмас, ташвиши кўплигидан ўзи учун вақт ажратолмайдиган мунисаларимизнинг бошидаги эгри боғланган рўмоллар билдириб қўяди.

Оталар-чи? Улар ҳам шундай, шубҳасиз. Айниқса, далани иккинчи уйи, деб билган оталар… Пешонасидан оққан ҳар томчи тер учун минг рози фарзандларини, деб. Шунга яраша жажжи қўлчалари билан дадасининг терлаган бўйнидан энтикиб қучиб олган қизалоқнинг зум ўтмай, ўша қўлчалари билан отасининг пайпоғини чала бўлса-да, меҳр билан юқишлари… энтикиб кузатасан қишлоқ ҳаётини..

Сабр қилиш нималигини ўргатади, меҳр-оқибат, самимиятдан дарс беради қишлоқ…

Жасмина Жамолова,

Ромитан туманидаги 

“Фарҳод Фармон хусусий мактаби” ўқувчиси.

«Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз»

Давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган Янги йил байрами табригида 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилганлиги бизга, яъни Ёшлар ишлари агентлиги вакилларига алоҳида масъулият юклайди. Йил бошидан ана шу масъулиятни ҳис қилиб ишга киришдик.

Янги йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Жумладан, “Омбор дафтари” шакллантириладиган бўлди. Бу ҳар бир йўналиш бўйича, яъни оғир тоифадаги ёшлар бўладими, иқтидорли йигит-қизларми ёки хорижда меҳнат қилаётган ёшларми, уларнинг муаммоларини ечиш, қизиқишлари бўйича кўмак кўрсатишга хизмат қилади.

Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ўғил-қизларга таянишимиз бугунги давримизнинг талабидир.

Барчамиз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган янги муҳит ва шароитларга мослашиб, ўз танлаган йўлларидан оғишмай қадам ташлашлари учун тиргак бўлишимиз лозим. Ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун ёшларга кенг имкониятларни яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – бугун ҳар қандай даражадаги раҳбар олдида турган энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

 

Сирожиддин Умуров, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги  Ёшлар парламенти аъзоси