Давронлар ўзгаради, бошлар эгилади, давронлар ўзгаради, тошлар емирилади. Аммо, тошлар шундай қудратга эгаки, улар гўё абадиятдан ҳикоялар сўзлаётгандек. Тафаккур қилинса, тошлар бизга ҳикмат сўзлайди. Фақат, унинг мағзини чақиб олиш, идрок этиш лозим. Шу маънода Сурхондарёнинг Бойсунидаги Тешиктош ғори мана неча асрларки, одамларга ўзликни англаш билан боғлиқ сабоқ беради.
Тешиктош ғори Бойсун тоғ тизмасидаги ғорда жойлашган бўлиб, ғор Мачайдаги Зовтолош сой дарасида денгиз сатҳидан 1500-1600 метр баландликда жойлашган. Унинг буйи 7, эни 20, узунлиги эса 21 метрни ташкил этади. Ғорнинг шифти тешик бўлгани учун гулхан ёқилса, тепадаги туйнукдан чиқиб кетаверган. Ғорда 1,5 метр қалинликда 5 маданий қатлам бўлиб, ҳар қатламдан биттадан, баъзиларида эса иккитадан, диаметри 40 сантиметр, сатҳи 2 метрга етадиган гулхан қолдиқлари топилган.
Айниқса, Тешиктош ғоридан топилган қадимги одам қолдиқлари халқимизнинг қадим илдизларга эга эканини ифодалайди. Бу ерга ҳар йили кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.
Тешиктош ғори шунчаки сайёҳлар учун томоша маскани эмас, балки илмий доира вакилларини ҳам доимий мулоҳазага, мунозарага чорлаб келади. Археолог Окладников бу ғордан 8-9 ёшли боланинг бош ва склет суякларини топган. 1949 йилда антрополог Герасимов бош суяги асосида Тешиктош одамининг юз тузилишини тиклаган. 1973 йили антрополог Алексеев Тешиктош одамини тўла ўрганиб чиққан. Унинг фикрича, склет аёл кишиники бўлиб, инсон еволюциясининг неандертал фазасига мансуб. Шундан сўнг, инсоният тарихида сўз борганида , албатта, тешиктош ғори тилга олинади.
Бугун юртимизда тарихни ўрганиш, уни тадқиқ этиш борасида катта ишлар олиб борилмоқда. Илмий изланишлар албатта олға сурилаётган фаразларга ойдинлик киритади. Аммо, неандертал боладай қадимий одамзод наслининг айнан юртимизда топилгани барчамизга ифтихор бағишлайди. Зотан, дунё тамаддунига ўз ҳиссасини қўшган она заминимиз, одамзоднинг илк наслини ҳам ўз қучоғида улғайтирган, камол топдирган.