“BUXORO YOSHLARI” СИЗ БИЛАН: “ОБУНА-2021” ТАШАББУСКОРЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Эътибор ва рағбат, нафақат, ижодкорни, балки жилла қурса, ижодкорни қўллаб-қувватлаган ҳар қандай кишини ҳам илҳомлантириши, шубҳасиз.

“Buxoro yoshlari” газетаси 2001 йили нашр юзини кўрган. Илк давридаёқ ўз ўқувчиларини топган, талабаларнинг олтин дамларида қўлма-қўл бўлиб ўқилган. Ёши каттаю-кичикнинг кўнглини ром этган. Шукурким, ҳалиям шу залворини йўқотмади. Сифат, дизайн ва мазмунан анча ўсди. Қамрови, биргина вилоятмас, қўшни ҳудудлар ижодкорларини ҳам ўз сaҳифаларининг меҳмонига айлантирмоқда.

Бошқа нашрлар қатори, газетачиликнинг оғир, синовли ва залворли кунларини ҳам бошидан ўтказмоқда. Амал-тақал қилиб, 1000 донаданми ошдик. Шунгаям хурсанд бўлдик. Ҳарқалай, Таҳририят ходимларига “тоғ” яратиб беролмасак-да, ҳарна, газетанинг “ўлмай”, ўз вақтида газетхонлар қўлига етиб боришига етади. Обуна бўлганларнинг эшигига газетамиз сонларининг кириб борганининг ўзи биз учун байрам. Шеъру ҳикояси, мақолаю хабари чиққан ўқувчимизнинг “Уре, менинг ижодим чоп этилибди” дея шеригига газетамизни кўрсатиб қўйгани бизни ўн карра хурсанд қила олади.