Ҳозирги вақтда юртимизда айни пишиқчилик мавсуми. Ҳадемай ёзнинг жазирама кунлари бошланади. Бу даврда аҳоли, айниқса болалар ўртасида авж оладиган мавсумий юқумли касалликлар бор. Шулардан бири — ўткир юқумли ичак касалликлари яъни ўткир диарея. У халқ орасида ичбуруғ ҳам деб аталади.
Беморларда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриши, дам бўлиши каби симптомлар кузатилади.
Ўткир диарея бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин.
Касалликни даволашда ҳар бир дақиқанинг аҳамияти катта. Яъни беморга қанча эрта ташхис қўйилиб, муолажа қанча тезроқ бошланса, натижа шу қадар самарали бўлади.
Хўш, ушбу хасталик қандай келиб чиқади? Унинг ўзига хос белгилари нималардан иборат? Қандай хавфли асоратлари мавжуд? Касалликни юқтирмаслик учун нималарга эътибор бериш керак?
— Ёз кунларида очиқда қолган таом ва егуликлар сифати жуда тез бузилади,
— Айниқса, сут ва сут маҳсулотлари қисқа муддатда айниб қолиши мумкин.
Бундан ташқари, касаллик келиб чиқишига асосан гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Масалан, болалар баъзан кўчадан уйга киргач ва овқатланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади.
Ҳўл мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал уларни яхшилаб чайиш ҳам кичкинтойларнинг доимо хаёлига келавермайди. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, салмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларни қўзғатади.
Яъни организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубатцион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади.
Касаллик юкмаслиги учун: Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига қараганда саломатликни асраш 10-15% тиббиёт ходимларининг хизмати, 65-70% ҳолатларда эса, кундалик соғлом турмуш тарзимизга боғлиқ. Шунинг учун, ўткир юқумли ичак касалликларидан сақланишда:
-Сувни қайнатилган ҳолда ичиш керак.
– Биринчи галда озодаликка риоя қилиш. айниқса кўлларни овқатдан олдин ва ҳожатдан кейин совунлаб ювиш зарур. Умуман ишда, жамоат жойларда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш керак.
-Бозорлардан ҳўл меваларни харид қилаётганингизда таъмини татиб қурмаслик, аксинча меваларни яхшилаб ювиб истеъмол қилиш.
– Яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар, ҳамда ҳар хил турдаги салатларни истеъмол қилмаслик,
– Рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзаларида чўмилмаслик ва рухсат этилган сув ҳавзаларида эса сувларнинг тозалигига ва чўмилиш жараёнида сув ютмасликка эътибор бериш керак.
– Совутгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулотларни ўз вақтида истеъмол қилиниши ва тез-тез янгилаб турилишига эътибор бериш;
– Қовун-тарвузларни кесишдан олдин уни оқар сувда тозалаб ювиш керак;
– Ҳўл мевалар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сувни ичиш, ёки овқатланиш тартибига риоя этмасдан ёғли овқатлар билан бирга истеъмол қилмаслик керак.
Қўлларни совунлаб ювиш, мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш фақат қайнатилган сув ичиш касалликни олдини олишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Озиқ-овқат маҳсулотларини ва истеъмол қилинадиган сувни очиқ қолдирманг. Болаларда бармоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш; кўлларни сўриш, тирноқларнитишлаш каби одатларни шаклланишига йўл қўйманг. Болаларни сўрғичга ўргатманг. Ҳожатхоналарни тозалигига эьтиборли бўлинг ва хлорли оҳак билан доимо зарарсизлантириб туринг. Пашшаларнинг кўпайишига йўл куйманг. Беморнинг идиш-товоқларини алоҳида тутинг. Идишларни, беморнинг ўйинчоқларини, ҳожатхона анжомларини, буюмларини доимо зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида ювинг. Бунинг учун ҳозирги кунда замонавий зарарсизлантирувчи воситалар мавжуд. Барчамиз фарзандларимиз соғлиғи учун масъулдирмиз. Уларни кичиклигидан шахсий гигиена қоидаларига ўргатишимиз керак.
Шундагина, Сиз уларни нафақат ўткир юқумли ичак касалликлардан, шунингдек кўпгина вирусли гепатит ва гижжа касалликларидан ҳимоя қилган бўласиз.
Н. М. Рахматова,
Санэпидкўмита Бухоро вилояти бошқармаси эпидемиология бўлими врач эпидемиологи