Қалам тиғидан омон
Қолди оппоқ саҳифа
Китобларим орасини кўздан кечирар эканман, муқоваси ҳам ажойиб ва анчадан бери мен ўқишни истаб юрган китоб “Китоб ўғриси” эътиборимни тортди. Иш билан бўлиб китоб ўқишга ҳам вақт тополмай юргандим. Бироз мазам йўқлиги мени яна китобларим орасига қайтарди.
Шунинг учун “Китоб ўғриси”ни китобларим қаторидан “ўғирлаб” олдим. Бошқа китобларим эса ўзларининг ҳам “ўгирланишларини” истаб қараб қолишгандек туюлди, гўё. “Китоб ўғриси” муқовасидаги қиз эътиборимни тортди. Қўлида қандайдир китоб қучоқлаганча термулиб турар ва бу термулишлар ортида қандайдир маъно яширин эди.
Китобнинг илк саҳифаларини варақладим, дунёнинг машҳур нашрлари асарни анча мақташибди. Китоб айтилган мақтовларга лойиқмикан, дея ўқишни бошладим. Чунки ўқияпман “New York times bestseller” деб ёзилган ҳамма китоблар ҳам ҳамма бирдек қизиқ эмас. Шундай қилиб китобни ўқишни бошладим. Уни ўқир эканман, воқеаларга сингиб кетишим қийин кечди чоғи очиғини айтганда ўнинчи саҳифаларгача унчалик тушунмадим. Ундан кейин эса мени шу ҳолимда ҳеч қандай уловсиз Германияга олиб бориб қўйишди. Лизел Мемингернинг олдига. Китоб муқовасидаги қиз борку, ўшани ёнига. Ҳа, сезганингиздек воқеалар ривожи учун макон сифатида Германия танлаб олинган. Воқеалар 1938-1945 йиллар оралиғида Германияда содир бўлган. Шунга кўра Россияга ҳам “бориб келдим”.
Макон ва йиллар сизга бирор нимани эслатмадими? Иккинчи жаҳон уруши. Мана шу сўзни эшитсам қўлларим қалтираб афтода ҳолга тушиб қоламан. Олдинлари урушлар ҳақида, хусусан жаҳон урушлари ҳақида улуғ ёшга етганлардан эшитардим. Аммо унинг даҳшатларига бунчалик аниқ яқинлашмагандим. Қўлимдаги китоб уруш даҳшатларни тасвирлаб берди менга.
Биламизки, урушлар инсоният бошига кўплаб кулфатлар келтирган. Айниқса, биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари. Урушлар ортидан келган зарарларни, йўқотишларни айтмай қўя қолай. Лекин бир гап айтсам мендан ранжиманг. Баъзан ўйлаб қоламан, мана шу урушлар сабаб жаҳон адабиёти ҳам, ўзбек адабиёти ҳам яхши ва сифатли асарларга сезиларли даражада бойиди. Айниқса, ўзбек адабиётида уруш мавзусига кўплаб мурожаат қилинган. У асарлардан инсонпарварлик руҳи уфуриб туради. Худдики меҳр оқибатли бўлиш учун уруш бўлиши шарт эмас дегандек. Қанчадан қанча яхшиликка доир филмлар суратга олинди. Биргина “Сен етим эмассан”ни ҳар кўрганимда юраг бағрим эзилиб кетади. Бу туйғулар ҳаммамизга урушдан қолган яхши “мерос”.
Асарга келадиган бўлсак, у “Сиз ҳам бир кунўласиз” жумласи билан бошланади. Илк ўқиганингизда мен ёзувчи билан суҳбатлашаяпман,менга бу ҳикояларни ёзувчи айтиб бермоқда, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин хато ўйлабсиз. Аслида у Ажал эди. Қўрқманг асар охирида уни ёқтириб қоласиз. Шунинг учун асар ҳам Ажалга хос бўлган сўзлар ила бошланмоқда: “Сиз ҳам бир кун келиб мен билан учрашасиз, лекин қўрқманг”. Ҳамма ундан қўрқади, лекин уни кўп инсонлар яхши танишмайди. Онгингизда асар ажал ҳақида ва у қандайдир ёқимсиз деган фикр уйғонмоқда. Бироқ бундай эмас, энди нима ҳам дердик уруш ҳақида гап кетганда қандай қилиб ажал эсланмаслиги мумкин. Ахир улар ака-укадек эмасми!?
Китоб муқовасидаги қиз – Лизел Мемингер билан ўтган ҳар бир сониямни эсласам, кўксимга ҳаво етмагандек бўлиб кетади. Мол ўғриси, пул ўғриси кўп эшитганмизу китоб ўғриси камдан-кам учрайди. Айни уруш вақтида овқат ёки пул ўғирлашни тушунамиз. Лекин китоб ўғирлаш учун қандайдир бошқа сабаб бўлиши керак.
У шу қадар китобга ошно эдими? У илк ўғирлаган китобидан тортиб то сўнгисигача шуни ҳис қилгандики, китоблар унинг юрагидаги оғриқларга шифо, ҳаётнинг зарбаларига қалқон эди. Лизел китобларга, уларнинг орасидаги сўзларга жуда ошно эди. Лизел “Китоб ўғриси” деган “унвон”га қандай сазовор бўлди? Бу саволга асарни ўзингиз ўқиб жавоб топишингизни истар эдим.
Сиз Маркус Зусакнинг “Китоб ўғриси” ни мутолаа қилиш давомида мен каби адабиётнинг янги сарҳадларини кашф этасиз. Ўқиганларим орасида хали бу усулдаги асарни ўқимагандим. Маркус қойил қолдим сенга. “Китоб ўғриси”нинг барчамизга айтар сўзи бор.
Муҳаммад Вафо