Хотирангиз неча байт?

Бир донишмандга бир одам ўғлини олиб келиб, “Тақсир, бу боламиз уч кунлик қачондан тарбиялашни бошлай?”, – дебди. Қандай жавоб бўлганини ҳам билсангиз керак?
“Тарбияга анча кечикибсиз, туғилмасдан олдин бошлаш керак эди”,-деган экан донишманд.
Асримиз бошларида олимлар орасида ёш бола тоза хотира билан туғилади, деган фикр мавжуд эди. Илмий изланишлар кўрсатишича, чақалоқ она қорнида йигирма ҳафталик бўлгандан буён унинг хотираси шакллана бошлар экан.
Инсон хотираси ҳақиқатан ҳам ажойиб. У ҳалигача мукаммал тарзда ўрганилмаган. Аммо замонавий илм-фан инсон хотираси тўғрисида кўплаб қизиқарли маълумотлар келтиради.
Маълум бўлишича, инсоннинг қиляётган касби унинг хотирасига таъсир қиларкан. Ҳаммадан кўпроқ хотираси яхши бўлганлар суҳандон (диктор), воиз (лектор), таълим берувчи устозлар ва олимлар ҳисобланар экан. Чунки юқорида саналган касб эгалари доимий машқ қилиш, матнларни овоз чиқариб ўқиш сабабидан бу натижага эришаркан.
Олимларнинг хотираси ҳам жуда яхши эслаб қолишга мойил экан. Чунки уларнинг миянинг ҳамма қисмлари ва тўқималари зўриқиб ишлашга мажбур. Яна ажабланарлиси асаларичиларнинг хотираси ҳам кучли ҳисобланар экан. Чунки улар кўп асал истеъмол қилишади. Асалда эса мияни озиқлантирадиган ва хотира кучига сабаб бўладиган микроунсурлар жудаям кўп. Шундай қилиб, хотирасини яхшилайман деган одам доим миясини “шуғуллантириб”, натижаларни асал ейиш билан мустаҳкамлаб бориши керак.
Ҳар куни бир хил таом истеъмол қилиш хотира ишини секинлаштиради.
Инсон хотираси то 25 ёшгача ривожланиб боради, деган фикр ҳам мавжуд. Хотира эслаб қолиш бўйича 19-20 ёшларда энг юқори нуқтага чиқади. Кейин то 50 ёшгача бир хил – ўзгармас давр давом этади. Ундан сўнг хотира заифлаша боради.
Инсон хотираси 1-7 террабайтга тенг ахборотни сақлаб тура олиши мумкин экан.
Инсон ҳам компьютер сингари қисқа вақтда ва узоқ вақт давомида сақлаб турувчи хотираларга эга экан. Тезкор хотира тўғрисида гапирадиган бўлсак, бунга имтиҳонга тайёрланувчи талабар ёрқин мисол бўла олади. Чунки улар имтиҳондан кейин бор билганларини эсдан чиқариб юборишади. Узоқ сақланувчи хотирага мисол қилиб, қарияларнинг хотирасини олиш мумкин. Улар хотираси ёмонлигидан шикоят қилсада, бундан 60-70 йил оддин ўтган, болалигидаги воқеаларни ҳикоя қилиб юришади.