ДОҒ

 

Болажонларнинг қишлоқ кўчасида тўп суриб, мириқиб яйраши узоққа чўзилмади. 4-синфни тамомлаган Дамиржон тепган тўп яна 70 ёшдан ошган Барот бобонинг ҳовлисидаги гулзорга тушди. Дамиржон болалик қилдими, уйнинг деразаси ортидан Барот бобонинг кузатиб турганини кўрмай, эндигина суғорилган гулзорга кирди. Барқ уриб турган гулларни пайҳон қилиб, бетартиблик билан гулзорга кириб, тўпни олди. Сўнг лойчил оёқларини Барот бобонинг ҳовлисига “тап-тап”лаб қоқди-да, шундоқ дарвозадан кўчага отилаётганда, “қармоқ”қа илинди.

“Ҳаҳ, тушмагур бола, неча бор огоҳлантирдим-а, отангга айтиб бериб, сани бир тартибга чақирмасам бўлмайди-ёв”,-деди қария дам кулги, дам аччиқда.

Бола эса шумтакалик қилганча, масхаралаб қочди.

Орадан кўп ўтмай, Барот бобонинг ҳовлисига Дамиржоннинг отаси Дилмурод ака ўдағалаб келди.

“Жонга тегдийз, бобой, боғингизни асрамоқчи бўлсангиз, ҳу-уқ қишлоқнинг наригасига бориб, ҳовли-жой қилинг, болалар ўйнашади-да, ўғлимга “отангга айтиб, сани тартибга чақираман”, дебсиз. Бир ками сиз қолгандингиз, ақл ўргантадиган”,-бақир-чақир қилиб кирди Дилмурод ака.

Барот бобо босиқлик билан: “Омонмисан, Дилмуроджон?”-дея сўради.

“Ишингиз бўлмасин, омон-эсонлигим билан!”-жазавага тушди Дилмурод ака.

“Ҳай-ҳай, ўғлинг эмас, тартибиятга ўзинг муҳтож экансан-ку, болам!”-дея ҳали гапини тугатмайган отахон юзига келиб тушган зарбдан гурсиллаб ерга юзтубан йиқилди. Кўзи, боши, бел ва оёқларидан келиб тушаётган зарбдан беҳуш бўлди…

Ғиждувон туманидаги “Буктарой” маҳалла фуқаролар йиғини, Бобоғози қишлоғида яшовчи, қарийб 80 ёшга яқинлашган Барот бобога суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, “чап кўз контузия оғир даражаси, склера ёрилган жароҳати-гемофтальм, постравматик катаракта, постравматик мидриаз, бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, бурун суякларининг ёпиқ синиб силжиши, чап қош ва чап кўз ости соҳаси лат еган яраси, чап қош ташқи дум ва чап кўз пастки соҳалардаги яралари, чап кўз пастки яраси атроф, ўнг кўз пастки соҳасидаги қонталашлари, чап кўз склерасидаги қон қуйилиши” каби соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоиздан ўттиз фоизгача йўқолишига сабаб бўлган, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказган”лик ташхиси қўйилди.

Судда сўроқ қилинган судланувчи Дилмурод ака дастлабки тергов жараёнидаёқ, айбига иқрорлик билдирмасдан, айбни қарияга юклаб, уни ўғлини ҳақорат қилганликка чиқарди. Аммо судда отахоннинг болага фақат танбеҳ бергани ва уни тартибга чақиришга урингани исботланди. Дилмурод ака қилган хатосидан пушаймонликда бош эгди. Хатоси учун кечирим сўради.

“Ҳа-а, тушмагур болам, артим кетиб, шартим қолган бўлса, узрингни гўримга олиб кетармидим, Аллоҳ кечиримли бўлганда, ман бир ожиз бандаси бўлсам, кечирдим болам”,-деди Барот бобо мункиллаб.

Айбдор Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси

105-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноят иши қўзғатилди ва унга шу модда билан олтиой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Айбдор отахоннинг кечирими билан бор-йўғи, олти ой муддатга қамалди. Бироқ, Дилмурод ака Барот бобога ва унинг оила аъзоларининг юзига қарай олмайдиган бўлди.

“Ҳаммамиз Дилмуроддан қаттиқ ранжидик. Ҳар қандай вазиятдаям у ўзини жиловлай олиши, отасидан ёши улуғ қарияга қўл кўтармаслиги лозим эди. Барот бобо-ку кечирдик, аммо Дилмуроднинг юзи маҳалла-кўй олдида бир умрлик доғ бўлди. Бу доғ азоби ёмон”,-деди Дилмурод аканинг ҳамқишлоқларидан бири суд залидан чиқар экан.

Бобораҳим Очилов,

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси.