Уч кун ичида банклар долларда курсини камида 100 сўмга ошди

16-август куни Ўзбекистондаги баъзи банклар долларни 9100 сўмдан сотишни, 9055 сўмдан сотиб олишни бошлади. Сўнгги уч кун ичида банкларда доллар курси камида 100 сўмга ошди.

Америка валютаси биржада ҳам ўсиб бормоқда. 15-август куни Ўзбекистон валюта биржасидаги савдолар якуни бўйича 1 АҚШ доллари 9061 сўмни ташкил этди, бу 14-августдаги нархдан 45 сўмга кўпроқ.

Август ойи бошида кескин пасайган биржадаги савдо ҳажми аста-секин тикланишда давом этмоқда ҳамда 15-август натижаларига кўра, 111 миллион долларни ташкил этди. Таққослаш учун, 8-августдан 13-августгача савдо ҳажми 95 миллион долларни ташкил қилди. Бунда доллар 8950 сўмдан савдо қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 16-августдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 179 сўмга кўтарилган ва 1 доллар 9061 сўмга етган. Бу илк бор расмий курс 9000 сўмлик нуқтадан ошиши бўлди.