Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида йилнинг туризм соҳасига доир энг муҳим тадбирларидан бири – Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ўтказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган форумнинг мақсади – мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бири сифатида халқаро миқёсда эътироф этилишига эришишдир.
Зиёрат, яъни муқаддас жойларни зиёрат қилиш икки асосий йўналишни ўз ичига олган: экскурсиявий-маърифий ва диний туризм.
Ислом дунёсининг энг қимматбаҳо Қуръони карим намуналаридан бири – Халифа Усмон Қуръон китоби сақланувчи Ҳазрати Имом мажмуаси, буюк ислом имоми Маҳаммад Ал-Бухорий мақбараси, Нақшбандийя тариқати издошлари қабрлари ва шу каби кўплаб бошқа диний марказлар мавжуд. Бундай тарихий ва муқаддас қадамжоларга зиёрат ва саёҳат қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюришади.
Таъкидлаш жоизки, ҳукумат томонидан Ўзбекистоннинг зиёрат туризми йўналишидаги жозибасини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентнинг 5611-сонли фармонига кўра, жорий йилнинг 5 январь кунидан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хориж фуқароларига 2 ойгача бўлган муддат билан берилувчи Pilgrim visa жорий этилди.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилиши умумий маънода мамлакатда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва туристлар оқимини сезиларли даражада оширишга туртки беради.
Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумда Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Моҳд Асрий бин Зайн-ул Обиддин ҳамда Ислом туристик маркази, Ҳалол тадқиқотлар ва менежмент институти, Малайзия туристик компаниялари ва туроператорлари уюшмаси раҳбарияти иштироки кутилмоқда.