БИРИНЧИ КУН 350 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК КЕЛИШУВ

Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон инвесторлари билан ҳамкорликда жуда кўп қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Аммо Бухоро вилоятида бундай субъект ташкил этилмаган эди. Гап шундаки, Осиёда ўз ўрнига эга ушбу давлат ишбилармонлари Бухоро бизнеси имкониятларидан, бу ерда қайта ишланаётган хомашёлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Ҳиндистонлик  ишбилармонлар билан “Agro business Bukhara” халқаро бизнес Форумида ҳамкорлик шартномасининг имзоланиши агросаноат комплексини модернизация қилиш, боғдорчиликни ривожлантириш ва бошқа соҳаларга инвестиция жалб этиш, тажриба алмашиш, тўқимачилик маҳсулотларини Ҳиндистонга экспорт қилишда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди.

Халқаро агро Форум доирасида эришилган келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида “В2В” шаклидаги кооперацион биржа ташкил этилди. Унда 350 миллион АҚШ долларлик, шундан 17 миллион долларлик тўғридан-тўғри келишув имзоланди.

Бундан ташқари, хорижий инвесторларга 1 миллиард долларлик 180дан ортиқ лойиҳалар таклиф этилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга Бухоро вилоятида 29 та хорижий давлатлар ҳамкорлигидаги қўшма корхоналар иш олиб бораётган бўлса, шуларнинг 12 таси жорий йилнинг саккиз ойи давомида ишга туширилган.

Форум эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.