БОЙЛАР КЎПАЙСИН, КАМБАҒАЛЛИК БЎЛМАСИН…

Бугун тан олишимиз нечоғли оғир бўлмасин, мустабит тузумнинг “Йўқолсин бойлар, яшасин камбағаллар!” шиорини 70-90-йилларда мажбурий ёд олиб улғайдик! Ўзи бой нимаю камбағал нималигини ҳали англаб-англолмаган болажон онгимизда: “Шуни ёддан айтолмасак, ўқитувчимиз “2” баҳо қўяди”-деган қўрқув ҳукм сурарди.

Табелчи отамга қўшилиб, болалигимиз далаларда кечди. Ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғи…эгатларда улғайдик, лой, сув кечдик… жўжапирдай тўққиз жонни жамиятга “одам” қилиб етказиш учун отам умрини усти юпун, ямоқда ўтказди…

Кунларнинг бирида отамдан сўрадим:

– Бунча кўп ишлайсиз, ота?!

– Сенларни боқиш учун!

– Қачон бой бўламиз, ота?!

– Жим бўл!

– Қачон эгнийзга янги кийим оласиз, ота?!

– Қачон пулимиз кўпайса…

– Унда пулимиз тезроқ кўпайсин, кейин бой бўламиз, уре-е-е!

– Жим бўл, шумтака! Бой бўлмаймиз, бойлар ёмон!- қошлари чимирилди отамнинг.

– Майли, ёмон бўлсак ҳам, бой бўлайлик, ота!- бу гап оғзимдан қандай чиқиб кетди, билмадим, аммо отам таъзиримни беришига оз қолди.

– Ха, сеними, малимингга айтиб бермасам..,-пўписалаган бўлди отам.

Чўчиб тушдим. Отам ўқитувчимга айтса борми, кундалигимга “икки” тушади. Ўйлай-ўйлай, сочлари патила  10-11 ёшли қиз:

– Майли, бой бўлмаймиз… “Йўқолсин бойлар, яшасин камбағаллар!” – дедим истар-истамас мушукдек ҳурпайиб…

Ўша кезларда нега шу шиорни айтмасак, чўчиб улғайганимиз ҳали-ҳануз хотирлардан кетмайди.

Ҳақиқат ҳам шу: Бойлар йўқолди, камбағаллар кўпайди! Натижа эса: ишбилармон бизнесменлару тўқ ва бой, фаровон яшаш учун интилаётган катта сармоя эгалари турли давлатларга тарқалишди. Мамлакатда камбағаллар қолди!

…Ва ниҳоят, Мустақиллик шуури билан бой бўлишнинг, сармоядор бўлишнинг нечоғли юксак аҳамиятга эга эканлиги англай бошланди. Ишбилармону тадбиркорлар йўлидаги ғовлар, имкониятларни тўсувчи қаршиликлар олиб ташланди.

Бу қараш эса муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янада мустаҳкамланди. Турли давлатларга тарқалган ишбилармон, тадбиркорлар, йирик сармоя эгалари бугун Ўзбекистонга елка тутишга шай!

Айниқса, ўз сармояси билан мамлакатимизнинг йирик лойиҳаларига пул тикаётган Алишер Усмоновнинг иқтисодиётимизни ўстиришга бел боғлаб тургани, янги иш ўринларини яратишга туртки бўлаётганини шунчаки кузатиб туролмаймиз.

Мустабит тузумнинг “Йўқолсин бойлар…”-деган шиорини назар-писанд қилмай, ҳамиша Ўзбеклигидан фахрланиб, ғурурланиб юрадиган Алишер Усмоновнинг бой бўлишнинг “ёмғиру шамоли”ни писанд қилмаган, “ёмон” одаммас, яхши одам бўлгани барчамиз учун ибрат бўлаётгани бор гап!

Юрт ташқарисида туриб ҳам унинг равнақи ва тараққиётига елка тутаётган, бой бўлиб, “ёмон” бўлишдан чўчимаган Алишер Усмоновнинг мамлакатимизнинг ҳар соҳасига инвестиция киритаётгани мустақиллигимиздан олдинги йилларда қўрқитув ва мажбурлов ғояси билан суғорилган “Йўқолсин бойлар, яшасин камбағаллар!” деган шиорини чил-парчин қилди.

Сармоядорнинг ҳар соҳа ривожига инвестиция киритиши – бу – минг-минглаб оилаларга даромад, хонадонларга фаровонлик кирди, дегани,  сони адоғсиз ишсизларнинг меҳнат билан бандлиги таъминланди, дегани, боғча, мактаб, олийгоҳларда, спорту санъатда юксалиш +super даражага кўтарилди, дегани, бунёдкорлик, қишлоқ ва халқ хўжалигида, туризм соҳасида бемисл амаллар кўз очди, дегани… Албатта, натижа беражак рўйхатни узундан-узоқ давом эттириш мумкин.

Бу эса фақат биргина ватанпарварнинг ўз онажон диёрига сидқидилдан киритаётган йирик сармояси! Алишер Усмонов сингари ватандошларимиз бирмас, ўнта, ўнмас юзлабдир, балки… Муҳими, давлатимиз ривожига елка тутишга шай инвеститорлар сафининг кенгайиши “Бойлар кўпайсин, камбағаллик бўлмасин!”-деган шиор эмас, балки улуғ бир эзгу ниятга кафтларимизни очади.

Шу шарафли кунларда Юртимиз тараққиёти, Мамлакатимиз ривожи, Халқимизнинг тўқ-тўкис ва фаровон яшаши, Давлатимиз мустаҳкамлиги учун, бугунги ва келажак авлоднинг бой бўлиши учун беминнат қўл чўзган  саховатпеша, ўз юртини сидқидилдан севган Алишер Усмоновдек ватанпарварларни шу халқнинг дуоси, ишонч ва меҳри қўлласин!

Бойлар кўпайсин, камбағаллик бўлмасин!

Л. Сатторова