Мактабда тарих ўқитувчимиз савол бериб қолди:
“Озодлик, эркинлик, мустақиллик сўзларининг бир биридан қандай фарқи бор?”
Икки уч ўқувчи фикрини билдирди. Ҳали фитратида бундай сўзларнинг асл маъносини жамламаган болаларнинг жавоби устоз кутгандек бўлмади, шекилли, ўзи тушунтиришга ўтди:
“Эркин одам, озод бўлмаслиги мумкин, озод одам эса доим ҳам мустақил бўлолмайди. Қамоқхонада ўтирган маҳбус эркин, аммо озод эмас. Кўчада истаганича юриб, вақтини хоҳлаганидек сарфлаётган киши эса озод, лекин мустақил эмас. Мустақиллик эса ҳеч кимга қарам бўлмасдан яшаш. Ҳаётини бошқаларнинг буйруғи, кўрсатмалари ва пулига қурмасдан, ҳар томонлама тобе бўлмаслик. Мустақил инсон эса ҳам эркин, ҳам озод кишидир”.
Шунда тушунган бўлсак керак, мустақиллик сўзининг шунчаки баландпарвоз сўз эмас, чиндан қадри ва қиймати баландлигини. Шунда англаганмиз бу сўз учун аёвсиз курашларнинг маънисини.
Ҳар йили август охирлаб, 1 сентябрь яқинлашар экан, юртимизда катта тантаналар бошланади. Азим пойтахтдан тортиб, вилоятлар, шаҳар ва туманларда шодиёна. Биз учун бу кунлар оддий кунлар эмас. Шукраниликка йўғрилган муқаддас кунлар. Йигирма етти йиллик ривожланиш, ютуқ, ўсишларимиз фақат ўзимизники, буларни ҳалқимиз яратди, халқимиз улғайтирди. Йилда бир кун йил давомида қилинган ишлар, чекилган машаққатлар учун мукофот куни бўлади. Бу йил ҳам мустақиллик тўйи, халқимиз тўйи ўзгача ўтади. Янада олға қадам ташлаш учун руҳ беради. Ҳаммамизга истиқлолимизнинг йигирма етти йиллиги қутлуғ бўлсин!
Зуҳра АБДУҲАЛИМОВА