БУХОРОДА МАН ЭМАСМАН, БУХОРОСИЗ ҲАМ ЭМАСМАН…

Бухорода шоир Бобур Бобомуроднинг 50 ёшлик юбилейи нишонланди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда унинг муассислигидаги “Бухоро ёшлари” газетаси, “Ўзбекконцерт” бирлашмаси, “Бухоро китоб олами” савдо мажмуаси билан ҳамкорликда таниқли шоир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомуроднинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан адабий-бадиий, маданий-маънавий анжуман бўлиб ўтди. Меҳмонлар тантанали кутиб олинди.

Дилкаш учрашув Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Зариф Комиловнинг шоир ижоди ва фаолиятига муносиб самимий тилаклари, табриклари ва қутловлари билан бошланди.

Тантана муносабати билан Бухоройи шарифга водийу Қорақалпоғистон, Навоийу Қашқадарёдан ташриф буюрган меҳмонлар шоирга бўлган эҳтиромларини баён этишди.

 

Шоир қаламига мансуб гўзал мисралар ёш ижодкорлар томонидан  ёддан ўқилди.

Таниқли ҳофизлар томонидан куйланган бетакрор наволар Ёшлар маркази тантаналар залида тўпланганларга завқу қувонч бағишлади.

Ҳазил-мутойибага йўғрилган “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари чиқишлари янада кайфиятни оширди.

Эл суйган санъаткорлар Ғолиб Мирзо ҳамда Фарҳод ва Ширин томонидан қўшиқлар куйланди.

Эсдалик учун суратларга тушиш ва шоирдан дастхат олиш жараёнларини кузатар экансиз, Бобур Бобомуроднинг халқ билан бирга эканлигига, эл суйган ўғлон эканлигига яна бир карра ишончингиз ортади.