Кадим шарқ маънавий тамаддуни бешикларидан бири Бухоройи Шариф неча минг йиллар давомида илм-маърифат, савдо-сотиқ, тижорат ва ҳунармандчилик маркази сифатида довруғ қозониб келган.
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, Шарқ ва Ғарб маданий ва тижорий алоқаларини боғловчи тупроғи гавҳар бу кўҳна замин XVI анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивали ила янада файзиёб бўлди.
Бухоро вилоят ҳокимининг 2017 йил 13 февралдаги 67-сонли “Ипак ва зираворлар” фестивалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори улуғ мақсадларга чорловчи мезон бўлиб хизмат қилди. Унга кўра, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Бухоро вилоят бошқармаси, вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси, Бухоро Давлат университети, “Бухоро мероси” илмий-тадқиқот маркази, “Олтин мерос” халқаро жамғармаси ва қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида Бухоро шаҳрида 26-28 май кунлари XVI анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивалини ҳамда “Туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисида”ги таклифи маъқулланди. Ушбу тадбирларни юқори савияда, халқаро талабларга жавоб берадиган даражада ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Азалий бой миллий қадриятларимиз ва маданий меросимизни жамоатчилик орасида ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, туризм соҳасини янада ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш, шу орқали вилоятда янги иш ўринларини яратиш, ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳаларни жалб қилиш орқали вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишдек улуғ ва улкан мақсадларни кузлаган “Ипак ва зираворлар” фестивали тантанали юриш билан бошланди.