Вилоят давлат солиқ органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган айрим муаммоларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудда нақд пул тушумларининг банкдан ташқари айланмасига йўл қўймаслик юзасидан белгиланган тартибда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Ачинарлиси, олиб борилган назорат тадбирларида баъзи жойларда сотувчиларнинг савдо қоидаларига риоя қилмаётганликлари оқибатида харидорларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Бухоро шаҳар “Мустақиллик” кўчасида жойлашган “Кингбургер” номи билан танилган турли егуликлар тайёрланадиган шахобча кўпчиликка таниш. Бу ерда харидорлар учун мазали таомлар тайёрланаётганига эътироз йўқ. Шу боис, мазкур шахобча туну кун хўрандалар билан гувжум. Аммо, бир қарашда ҳаммаси яхши кўринсада, шахобча хўжайини Солиҳ Абдуллаев ҳукуматимиз томонидан жорий қилинган тартибга зид равишда савдо қоидаларини писанд қилмай фаолият юритаётганлар хилидан чиқиб қолди.
Ўтказилган назорат тадбирида унинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори талабларига зид ривишда фаолият юритаётганлиги аниқланди.
Маълумот учун айтиш лозим. Тегишли органлар томонидан ушбу фуқарога юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда уй шароитларида ўриндиқлар ташкил этмасдан доналаб сотиладиган таомларнинг алоҳида турларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиш учун гувоҳнома берилган. Аммо, ушбу тадбиркор солиқдан қочиш мақсадида мўмай даромад топишни кўзлаган ҳолда белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда 14 та 4 кишилик стол ташкил қилган ҳолда аҳолига ноқонуний умумий овқатланиш хизматини кўрсатиб келган.
Бундан ташқари, Солиҳ Абдуллаевнинг меҳнат ва солиқ қонунчиликларига зид равишда шохобчада хизмат қилаётган 7 нафар фуқарони ишга ёллаб, уларга конверт усулида иш ҳақи тўлаб келаётгани ҳам аниқланди. Ушбу тадбиркорга хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг маълумотига кўра, тадбиркор жорий йил июнь ойида жами 62.3 млн.сўм нақд пул ва 59.8 млн.сўмлик савдо тушумларини терминал орқали банкка топширган. Таҳлилларга кўра, Солиҳ Абдуллаев кунига савдодан тушган жами тушумнинг бор-йўғи 84 минг сўмини банкка топширган, бу эса амалга оширилган жами товар айланмасининг атиги 4 фоизини ташкил қилмоқда, холос.
Бухоро шахар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ушбу шахобчада ўтказилган нақд пул тушумининг келиб тушушини ўрганиш давомида ҳам савдо тушуми олдинги кунларга нисбатан ошган бўлса-да, ўрганиш кунидан кейин яна пасайиб кетганлиги кузатилди. Ўз навбатида, тадбиркорга бу ҳақда огоҳлантириш хати юборилганлигига қарамасдан, Солиҳ Абдуллаев томонидан камчиликлар бартараф қилинмаган.
Ўтказилган қисқа муддатли текширишда барча важлар ўз тасдиғини топиб, харидорларга назорат касса машинасидан харид чеки бермаслик, сифатини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз озиқ-овқат маҳсулотлари савдога қўйилганлиги каби ҳолатлар аниқланиб, ўтказилган текшириш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга юборилди.
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати.