ВАТАН, СЕНИ МЕҲР АТАДИМ!

Сўнгги кунларда одамлар негадир бесаранжом кўринди. Ҳамма қандайдир ташвиш билан юрибди. Ўйлаб қолдим, бу қандай юмуш эканки, ҳаммани банд этган? Дўстларимдан сўраб билсам, юртда тўй-тантана яқинлашиб қолибди. Улар эса “Тўйга тўёна билан” деган ниятда елиб-юришаётган экан. Мустақилликнинг 25 йиллигига атаб кимдир суратлар чизса, яна кимдир Ўзбекистон мадҳига шеърлар битяпти. Уларни четдан кузатиб туришни истамадим ва мен ҳам дўстларимга қўшилдим. Мустақиллигимизга туҳфа сифатида “Ватанимга дил изҳори” тайёрладим.

Қаердаки, тинчлик ҳукмрон бўлса, тараққиёт бўлади. Тараққиёт бўлса, демак, келажакка ишонч ҳам шуқадар.

ЎЗБЕКИСТОН – сен бутун дунёнинг ҳеч бир бурчагидан ҳам топа олмайдиган тенгсиз ёқут.

Мен Ўзбекистонга шундай таъриф бердим, Сенчи?

Аждод мероси қанчалар қадрли, ердаги гиёҳ қанчалар азиз бўлса, интилиш ва юксалиш ҳам шу қадар.

ВАТАН – сен Ватанда илк қадамларингни босгансан, илк сўзларингни айтгансан…Ўз юртингдан йироқда бўлсанг ҳам у сени ҳеч қачон тарк этмайди. Демак, Ватан бу – Меҳр!

Мен Ватанни шундай атадим, Сенчи?

Жамиятда бўшлиқ пайдо қилмаслик, ягона мақсад йўлида бирлашиш, ёд ғояларга қарши курашиш аҳиллик намунаси. Аҳиллик ва бирдамлик мустаҳкам бўлса, муваффақият ва ғалаба ҳам шу қадар.

ИСТИҚЛОЛ – сенинг самимий кулгуларинг, дилдаги шукроналик, бир дастурхон атрофида оиланг билан хотиржам суҳбат қуриш, Эрк ва Ҳурлик, Озодлик ва Мустақиллик.

Мен истиқлолни шундай англайман, Сенчи?

Бугун дунё ҳайратига сазовор бўлаётган Ўзбекистонни кўриб ўзимиз ҳам лолмиз. Ҳар кунида катта тантана бўлаётган юртимиздаги ўзгаришлардан кўзлар қувонади.

Баҳорда қип-қизил лоласи, ёзда жазирама кунлари, кузда тилни ёрар қовун-тарвузлари, қишда ҳам ҳар тонг кулиб қарши оладиган қуёши… Ҳа, Бу чинданда Ўзбекистон!

Мен Ўзбекистон тасвирини шундай чиздим, Сенчи?

Болажонлар тандирга саҳарлаб ўт ёққан ўзбек онаси ёпган кулча нонларни ариққа оқизиб, ҳузурланиб ейишади. Боболар хонадонга кўз тегмасин, дея остонага тақалар тақишади. Момолар невара қизлар сочига жамалаку сочпопук тақиб қўйишади.

Мен Ўзбекистонни ва халқимни борлигича яхши кўраман, Сен қандай яхши кўрасан?

Сўзларимни шунчаки эмас, шу юртда камол топаяётган фарзанд сифатида аждодларга эҳтиром ва она юрт муҳаббатига йўғрилган қалб ила ёздим. Мустақиллигимизнинг 25 ёшга тўлганлиги муносабати билан диёримга бўлган меҳримни яна бир карра намоён этишга муваффақман. Байрамга туҳфа ўрнида Ватанимга дил изҳори битдим.

Сенчи? Сен қандай туҳфа тайёрладинг?

Зулфизар МАВЛОНОВА