Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишгша қаратилган. Шунингдек, бу ислоҳотлар халқнинг давлатга ва унинг институтларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат. Бу мақсадларни амалга оширишда, албатта, суд ҳокимиятининг алоҳида ўрни бор.
Маълумки, суд инсоннинг ҳуқуқи поймол бўлганида, мурожаат қиладиган, адолат излайдиган ва қонун ҳимоясини ҳис этадиган энг муҳим соҳа. Шу боис, суд фаолиятининг ҳар бир натижаси, суд ҳужжатлари, судьяларнинг муносабати инсон тақдири, унинг ишончи ва жамиятдаги адолат туйғусига бевосита таъсир кўрсатади.
Айни жиҳатдан қараганда, Президентимизнинг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ–160-сон Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини бошлаб берган тарихий аҳамиятга эга ҳужжатдир.
Мазкур фармон билан суд тизимини ривожлантиришнинг “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби устувор йўналишлари белгилаб берилди.
“Одил судлов — 2030” стратегиясида судларни халққа янада яқинлаштириш, уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш алоҳида устувор вазифа сифатида белгилангани бежиз эмас. Зеро, суднинг халқчиллиги суд биносининг фуқаролар учун очиқлиги, ҳар бир инсон судга мурожаат қилганида, унинг ҳуқуқи ҳимоя қилинишига ишонч ҳосил қилиши билан ўлчанади. Шу нуқтайи-назардан, Бухоро вилояти судлари олдида ҳам муҳим вазифалар турибди. Судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро, тадбиркор ва ташкилот вакили “менинг ишим қонун асосида, холис ва адолатли кўриб чиқиладими?” деган савол билан эмас, “менинг ишим қонун асосида, холис ва адолатли кўриб чиқилади” деган ишонч билан суд биносидан чиқиши керак. Бунинг учун судьядан, аввало, юксак касбий билим, мустақил фикр, принципиаллик, холислик ва инсон тақдирига дахлдор масъулият талаб этилади.
Янги стратегияда 2030 йилга қадар суд биноларида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини босқичма-босқич йўлга қўйиш белгиланган. Бу ҳам суд хизматларини фуқаролар учун янада қулайлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш ва рақамли хизматлардан фойдаланишни осонлаштиришга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, суд қарорининг асосий мезони – адолат. Унинг фаолиятига баҳо беришда қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги, адолатлилиги, асослантирилганлиги ва барқарорлигидир. Судья учун ҳар бир иш инсоннинг тақдири, оиласи, мол-мулки, шаъни, қадр-қиммати ва келажаги билан боғлиқ масъулиятли масаладир. Шу сабабли суд қарорини қабул қилишда шошма-шошарликка, юзаки ёндашувга, ҳар қандай ташқи таъсирга ўрин бўлмаслиги лозим.
“Одил судлов — 2030” стратегиясида суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислиги ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан ҳудудлараро судларни ташкил этиш назарда тутилган. Шунингдек, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида 2027 йил 1 августдан Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиёти — “Прецедентлар” реестрини жорий этиш белгиланган.
Бу янгиликларнинг замирида битта эзгу мақсад бор: қаерда ва ким томонидан кўрилганидан қатъи назар, қонун бир хил қўлланилиши, фуқаронинг ҳуқуқи бир хил даражада ҳимоя қилиниши керак.
Судга ишонч кафолати
Суд тизимида одиллик ва холисликни таъминлаш коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш билан чамбарчас боғлиқ. Президентимизнинг 2026 йил 8 июндаги “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–106-сон Фармони, айнан, шу мақсадга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат судларда коррупцияга қарши курашиш механизмларини кучайтириш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, комплаенс назорат тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Бугун суд тизимида “коррупцияга қарши курашиш” тушунчаси фақат ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўришни англатмаслиги керак. Энг тўғри йўл — коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган шароитнинг ўзига йўл қўймаслик. Шу маънода комплаенс-назорат тизими суд органларида ички профилактика, хавфларни таҳлил қилиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини таъминлаш ва очиқликни кучайтиришнинг самарали механизмига айланиши зарур.
Биз учун ҳар қандай қонунбузилишга нисбатан “муросасизлик” тамойили қатъий амал қилиши шарт.
Рақамли одил судлов
Бугун замонавий суд тизимини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сон Фармон суд фаолиятини рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди.
Бироқ, биз бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: сунъий интеллект судьянинг ўрнини босмайди; у судьянинг адолатли қарор қабул қилиши учун ёрдамчи восита бўлиши керак. Ушбу технологиянинг асосий вазифаси эса судьянинг вақт ва меҳнатини тежаш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, суд амалиётини ўрганиш, процессуал жараёнларни соддалаштириш ва фуқароларга қулайлик яратишдан иборат. Шу маънода рақамлаштиришнинг энг муҳим натижаси фуқаронинг судга мурожаат қилиши осонлашди, иши тезроқ ва сифатлироқ кўрилди, унинг ҳуқуқи самарали ҳимоя қилинди, деган натижа бўлиши керак. Ҳеч қандай қонун, технология ёки ташкилий механизм юқори малакали, ҳалол ва фидойи кадрнинг ўрнини боса олмайди.
Судья учун билимнинг ўзи етарли эмас
2025 йил 21 августда қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–141-сон Фармонига эътибор қаратадиган бўлсак, суд тизими учун профессионал кадрлар тайёрлаш масаласини янги босқичга кўтарди. Унда таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш ҳамда профессионал судьялар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Судьянинг билими қанча юқори бўлса, унинг ҳуқуқий таҳлили шунча чуқур бўлади. Аммо, судья учун фақат билимнинг ўзи етарли эмас. Унда ҳалоллик, виждон, сабр-тоқат, принципиаллик, одамларни эшитиш маданияти ва адолат туйғуси ҳам бўлиши керак. Чунки, судья қарор қабул қилганда, унинг қаршисида инсон тақдири турганини ҳис қилиши лозим.
Шу ўринда, Бухоро вилояти судлари олдидаги вазифаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, юқорида қайд этилган ислоҳотларнинг самараси вилоятда ўзининг натижасини кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи-назардан, Бухоро вилояти судлари учун ҳар бир суд қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослантирилганлигини таъминлаш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни изчил кучайитириш муҳим. Албатта, судга мурожаат қилган ҳар бир шахс умид билан келади, улар билан мулоқотда ҳурмат ва инсон қадрини устувор қўйиш ва шу ўринда, албатта, коррупциявий хавф-хатарларни мунтазам таҳлил қилиш керак.
Ҳар бир судья ўз фаолиятида комплаенс-назорат механизмларини самарали ишлатиш, рақамли суд хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш ишларини йўлга қўя олса, у ишончли судьяга айлана олади. Энг муҳими, ҳар бир судья ва ҳар бир суд ходими ўз фаолиятини “халққа хизмат қилиш” масъулияти билан уйғунлаштириши зарур.
Эътибор қилган бўлсангиз, юқорида “ишончли судья” деган жумлага урғу қаратдик. Қачонки, ҳар бир судья суд талаби ва тамойилларидан йироқлашмай, ўзининг адолатли қарорларига ишонса, фуқаро унга ишонади. Фуқаро ўз ҳуқуқларининг қонун билан адолатли ҳимояланаётганига тўлақонли ишонса, у ерда адолат тикланади – бу суд тизимининг энг катта ютуғи.
Президентимизнинг судларга оид ҳар тўрт Фармони талаблари ҳар бир судьянинг ҳар кунги фаолиятида намоён бўлиши керак. Янги ҳуқуқий тафаккур, янги масъулият ва янги ишлаш маданиятига амал қилиш ҳар биримизнинг касбий ва инсоний бурчимиздир.
Учқун Рўзиев,
Бухоро вилояти суди раиси.