Туғруқ вақтидаги стресс: Онага энг кераги меҳр ва қўллаб-қувватлаш

Чақалоқнинг дунёга келиши энг улуғ ва қувончли мўъжизалардан бири. Аммо ,бу қувонч ортида онанинг ҳис-туйғулари, қўрқувлари ва ташвишлари ҳам яширин бўлади. Туғруқ жараёнидаги стресс кўплаб аёллар бошидан кечирадиган табиий ҳолат.

Ҳар бир она туғруққа турлича тайёрланади. Кимдир хотиржам бўлса, яна кимдир оғриқ, чақалоқнинг саломатлиги ёки номаълумликдан хавотир олади. Бу ҳислар уятли эмас. Аксинча, улар оналик йўлидаги табиий кечинмалардир. Бундай пайтда шифокорлар ва акушерларнинг илиқ муносабати, турмуш ўртоғи ва яқинларининг далдаси аёлга катта куч бағишлайди. Бир оғиз меҳрли сўз, қўлдан тутиш ёки “Ҳаммаси яхши бўлади”, деган ишончли гап ҳам онага таскин бериши мумкин.

Мутахассислар ҳомиладорлик даврида туғруқ ҳақида тўғри маълумот олиш, нафас олиш машқларини ўрганиш ва яқинлари билан очиқ мулоқот қилиш стрессни камайтиришга ёрдам беришини таъкидлайдилар. Энг муҳими, она ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги керак.

Туғруқ фақат тиббий жараён эмас, балки катта руҳий синов ҳамдир. Шунинг учун ҳар бир онага меҳр, ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлиш жамиятнинг масъулиятидир.

Она табассуми билан бошланган ҳаёт бола учун ҳам энг яхши совғадир. Келинг, фарзанд дунёга келаётган ҳар бир онани меҳр, илиқ сўз ва қўллаб-қувватлаш билан кутиб олайлик. Зеро, меҳр бор жойда ишонч, ишонч бор жойда эса хотиржамлик бўлади.

Бухоро шаҳар туғруқ комплекси акушер гинекологлари