Маҳалла муаммоларига ечим очиқликдан бошланади

Бухоронинг турли маҳалла ва кўчалари бўйлаб кезар экансиз, беихтиёр турли манзараларга гувоҳ бўласиз. Бир манзилда замонавий, ҳашаматли бинолар, қатор-қатор аҳоли турар жойлари қад ростлаган, аммо, кўчалар тозаликка муҳтож. Бошқа бир манзилда эса оддийгина хонадонлар бўлса-да, атрофи озода, кўнгилга яқин. Яна бир жойда муқаддас қадамжолар ва мозорлар обод қилинган бўлса, бошқа ҳудудларда улар қаровсизлик ва ҳашарга муҳтож аҳволга келиб қолган.

Айрим хонадонлар олдида қимматбаҳо, сўнгги русумдаги автомобиллар саф тортиб туради. Аммо, ўша дарвоза олдидаги ариқ тиқилиб ётибди, йўл четини ёввойи ўтлар босган, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаган, кўча эса узоқ вақтдан буён супурги кўрмаган. Баъзи маҳаллаларда тунги ёритиш тизими ишламайди, ичимлик суви ёки оқова тизими билан боғлиқ муаммолар одамларни қийнайди. Болалар майдончалари етарли эмас ёки таъмирталаб аҳволга келган. Айрим ҳудудларда эски дарахтлар қуриб қолган, янгилари экилмаяпти. Йўллар носоз, пиёдалар йўлаклари талаб даражасида эмас. Бу каби ҳолатлар фақат ташқи кўриниш эмас, аҳолининг яшаш сифати, кайфияти ва маҳалла муҳитига ҳам бевосита таъсир кўрсатмай қўймайди.

Маҳалла бу фақат ҳудуд эмас. У тарбия маскани, жамоатчилик назоратининг энг қуйи бўғини, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мактабидир. Шунинг учун маҳалладаги ҳар бир муаммо бутун жамиятнинг кайфияти ва муносабатида акс этади.

Албатта, биргина маҳалла раиси бу қадар кўп вазифани елкасига олиб, барча муаммони бир ўзи ҳал қилиши мумкин эмас. Маҳалла ободлигига фақат маҳалла раиси эмас, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, коммунал хизматлар, энг муҳими, шу маҳаллада истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ҳам масъул. Масъулият бир томонлама эмас, умумий бўлгандагина натижа бўлади.

Афсуски, кейинги йилларда қўни-қўшничилик, ҳашар, бир-бирининг дардига елкадош бўлиш каби қадриятлар аста-секин сусайиб бораётгандек. Илгари маҳаллада ҳашар бўлса, каттаю-кичик бир сафда туриб, кўчани тозалар, ариқларни очар, дарахт экар, муҳтожларга кўмаклашар эди. “Маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади”, деган тушунча ҳаёт тарзига айланганди. Бугун эса айрим ҳолларда бу анъаналар расмиятчилик соясида қолиб кетмаяптимикан, деган ҳақли савол туғилади.

Бугун жамият олдида ечимини кутаётган масалалар кўп. Бу муаммолар ҳақида гапириш танқид учун эмас, муаммоларга ечим топиш учун зарур. Чунки, очиқ айтилмаган муаммо ҳеч қачон бартараф этилмайди.

Кечагина маҳалла тизимида муҳим ташкилий ўзгариш амалга оширилди. Ғиждувон туманининг собиқ ҳокими Ашуров Шерзод Раҳимович Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Табиийки, бу лавозимга тайинланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Саноқли кун бўлди. Айтиш жоизки, бошқарма бошлиғининг давлат бошқарувидаги тажрибаси, ҳудудлар билан ишлаш кўникмаси маҳалла тизимида ҳам янги ёндашувлар ва амалий натижалар кутилаётганини англатади. Бугун аҳоли ҳам, фуқаролик жамияти институтлари ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу соҳада янгиланишларни интизорлик билан кузатмоқда.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ҳамда блогерлар томонидан маҳалла тизими фаолиятига оид саволлар, таҳлиллар ва таклифлар ортган. Бу эса тизимга нисбатан ишончсизлик эмас, аксинча, жамиятнинг бефарқ эмаслигини, маҳаллалардаги ўзгаришлар барчани қизиқтираётганини англатади.

Бугунги давр раҳбардан ҳам, тизимдан ҳам очиқлик ва шаффофликни талаб қилмоқда. Очиқ мулоқот бор жойда ишонч бўлади. Ишонч бўлган жойда эса ҳамкорлик, тараққиёт ва натижа пайдо бўлади.

Матбуот халқ билан раҳбарият ўртасидаги энг муҳим кўприкдир. Шу боис, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси раҳбарияти иштирокида журналистлар ва блогерлар учун очиқ матбуот анжумани ташкил этиш айни муддао бўлар эди. Бундай мулоқот давомида аҳолини қийнаётган долзарб масалалар муҳокама қилиниши, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилиши, журналистларнинг саволларига очиқ жавоб қайтарилиши, энг муҳими, жамоатчиликни қизиқтираётган кўплаб саволларга ойдинлик киритилиши мумкин.

Зеро, кучли маҳалла фақат қарорлар билан эмас, халқ билан самимий мулоқот, жамоатчилик назорати ва ҳамжиҳатлик орқали барпо этилади. Маҳалла ривожланса, инсон манфаати таъминланади. Инсон манфаати таъминланган жойда эса юрт тараққиёти мустаҳкам пойдеворга эга бўлади.

Лайло Ҳайитова, журналист