Чемпионат
Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда спортнинг ўрни беқиёс. Шу боис, мамлакатимизда ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун кнг имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан Республика спорт ва маданият ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда амалий ўт ўчириш спорти федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган “Ёш ўт ўчирувчи” VI-чемпионат ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир.
“ЁШ ЎТ ЎЧИРУВЧИ”: ЭПЧИЛ, ЧАҚҚОН, ЖАНГОВОР
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда Халқ таълими муассасалари ўқувчиларини ёнғин ўчирувчи касбига қизиқтириш, ушбу йўналишда тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб борилишини таъминлаш, ўқувчиларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича амалий кўникмаларини ҳамда жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур чемпионатга Бухоро мезбонлик қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда мамлакатимиздаги барча вилоятлардан иштирокчи жамоалар ташриф буюришди. Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирилди. Айнан шу йўналишда моддий-техник база мустаҳкамлангани баробарида ёш ўт ўчирувчилар маҳорати ҳам етакчи ўрин тутиши таъкидланди.
— Бу йилги ёш ўт ўчирувчилар мусобақаси ҳам ўтган йиллардаги сингари уюшқоқлик билан ўтказилди. Томошабинлар ёш иштирокчиларнинг спорт маҳоратига қойил қолишди. Биз ҳам беллашувларда ўқувчи-ёшларнинг муваффақиятли иштирокларини кузатар эканмиз, уларнинг юз-кўзларидан ҳар доим халқ хизматига шай эканликларини англаш қийин эмас,-дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси в.в.б Нодир Солихов,-мусобақа фақатгина ёнғинни ўчириш амалий спортини кенг тарғиб қилишдангина иборат бўлиб қолмай, соҳанинг бўлажак мутахассислари иқтидорини янада мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси билан ҳам аҳамиятлидир.
Уч кун давом этган беллашувлар шартларини бажариш давомида ёш ўт ўчирувчилар ўзларининг қай даражада эпчил ва қийин вазиятларда тез ва оқилона қарор қабул қилиш, шунингдек, жанговор маҳоратларини намойиш эта олдилар. Улар фавқулодда ҳолатларда вазиятни маҳорат билан енгиллаштириш, ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиб, чаққонлик билан жабр кўрган инсонларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг мол-мулкини ёнғин хавфидан сақлаб қолиш бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишди. Иштирокчилар уч тур — 100 метрли тўсиқли йўлакчани босиб ўтиш, 4х100 метрли ёнғин ўчириш эстафетаси (гулханни ўчириш билан бирга) ҳамда ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 2-, 3-қаватларига кўтарилиш бошқа жанговар вазифаларни бажариш бўйича куч синашдилар.
Чемпионатнинг ёнғин ўчириш эстафетаси бўйича Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасидаги баҳсларда бухороликлар биринчи ўринга, сурхандарёликлар иккинчи ўринга, Хоразм жамоаси учинчи ўринга эга бўлишди. Худди шу баҳслар Халқ таълими муассасалари ўртасида ҳам бўлиб ўтиб, бунда Навоий жамоаси биринчи ўринни ишғол қилган бўлса, қорақалоғистонликлар иккинчи ўринга сазовор бўлишди. Бухоро ёшлари фахрли учинчи ўринни эгаллашди.
- 100 метрли тўсиқли йўлакчаларни босиб ўтиш шарти ҳам ғоятда қизғин кечди. Бунда Бухоро, Сурхандарё ҳамда хоразмлик тенгдошларимиз пешқадам бўлишди. Энг муҳими, улар чемпионатга жиддий ҳозирлик кўришганини исбот этишди. Гарчи, бизнинг жамоа баҳсларда кучли учликдан ўрин олишмаган бўлса-да, тенгдошларимизга омад ва зафар тилаб қоламан,-дейди Қарши Саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Жамшид Шарипов.
Ишғол қилиш нарвонида миноранинг тепасига. Яъни Уч тирсакли нарвонда миноранинг учинчи қаватига кўтарилиш баҳсида Жиззах, Фарғона, Бухоро, Қорақалпоғистон, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри, Қашқадарё иштирокчилари ҳаммадан чаққон, кучли ва эпчил эканлигини намойиш этишди.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳар бир соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимдан маънавий, жисмоний, аҳлоқий, умуман ҳар томонлама баркамол, юксак билим ва салоҳиятга эга бўлиши талаб этилади. Мазкур чемпионат иштирокчи ёшлар ўртасидан ички ишлар идоралари хизматчилари, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги ходимларини саралашда ҳам муносиб ўрин тутади. Айнан иштирокчиларнинг машғулотлар давомида мустаҳкамланган билим ва кўникмалари, амалиёт сабоқларини тест синовлари орқали намоён этишди. Тест синовларида Навоий, Бухоро, Хоразм, Сирдарё ёшлари кучли билим салоҳиятга эга эканликларини кўрсатишди.
— Бугунги кунда барча ҳудудларда ёшлар ўртасида спорт турларини оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётир,- дейди Бухоро вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Хайрулла Зойиров,-бундай мусобақалар ходимларнинг спорт маҳорати, чаққонлик, эпчиллик ва жанговарлик сифатларини мустаҳкамлаш билан бирга ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишга кенг имконият яратади. Шу билан бирга юртдошларимизни, уларнинг уй-жойини, шунингдек, давлат мулкини, ижтимоий аҳамиятга молик объктларни ёнғин хавфидан асрашга, ёнғин содир бўлган тақдирда эса катта талофотларнинг олдини олишда ёрдам беради.
Дарҳақиқат, бу каби мусобақаларда ёш ўт ўчирувчилар ҳам жисман, ҳам психологик жиҳатдан синовдан ўтади, тобланади. Бу эса аҳоли тинчлиги, осойишталиги, хавфсизлигининг асосий гарови бўлиб хизмат қилиши аниқ.
Чемпионат якунига кўра, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги баҳсларда биринчи ўринга Қорақалпоғистон жамоаси, иккинчи ўринга Бухоро ва учинчи ўринга Андижон жамоаси сазовор бўлди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари иштирокчилари ўртасидаги беллашувларда бухороликлар пешқадам бўлишиб, биринчи ўринни эгаллашди. Иккинчи ўрин сирдарёлик ёш ўт ўчирувчиларга насиб этган бўлса, жиззахлик ёшлар учинчи ўринга муваффақ бўлишди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Лайло ҲАЙИТОВА