Туғилган кунимга дугонам совға қилган мўъжаз буюм, яъни нақшинкор лаган мени ҳайратга солди. Дугонамдан қўярда-қўймай, нақшинкор қилиб ўйиб ишланган бу лаганни кимдан олганини сўрадим.
У ушбу санъат асари “Нодир Девонбеги” мадрасасидаги кандакорлик устахонасида ишлайдиган ўртоғи Жасур исмли бола томонидан яратилганини айтди.
Жасур томонидан яратилган миллий ҳунармандчилигимиз намуналари билан танишиш ниятида “Нодир Девонбеги” мадрасасида бўлдик. Ёш ҳунарманд барчамиз билган машҳур кандакор уста Тоҳир Қосимов ўғли экан. Олма тагига олма тушади, деганларидек, Жасурнинг нигоҳларида ҳунармандлар сулоласини давом эттиришга қодир буюк орзу жўш уриб туради.
Ёш кандакор уста билан ўзаро суҳбатлашиб, ушбу қўл меҳнатининг нақадар оғир эканлигини ҳис этади киши.
-Буларга бўёқ ишлатиладими?- сўрайман ундан.
-Лотун, яъни биринжи материалдан ясаладиган ушбу буюм махсус пўлат қалам ҳамда болғача ёрдамида тайёрланади. Бироқ, маҳсулот тайёр бўлгунча ҳеч қандай бўёқдан фойдаланилмайди. Чунки, ҳеч қандай бўёқларсиз ҳам лотунга берилган безак унинг янада офтобдек сержило тобланишини таъминлайди. Бўёқларни эса ясалган тайёр буюмнинг рангдорлиги ва кўркам бўлишини инобатга олиб ишлатиш мумкин. Шунда ҳам ранг-жило кандакор томониданмас, балки наққош томонидан берилади. Мен эса икки санъат турини ҳам уйғун равишда ўзим ясаган буюмларда намоён этишга ҳаракат қиламан. Уринишларим зое кетмаяпти. Болалигимда наққошлик санъатига бўлган қизиқишим кандакорлик ҳунаримни янада бойитиб бормоқда.
Жасур ўзи ясаган миллий ҳунармандчилик буюмларини бир-бир намойиш этар экан, улар кўпрок чет эллик сайёҳлар томонидан харид қилинишини билдиради.
-Жасур томонидан яратилаётган нозиктаъб, гўзал ва бежирим яратилган кандакорлик буюмлари шу қадар мўъжизакор ясалганки, ҳеч бир сайёҳ унинг олдидан эътиборсиз ўтолмайди. Оддий қўллар шунчалик мўъжиза яратишга қодир эканлиги таҳсинга муносиб. Айниқса, “Ипак ва зираворлар-2016” анъанавий халқаро фестивалига атаб тайёрлаётган қўл меҳнати кўргазмалари кўзларни жилолантирмай қўймайди, – дейди Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси, кандакор уста Миржон Аҳмедов.
Меҳнатнинг таги роҳат, деганларидек, харидоргир ва сифатли миллий ҳунармандчилигимизга хос бетакрор буюмлар яратаётган Жасур ўзининг ҳалол меҳнати эвазига турли кўрик-танловларда ҳам муносиб тақдирланган. “Иқтидорим, бор имконим, сен учун Ватан!” шиори остидаги ёшлар фестивали доирасидаги “Ёш ҳунармандлар” танлови, “Юрт келажаги-2015” иқтидори ёшлар танлови республика босқичининг “Амалий санъат” номинацияси ва бошқа кўрик-танловларда қатнашиб, ғолибликка эришганлари шулар жумласидандир.
Миллий ҳунармандчилигимиздан завқланиб, ортга қайтар эканмиз, инсон кўп нарсаларга қодир, моҳир қўллар мўъжиза яратишига ишонч ҳосил қилдик. Фақат бунинг учун кишида ихлос ва ирода бўлиши керак.