Бухорода Бюро маблағларини талон-тарож қилган МИБ ходими қўлга олинди

Бюронинг Бухоро вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимовнинг маълум қилишича, бўлим мутахассиси 300 миллиондан ортиқ бюро пулларидан ўз манфаати йўлида фойдаланган.   Таъкидланишича, Мажбурий ижро бюросининг Когон туман бўлими мутахассиси Ф.О. бюро ҳисоб рақамларига келиб тушган пул маблағларини ўз муддатида, тегишлилигига кўра, тўғри йўналтирилишини таъминлашга масъул бўлган. Бироқ, Ф.О. ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб, ҳисоб рақамлардаги 300 миллион сўмдан ортиқ пул маблағини ўзига аввалдан таниш бўлган 4 нафар фуқаронинг пластик карталарига ўтказган. Шу орқали ўз танишлари билан тил бириктирган ҳолда пулларни нақдлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.                      «Бюро бўлими мутахассисининг бу хатти-ҳаракатларини оқламаймиз. Унинг бу қилмишига айнан бюро масъулларининг сайъ-ҳаракати билан аниқлик киритилди. Бюро ҳисоб рақамига келиб тушаётган пуллар ҳар тийинигача доимий назоратда ва у тегишлилигига қараб, йўналтирилиши шарт. Талон-тарож қилинганлик ҳолати юзасидан прокуратура органларига ҳужжатлар тақдим қилинди»,-деди Ихтиёр Олимов.                   Маълум бўлишича, ходим ўзи манфаатдор бўлишни кўзлаган ва талон-тарож қилган барча пулларни тўлиғича ҳисоб рақамига қайтарган.                                                                     Ҳозирда Когон туман прокуратураси томонидан Ф.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.