“Buxoro yoshlari” газетаси Таҳририяти Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан ажратилган грант маблағларига эга бўлди.
Шу муносабат билан “Соғлом ҳаёт-бахтли келажак” лойиҳаси режалари билан танишитириш ва келгусидаги жараёнлар ҳақида батафсил тушунтириш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, журналистлар ва блогерлар Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар, вилоят Спорт бошқармаси, вилоят ИИБ бошқармаси вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Бухоро вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси Ахборот таҳлил ва ижро назорати бўйича бош мутахассис Шерзод Нарзуллаев томонидан табрик сўзи билан очилди. Таҳририятга лойиҳани ўтказиш давомида омад ва шижоат тилади:
– “Buxoro yoshlari” таҳририяти доимий газетани нашр эттириш ишларидан ташқари, турли тадбиру танловларда иштирок этишга ҳам улгуради. Газета жамоаси бугун катта бир лойиҳанинг бошида турибди. Ишончим комилки, лойиҳа доирасида ўтказилиши кутилаётган тадбирлар файзли ва самарали бўлади. Ёшлик ва фаоллик сизларни асло тарк этмасин.
Шунингдек, матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ ходимлари ҳамда блогерларга эсдалик совғалари тақдим этилди. Креатив тарзда ўтган матбуот анжуманида интерфаол ўйинлар ҳам ташкил этилди
– Бухоро вилоят спорт бошқармаси йил якунига қадар ёшлар ўртасида кўплаб лойиҳа ва учрашувлар ўтказишни режалаштирган. Таҳририят лойиҳаси ҳам айнан йўналишимизга мослиги туфайли ҳамкорликда иш олиб борамиз. Биргаликда яна режалар тузиб, ҳали юзага чиқмаган иқтидор ва истеъдод эгаларини излаб топамиз,- деди Бухоро вилоят спорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулмира Гулямова.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Buxoro yoshlari” газетаси “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш” асосида “Соғлом ҳаёт – бахтли келажак!” номли лойиҳасини тақдим этиб, 60 000 000 сўм маблағни қўлга киритди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг тиббий ва экологик маданиятини ошириш, жисмоний нуқсони бор ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлидаги ишларни кенг ёритишда ОАВ ролини ошириш мақсади кўзланган ушбу лойиҳада барча ёшлар биргаликда, бир тану бир жонликда ҳаракатда бўлади.
Зеро, биз ҳам ёшларнинг келажакдаги имкониятларга йўл очишдан чарчамаймиз.