Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли қонуни билан Жиноят Кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 46-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:«Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўттиз кундан кўпроғини ўташдан узрли сабабларсиз бўйин товласа ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетса, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товланган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди»;
Бундан ташқари 481-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёхуд ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат»;
Шунингдек, ЖК 73-модда: учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса» деган сўзлар чиқариб ташланиб, тўртинчи қисми «г» бандининг ўзбекча матнидаги «нисбатан қўлланилмайди» деган сўзлар чиқариб ташланди; тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги «д» банд билан тўлдирилди: «д) жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди»; шу билан бирга қуйидаги мазмундаги бешинчи — тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилди: «Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:
а) ишга ёки ўқишга жойлашиш;
б) муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;
в) муайян жойларга бормаслик;
г) алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;
д) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни ички ишлар органлари, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хулқ-атвори устидан назоратни эса — ҳарбий қисмлар ёки муассасаларнинг қўмондонлиги амалга оширади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан суд илгари ушбу шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёхуд унинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатиши мумкин.
Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади»;
Бундан ташқари ЖК 74-модда учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун» деган сўзлар чиқариб ташланди.
Боборахим Ачилов, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси