– Онангиз ўргатмаганми, келин, супургини тикка қўйиб бўлмайди, бунақада уйимизга мусибат олиб келасиз. Менга беринг, супургини,- қўшни “холамиз” ҳар кунги жаврашларини бошлади,-қандай “уқмаган” келинсиз-а, супургини қўлга бермайдилар, ерга ташлайдилар.
Дарвоқе, “ирим-сиримлар қироличаси” деб ном олган қўшнимизнинг ҳар бир вазиятга ғалати ёндашиб, воқеа-ҳодисалардан “магия” излашлари бир қарашда кенг тарқалган ҳолат бўлса-да, бунинг асосий сабаби диний билимларимизнинг камлигида.
– Қизим, келинг тасаддуқ, вой остонадан ҳатланг, остонада кўришиш хайрсиз, – қўшнимиз ўз гапларига астойдил ишониб қошларини чимирди. – Келин, чойдан қуйинг, – чойдаги пуфакчаларни бошига суртаркан, давом этди, – ўзи ўнг қўлим анчадан бери қичишяпти. Пенсия келадими, дейман…
Одамлар орасида турли хилдаги ирим-сиримлар талайгина. Қора мушук йўлини кесиб ўтиб қолса, қалампир ёки аччиқ нарсаларни қўлдан-қўлга берса, чап кафт қичишса, бойўғли сайраса бу ҳолатларни бахтсизликка боғлайдиганлар жамиятда топилади.
Келинг, биргаликда бир ирим тарихини кўриб чиқамиз. Айримлар остонада ўтириб, унинг устида кўришиб бўлмайди, деган сафсатага ишонишади. Гап шундаки, қадим замонларда ўликларнинг кули уй остонаси тагига кўмилган. Шунинг учун остонада туриб, олди-берди қилиш уларнинг руҳини безовта қилиши мумкин, деб ҳисобланилган. Бундан ташқари, остона – бехавотир уй билан хавфли дунё ёки яна ҳам қўрқинчлиси – тириклар дунёси билан ўликлар дунёси ўртасидаги чегара ҳисобланармиш. Ана шунақа гаплар…
Бу мақолани ёзишдан олдин анчагина манбааларни кўриб чиқишимга тўғри келди. Аслида, бировнинг ишонч-у эътиқодини чиппакка чиқариш фикридан йироқман. Аммо ирим-сирим бидъат, ҳар бир бидъат залолат, деган жумлани ўқидим-у, бу мавзуда ёзиб хато қилмаётганимни англадим.
Тирноқ олишни қайсидир “махсус” кунга боғлайдиганлар, ёки тунда олиш, оёқ ва қўл тирноғини бир вақтда олиш мумкин эмас, дейдиганлар ҳамиша топилади. Энг қизиғи, салгина тафаккур қилинса, бу “фалсафа” аслида ўйлаб топилган сафсаталиги англашилади. Бундайларга қарата, тирноқ қачон ўсса олинаверади-да, дегим келади.
Аслида, меҳмон кетгач, орқасидан супурилса, хўроз бемаҳал қичқирса, чап қовоқ учса, сафар ойида тўй қилинса, дуо қилинаётганда дастурхон устида туз ёки пичоқ бўлса, биров тишлаган нонни еса, шомдан кейин сут тарқатса, одамнинг эгнида кийим чатилса, ҳеч бир ёмонлик содир бўлмайди. Бахт ёки бахтсизлик синиқ ойнага қарашга, пешонанинг кенглигига, кўрпача ёки хонтахтанинг бурчагига ўтиришга боғлиқ эмас.
Агар Аллоҳ зиён етказмаса, олам бир бўлиб ҳам сизга зиён етказолмайди. Уйингизга осилган тақа-ю исириқ, шода-шода кўзмунчоқ, кези келганда ўзини асролмайди-ку, сизни қандай асрасин?! Белгиланган ризқ эса чойдаги пуфакларни пешонангизга суртмасангиз ҳам, биринчи савдо қилинган даромадни сотиладиган нарсаларга уриб чиқмасангиз ҳам, ўнг кафтингиз қичишмаса ҳам манзилингизни топиб келаверади.
Аёлларни-ку, иримга ишонса, аёл-да, деб қўямиз. Аммо эрталаб йўлини аёл кесиб ўтса, шумланадиган эркаклар ҳам борлиги ачинарли ҳол. Юлдуз учса, қайсидир тақдирнинг сўнгани, дея таърифлайдиганлар, аслида, юлдузлар инсондан олдинроқ яратилганлиги ҳақида тафаккур қилсалар соз бўлар эди. Бешикни икки киши кўтариши мумкин эмас, дегувчиларнинг гапида ҳеч бир мантиқ сезмаймиз.
Дарвоқе, “янгилик” яратишга ўчларга қарата сермаҳсул ижодингизни инсониятга фойда келтирадиган кашфиётлар қилишга қаратинг, дегим келади.
Ситора Шамсиддинова