Архив рубрики: Табрик

Давр билан ҳамнафас газета

Барчангизни Ёшлар ишлари бошқармаси муассислигидаги “Buxoro yoshlari” газетасининг ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу нашр ўзига хос тарихи, катта тажриба йўли ва чинаккам муштарийларига эга.

Зеро, ўтган чорак аср давомида газета вилоятимиз ёшларининг овози, орзу-интилишлари ва фаол фуқаролик позициясини ифода этувчи муҳим ахборот минбарига айланди.

Таҳририят жамоаси юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсати мазмун-моҳиятини айнан ёшлар нигоҳида ёритиб, уларни ватанпарварлик, фидойилик ва ташаббускорлик руҳида тарбиялаб келмоқда.

Бугунги кунда босма оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар, интернет платформаларининг ўзаро уйғунлашуви асосида интеграциялашган ахборот муҳитини яратиш замон талабига айланди.

Қувонарли томони шундаки, “Buxoro yoshlari” газетаси ўз фаолиятида конвергент оммавий ахборот воситаси, яъни босма ва интернет имкониятларини самарали уйғунлаштириб, давр билан ҳамқадам қадам ташламоқда. Айниқса, таҳририят қошида “Buxoro yoshlari” студиясининг ташкил этилаётгани хабари ҳам бизни беҳад қувонтирди.

Газета сафига иқтидорли, билимли ва ташаббускор ёш кадрларнинг қўшилгани, янгича ёндашувлар, илғор ғоялар ва замонавий журналистика талабларига мос лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани таҳсинга сазовордир. Бу эса таҳририят жамоасининг юксак салоҳияти ва катта масъулият билан фаолият юритаётганидан далолат беради.

Ишончим комилки, сизлар келгусида ҳам жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни холис ва таъсирчан ёритиб, ёшларимизни эзгу мақсадлар сари чорлайдиган, уларни бирлаштирадиган нуфузли ахборот манбаи бўлиб қоласизлар.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ёш журналистлар ва таҳририят жамоасига мустаҳкам соғлик, ижодий ютуқ ва касбий зафарлар, илҳом ва қаламингизга бардавом барака тилайман!

Ботир Зарипов,

Бухоро вилояти ҳокими