“МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ДАВР ТАЛАБИ”

Бухоро туманидаги Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида мавзуда ўтказилган  давра суҳбатида аҳоли, айниқса, ёшларга   муқобил, экологик соф  энергиядан фойдаланиш усуллари ҳамда афзалликлари тушунтирилиб, юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида  маълумотлар берилди.

экоо

Маълумки, муқобил энергия тушунчаси фанда ўтган асрнинг бошларида қўлланила бошланган. Жаҳонда биринчилардан бўлиб ундан ­Япония, Германия ва бошқа давлатларда кенг фойдаланилган. Бунинг асосий сабабларидан бири мазкур давлатларда ёқилғи қазилма бойликларининг, деярли, йўқлигидир.  2011 йилда Японияда бўлган табиий офат натижасида атом электр станциялари ҳамда йирик тўғонлардан фойдаланган ҳолда электр энергия олишдан воз кечилиб, энергия олишнинг муқобил йўлларига ўтилган. Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда у ёки бу давлатнинг барқарор ривожланиши учун энергетика тармоғида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салмоғига узвий боғлиқ бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.  Бунинг учун ҳар бир давлат мазкур соҳада қонунчилик базасини яратиб, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тизимини йўлга қўймоғи лозим.

эко4

Статистик маълумотларга кўра, ҳозиргача 80 га яқин мамлакатда муқобил энергия манбалари соҳасида миллий қонунчилик яратилган. Айниқса, сўнгги ўн йилликда мазкур соҳада Австралия, Австрия, Бельгия, Бразилия, Канада, Хитой, Дания, Эстония, Чехия, Франция, Германия, Ирландия, Жанубий Корея, Нидерландия, Португалия, Сингапур, Швеция, Швейцария, АҚШ, Ҳиндистон ва Монголия каби мамлакатларда тегишли қонунлар қабул қилинган ҳамда амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 50 дан ортиқ давлатда қонун йўли билан давлат, бизнес ва нодавлат сектор эътиборини мазкур соҳага қаратиш, муқобил энергия манбаларининг ривожи учун давлат томонидан рағбатлантирувчи чораларни кўриш, субсидиялар сиёсатини қўллашга нисбатан муносабат шаклланган. Масалан, Хитойда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, қайта тикланувчи энергия манбани, хусусан, қуёш ва шамол энергиясидан олинадиган электр манбаини умуммиллий электр тармоқларига улаш назарда тутилган. Бу давлатда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида бир қатор имтиёзлар белгиланган.

2020 йилга бориб, бу ерда мазкур манбадан олинадиган энергия ҳажми 15 фоизга етказилиши мўлжалланган. Амалдаги қатор қонунчиликка биноан, кўриладиган чоралар натижасида Европа Иттифоқида 2020 йилда қайта тикланувчи энергия манбаи соҳасида 2,8 млн.та иш ўрни яратилиши, қайта тикланувчи энергия индустриясининг иттифоқ ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси 1,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ҳар бир  давлат муқобил энергия манбаи йўналишида  ўз фаолиятини олиб боради. Масалан, Исландия геотермик, яъни ер бағридаги иссиқликдан энергия манбаи сифатида фойдаланиш борасида кенг салоҳиятга эга бўлса, Италия ва Испания қуёш энергиясидан фойдаланишда бир қатор устунликларга эга. Айниқса, Испанияда 2005 йилда Қуёш Ордонанси қабул қилинганидан сўнг, ушбу соҳада шиддат билан ўсиш кузатилмоқда. Дания ва Германия шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Европа Иттифоқида етакчилик қилишмоқда.

Ўтказилган тадбирда туман ДСЭНМ ходими Зебо Жумаева “Муқобил энергия-давр талаби”, касб-ҳунар коллежининг биология фани ўқитувчиси Айна Худойназарова “Ўзбекистонда муқобил энергияга ўтишнинг истиқболлари” мавзусида сўзлаган нутқларида юқоридаги манбалар хусусида тўхталишди.

118 нафар киши қатнашган мазкур тадбир ёшларга   муқобил, экологик соф  энергиядан фойдаланиш усуллари ҳамда афзалликлари тарғиботидан ташқари,  бу борада юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида  тушунчага эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этди.

Жаҳонгир ШАРИПОВ,

Ўзбекистон экологик ҳаракати вилоят ҳудудий

 бўлинмаси координатори.