Қонунлар-пойдеворимиз!

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИ АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 11-сон, 246-модда)

Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик декларациясига ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёнотга асосланиб, Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши ушбу Қонунни қабул қилади.

1-модда.

Ўзбекистон Республикаси, ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси билан бирга мустақил, демократик давлатдир.

2-модда.

Ўзбекистон Республикасининг халқи суверендир ва у республикада давлат ҳокимиятининг бирдан-бир соҳибидир. У ўз ҳокимиятини ҳам бевосита, ҳам вакиллик идоралари тизими орқали амалга оширади.

3-модда.

Ўзбекистон Республикаси тўла давлат ҳокимиятига эга, ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилайди.

4-модда.

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмас бўлиб, унинг халқи ўз хоҳиш-иродасини эркин билдирмасдан туриб ўзгартирилиши мумкин эмас.

5-модда.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унинг қонунлари устундир. Ўзбекистон Республикаси давлат идораларнинг тизими ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратиш тартиби асосида қурилади.

6-модда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, миллий гвардия ва ноҳарбий (муқобил) хизмат ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Суверен Ўзбекистон Республикаси ҳудудида СССР Қуролли Кучларини шакллантириш ва уларга раҳбарлик қилиш масалаларида ҳарбий сиёсатни амалга ошириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

7-модда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг моддий асоси унинг мулкидир.

Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар, республиканинг маънавий бойликлари Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги, мулки ҳисобланади.

8-модда.

Давлат мулки объектлари, шунингдек давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг, шу жумладан Иттифоқ қарамоғида бўлиб келган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мол-мулки, уларнинг асосий ишлаб чиқариш, ноишлаб чиқариш ва оборот ёки бошқа фондлари ҳамда ўзга мол-мулки, ички коммуникация, транспорт, алоқа ва энергетика тизимлари, республика картографияси ва геодезияси Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.

9-модда.

Ўзбекистон Республикасининг мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш республика қонунларига мувофиқ амалга оширилади. Республика ҳудудида жойлашган, Иттифоқ қарамоғида бўлиб келган давлат корхоналарини акцияли жамиятларга айлантириш, уларни мулкнинг бошқа шаклларига ўтказиш фақат Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган шартлар асосида ва тартибда амалга оширилади.

10-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида олтин, бошқа қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашни мустақил амалга оширади ҳамда назорат қилади, ўз олтин захирасини яратади.

Ўзбекистон Республикаси СССРнинг олтин захирасида, олмос ва валюта жамғармаларида ўз улушига эга.

11-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз пул бирлиги — миллий валютасини жорий этишга, жами пул обороти, пул ва бошқа давлат қимматли қоғозлари эмиссияси ҳажмларини мустақил белгилашга ҳақли.

12-модда.

Ўзбекистон Республикаси мустақил молия ва кредит сиёсатини амалга оширади. Республика ҳудудида олинадиган солиқлар ва йиғимлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ва маҳаллий бюджетларга тушади.

13-модда.

Ўзбекистон Республикаси чет давлатлар билан дипломатик, консуллик, савдо алоқалари ва бошқа алоқалар ўрнатади, улар билан мухтор вакиллар айирбошлайди, халқаро шартномалар тузади, халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиши мумкин.

14-модда.

Ўзбекистон Республикаси халқаро иқтисодий муносабатларнинг мустақил субъекти бўлиб, чет эл инвестицияларини амалга ошириш шартларини, инвесторларнинг ҳуқуқларини белгилайди, ўзининг конверсия қилинадиган валюта жамғармасини яратади, олтин ва бошқа захираларини, айирбошланадиган валютани сотади ва сотиб олади.

15-модда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Инсон ҳуқуқлари умумий декларациясига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги жорий этилади.

Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллатидан, элатидан, ижтимоий чиқишидан, қайси динга мансублигидан ва эътиқодидан қатъи назар, бир хил фуқаролик ҳуқуқларига эгадирлар, республика Конституцияси ҳамда унинг қонунлари ҳимоясида бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари республикадан ташқарида ҳам Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўладилар.

16-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз тараққиёт йўлини, ўз номини аниқлайди, ўз давлат рамзларини: герби, байроғи, мадҳиясини таъсис этади, ўз давлат тилини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддасдир ва уларни ҳар қандай таҳқирлаш қонун билан жазоланади.

17-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудий бутунлигини ва мустақиллигини эътироф этади. Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар тенг ҳуқуқлилик асосида, улар ўртасидаги икки томонлама шартномалар ва битимлар воситасида қурилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан тегишли қонунлар асосида эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1991 йил 31 август,

336-XII-сон

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.01.00 Умумий қоидалар]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Таълим тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда; 2013 й., 41-сон, 543-модда)

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун фуқароларга таълим, тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

2-модда. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари

Таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиёти соҳасида устувор деб эълон қилинади.

Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;

умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.

[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.06.00.00 Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари / 01.06.04.00 Асосий (Конституциявий) ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлар / 01.06.04.05 Билим олиш ҳуқуқи]

4-модда. Билим олиш ҳуқуқи

Жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Билим олиш ҳуқуқи:

давлат ва нодавлат таълим муассасаларини ривожлантириш;

ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда таълим олишни ташкил этиш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш давлат дастурлари асосида бепул ўқитиш, шунингдек таълим муассасаларида шартнома асосида тўлов эвазига касб-ҳунар ўргатиш;

барча турдаги таълим муассасаларининг битирувчилари кейинги босқичдаги ўқув юртларига киришда тенг ҳуқуқларга эга бўлиши;

оилада ёки ўзи мустақил равишда билим олган фуқароларга аккредитациядан ўтган таълим муассасаларида экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқини бериш орқали таъминланади.

Бошқа давлатларнинг фуқаролари Ўзбекистон Республикасида халқаро шартномаларга мувофиқ билим олиш ҳуқуқига эга.

Республикада истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.

5-модда. Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи

Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагог ходимларни олий ўқув юртларига ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади.

Педагогик фаолият билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахсларнинг таълим муассасаларида бу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.04.00 Давлат таълим муассасалари ва бошқа таълим ташкилотлари]

6-модда. Таълим муассасасининг ҳуқуқий мақоми

Таълим муассасасини аккредитациялаш ваколатли давлат органи томонидан аттестацияга асосан амалга оширилади.

Таълим муассасаси юридик шахс бўлиб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда барпо этилади. Нодавлат таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқлари ва таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган устав асосида фаолият кўрсатади.

Таълим муассасаси аттестация натижаларига биноан давлат аккредитациясидан маҳрум этилиши мумкин.

Таълим муассасалари ўқув-тарбия мажмуиларига ҳамда ўқув-илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари ва уюшмаларига бирлашишга ҳақли.

Таълим муассасалари уставда белгиланган вазифаларига мувофиқ пулли таълим хизматлари кўрсатиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланишга ҳақли.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.03.00 Давлат таълим стандартлари. Таълим дастурлари. Таълим жараёни]

7-модда. Давлат таълим стандартлари

Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим мазмунига ҳамда сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди.

Давлат таълим стандартларини бажариш Ўзбекистон Республикасининг барча таълим муассасалари учун мажбурийдир.

8-модда. Таълим бериш тили

Таълим муассасаларида таълим бериш тилидан фойдаланиш тартиби Давлат тили ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.

  1. ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ВА ТУРЛАРИ

9-модда. Таълим тизими

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат стандартларига мувофиқ таълим дастурларини амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари;

таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасалар;

таълим соҳасидаги давлат бошқарув органлари, шунингдек уларга қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар.

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими ягона ва узлуксиздир.

10-модда. Таълим турлари

Ўзбекистон Республикасида таълим қуйидаги турларда амалга оширилади:

мактабгача таълим;

умумий ўрта таълим;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;

олий таълим;

олий ўқув юртидан кейинги таълим;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

мактабдан ташқари таълим.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.08.00 Мактабгача таълим]

[СПиТ:

1.Таълим / Мактабгача таълим]

11-модда. Мактабгача таълим

Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Бу таълим олти-етти ёшгача оилада, болалар боғчасида ва мулк шаклидан қатъи назар, бошқа таълим муассасаларида олиб борилади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.09.00 Ўрта таълим]

[СПиТ:

1.Таълим / Умумий ўрта таълим]

12-модда. Умумий ўрта таълим

Умумий ўрта таълим босқичлари қуйидагича:

бошланғич таълим (I—IV синфлар);

умумий ўрта таълим (I—IX синфлар).

Бошланғич таълим умумий ўрта таълим олиш учун зарур бўлган саводхонлик, билим ва кўникма асосларини шакллантиришга қаратилгандир. Мактабнинг биринчи синфига болалар олти-етти ёшидан қабул қилинади.

Умумий ўрта таълим билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради.

Болаларнинг қобилияти, истеъдодини ривожлантириш учун ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши мумкин.

 

 

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.10.00 Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими (лицейлар, колледжлар)]

[СПиТ:

1.Таълим / Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими]

13-модда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим олиш мақсадида ҳар ким умумий ўрта таълим асосида академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишнинг йўналишини ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқига эга.

Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари эгалланган касб-ҳунар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳамда бундай иш ёки таълимни навбатдаги босқичда давом эттириш учун асос бўладиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими беради.

[СПиТ:

1.Таълим / Академик лицей]

Академик лицей ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятларини жадал ўстиришни, уларнинг чуқур, табақалаштирилган ва касб-ҳунарга йўналтирилган билим олишларини таъминлайдиган уч йиллик ўрта махсус ўқув юртидир.

[СПиТ:

1.Таълим / Касб-ҳунар коллежи]

Касб-ҳунар коллежи ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, маҳорат ва малакасини чуқур ривожлантиришни, танланган касблар бўйича бир ёки бир неча ихтисос олишни таъминлайдиган уч йиллик ўрта касб-ҳунар ўқув юртидир.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.11.00 Олий таълим (бакалавриат ва магистратура)]

[СПиТ:

1.Таълим / Олий таълим]

14-модда. Олий таълим

Олий таълим юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлади.

Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш олий ўқув юртларида (университетлар, академиялар, институтлар ва олий мактабнинг бошқа таълим муассасаларида) ўрта махсус касб-ҳунар таълими асосида амалга оширилади.

Олий таълим икки босқичга: давлат томонидан тасдиқланган намунадаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар билан далилланувчи бакалавриат ва магистратурага эга.

[СПиТ:

1.Таълим / Бакалавриат]

Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича пухта билим берадиган, ўқиш муддати камида тўрт йил бўлган таянч олий таълимдир.

[СПиТ:

1.Таълим / Магистратура]

Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида камида икки йил давом этадиган олий таълимдир.

Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.12.00 Олий таълимдан кейинги таълим (аспирантура, адъюнктура, докторантура, тадқиқотчилик)]

[СПиТ:

1.Таълим / Олий ўқув юртидан кейинги таълим]

15-модда. Олий ўқув юртидан кейинги таълим

Олий ўқув юртидан кейинги таълим жамиятнинг илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилгандир. Олий ўқув юртидан кейинги таълим олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаларида (катта илмий ходим-изланувчилар институти, мустақил изланувчилик) олиниши мумкин.

(15-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, илмий даража ва илмий унвонлар бериш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

[СПиТ:

1.Таълим / Кадрлар малакасини ошириш (қайта тайёрлаш)]

16-модда. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш касб билимлари ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда янгилашни таъминлайди.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.13.00 Таълимнинг бошқа турлари. Қўшимча (мактабдан ташқари) таълим]

[СПиТ:

1.Таълим / Мактабдан ташқари таълим]

17-модда. Мактабдан ташқари таълим

Болалар ва ўсмирларнинг якка тартибдаги эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда мактабдан ташқари таълим муассасаларини ташкил этишлари мумкин.

Мактабдан ташқари таълим муассасаларига болалар, ўсмирлар ижодиёти саройлари, уйлари, клублари ва марказлари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, санъат мактаблари, мусиқа мактаблари, студиялар, кутубхоналар, соғломлаштириш муассасалари ва бошқа муассасалар киради.

Мактабдан ташқари таълим муассасаларининг фаолият кўрсатиш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

18-модда. Оиладаги таълим ва мустақил равишда таълим олиш

Давлат оилада таълим олишга ва мустақил равишда таълим олишга кўмаклашади. Болаларни оилада ўқитиш ва мустақил равишда таълим олиш тегишли таълим муассасаларининг дастурлари бўйича амалга оширилади. Таълим олувчиларга ваколатли давлат муассасалари томонидан услубий, маслаҳат ва бошқа йўсинда ёрдам кўрсатилади.

 

19-модда. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар

Аккредитация қилинган таълим муассасаларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, диплом, сертификат, гувоҳнома) берилади. Давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат оилада таълим олган ёки мустақил равишда билим олган ва аккредитация қилинган таълим муассасаларининг тегишли таълим дастурлари бўйича экстерн тартибида имтиҳонлар топширган шахсларга ҳам берилади, давлат таълим муассасаларида ўқитилиши шарт бўлган ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган мутахассисликлар бундан мустасно.

Олий маълумот тўғрисидаги дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, уларнинг ҳажмлари ва фанларга қўйилган баҳолар ёзилган варақа илова қилинади.

Диссертация ҳимоя қилган шахсларга белгиланган тартибда фан доктори илмий даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади.

(19-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Давлат таълим стандартларига мос келган тақдирда Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатларнинг ҳукуматлари ўртасидаги икки томонлама битимлар асосида ҳар икки томоннинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатлари белгиланган тартибда ўзаро тан олиниши мумкин.

Тегишли босқичдаги таълимни тугалламаган шахсларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.

Давлат тасдиқлаган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат навбатдаги босқич таълим муассасаларида таълим олишни давом эттириш ёки тегишли ихтисослик бўйича ишлаш ҳуқуқини беради.

III. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.21.00 Ўқувчилар, талабалар ва тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси]

20-модда. Таълим олувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш

Таълим муассасасида таълим олувчилар қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга мувофиқ имтиёзлар, стипендия ва ётоқхонада жой билан таъминланади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.31.00 Таълим ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш]

21-модда. Таълим муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш

Таълим муассасалари ходимларига иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади, ҳақи тўланадиган йиллик узайтирилган таътиллар ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади.

Таълим муассасалари иш ҳақига мўлжалланган мавжуд маблағлар доирасида мустақил равишда ставкалар, мансаб окладларига табақалаштирилган устама белгилашга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни рағбатлантиришнинг турли шаклларини қўллашга ҳақли.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.22.00 Давлат грантлари. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг таълим олиши]

22-модда. Етим болаларни ва ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болаларни ўқитиш

Етим болаларни ва ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болаларни ўқитиш ва уларни боқиш давлатнинг тўла таъминоти асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.22.00 Давлат грантлари. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг таълим олиши]

23-модда. Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш, уларни тарбиялаш ҳамда даволаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилади. Болалар ва ўсмирларни ушбу таълим муассасаларига юбориш ва улардан чиқариш ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига биноан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқувчилари қисман ёки тўла давлат таъминотида бўлади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.22.00 Давлат грантлари. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг таълим олиши]

24-модда. Ижтимоий ёрдамга ва тикланишга муҳтож бўлган шахслар учун ўқув-тарбия муассасалари

Алоҳида шароитларда тарбияланиш ва ўқишга муҳтож бўлган болалар ва ўспиринлар учун уларнинг билим олиши, касб тайёргарлиги ва ижтимоий тикланишини таъминлайдиган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ташкил этилади.

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ муассасаларида сақланаётган шахсларнинг таълим олиши ва мустақил билим олиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шароитлар яратилади.

 

 

 

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.01.00 Умумий қоидалар]

  1. ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ БОШҚАРИШ

[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.11.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (шунингдек, 02.01.00.00га қаранг);

2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.01.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (шунингдек, 01.11.00.00га қаранг) / 02.01.02.00 Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари]

25-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим соҳасидаги ваколатларига қуйидагилар киради:

таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларига раҳбарлик қилиш;

таълимни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилаш;

таълим муассасаларини аккредитациядан, педагог, илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш;

бошқа давлатларнинг таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар бериш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва ҳужжатларнинг эквивалент эканлигини қайд этиш тартибини белгилаш;

давлат таълим стандартларини тасдиқлаш;

давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни тасдиқлаш ва уларни бериш тартибини белгилаш;

давлат грантлари миқдори ва таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини белгилаш;

давлат олий таълим муассасасининг ректорларини тайинлаш;

таълим олувчиларни аккредитация қилинган бир таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартибини белгилаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.

26-модда. Таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларининг ҳуқуқ доираси

Таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларининг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:

таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқариш;

таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услуб масалаларида уларга раҳбарлик қилиш;

давлат таълим стандартлари, мутахассисларнинг билим савияси ва касб тайёргарлигига бўлган талаблар бажарилишини таъминлаш;

ўқитишнинг илғор шакллари ва янги педагогик технологияларни, таълимнинг техник ва ахборот воситаларини ўқув жараёнига жорий этиш;

ўқув ва ўқув-услубият адабиётларини нашр этишни ташкил қилиш;

таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси ва давлат таълим муассасаларида экстернат тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

давлат олий таълим муассасасининг ректорини тайинлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

педагог ходимларни тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.

[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.15.00.00 Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари / 01.15.01.00 Маҳаллий давлат вакиллик органлари (Халқ депутатлари кенгашлари) / 01.15.01.02 Маҳаллий вакиллик органларининг ваколатлари;

2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.04.00.00 Маҳаллий ижроия органлари (Ҳокимликлар) (шунингдек, 01.15.03.00га қаранг) / 02.04.02.00 Ҳокимни тайинлаш ва тасдиқлаш. Ваколатлари]

27-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

таълим муассасалари фаолиятининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлигини таъминлайдилар;

таълим муассасаларини ташкил этадилар, қайта ташкил этадилар ва тугатадилар (республика тасарруфида бўлган муассасалар бундан мустасно), уларнинг уставларини рўйхатга оладилар;

ўз ҳудудларидаги таълим муассасаларини ваколат доирасида молиялаш миқдорларини ва имтиёзларни белгилайдилар;

таълим сифати ва даражасига, шунингдек педагог ходимларнинг касб фаолиятига бўлган давлат талабларига риоя этилишини таъминлайдилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширадилар.

28-модда. Таълим муассасасини бошқариш

Таълим муассасасини унинг раҳбари бошқаради.

Таълим муассасаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатадиган жамоат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин.

 

29-модда. Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари билан нодавлат таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар

Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари нодавлат таълим муассасаларида таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади.

Нодавлат таълим муассасалари таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, аккредитация қилган органлар уларнинг фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Нодавлат таълим муассасаларига қабул давлат ўқув юртлари учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

  1. ЯКУНЛОВЧИ ХУЛОСАЛАР

30-модда. Ота-оналар ёки қонуний вакилларнинг вазифалари

Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар.

31-модда. Таълимни молиялаш

Давлат таълим муассасаларини молиялаш республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

32-модда. Таълимни ривожлантириш фондлари

Таълимни ривожлантириш фондлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларнинг шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан ташкил этилиши мумкин.

 

 

33-модда. Халқаро ҳамкорлик

Таълим муассасалари таълим муаммолари юзасидан халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, чет давлатларнинг тегишли ўқув юртлари билан бевосита алоқалар ўрнатиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар билан қўшма ўқув юртлари ташкил этиш ҳуқуқига эга.

34-модда. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1997 йил 29 август,

464-I-сон

 

 

 

 

 

 

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.01.00 Умумий қоидалар]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 150-модда; 2013 й., 41-сон, 543-модда)

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини, жамиятнинг маънавий янгиланишини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришни, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишни таъминлайдиган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурмоқда.

Инсон, унинг ҳар томонлама уйғун камол топиши ва фаровонлиги, шахс манфаатларини рўёбга чиқаришнинг шароитларини ва таъсирчан механизмларини яратиш, эскирган тафаккур ва ижтимоий хулқ-атворнинг андозаларини ўзгартириш республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучидир. Халқнинг бой интеллектуал мероси ва умумбашарий қадриятлар асосида, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан, техника ва технологияларнинг ютуқлари асосида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шартидир.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларига мувофиқ ҳолда тайёрланган бўлиб, миллий тажрибанинг таҳлили ва таълим тизимидаги жаҳон миқёсидаги ютуқлар асосида тайёрланган ҳамда юксак умумий ва касб-ҳунар маданиятига, ижодий ва ижтимоий фаолликка, ижтимоий-сиёсий ҳаётда мустақил равишда мўлжални тўғри ола билиш маҳоратига эга бўлган, истиқбол вазифаларини илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларнинг янги авлодини шакллантиришга йўналтирилгандир.

Дастур кадрлар тайёрлаш миллий моделини рўёбга чиқаришни, ҳар томонлама камол топган, жамиятда турмушга мослашган, таълим ва касб-ҳунар дастурларини онгли равишда танлаш ва кейинчалик пухта ўзлаштириш учун ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, психологик-педагогик ва бошқа тарздаги шароитларни яратишни, жамият, давлат ва оила олдида ўз жавобгарлигини ҳис этадиган фуқароларни тарбиялашни назарда тутади.

  1. МУАММОЛАР ВА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ИСЛОҲ ҚИЛИШ ОМИЛЛАРИ

1.1. РИВОЖЛАНИШНИНГ ЭРИШИЛГАН ДАРАЖАСИ

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг ўзига хос йўлини танлаши кадрлар тайёрлаш тузилмаси ва мазмунини қайта ташкил этишни зарур қилиб қўйди ва қатор чора-тадбирлар кўришни: «Таълим тўғрисида»ги Қонунни жорий этишни (1992 йил); янги ўқув режалари, дастурлари, дарсликларини жорий этишни, замонавий дидактик таъминотни ишлаб чиқишни; ўқув юртларини аттестациядан ўтказишни ва аккредитациялашни, янги типдаги таълим муассасаларини ташкил этишни тақозо этди.

Мактабгача таълим соҳасида уйларда ташкил этиладиган болалар боғчалари ҳамда «болалар боғчаси-мактаб» мажмуи тармоғи ривожланиб бормоқда. Болаларга чет тилларни, хореография, тасвирий ва мусиқа санъати, компьютер саводхонлиги асосларини ўргатувчи 800 дан ортиқ гуруҳ ташкил этилган.

Янги типдаги мактаблар ва умумтаълим ўқув юртлари тармоғи ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунда 238 лицей ва 136 гимназия ишлаб турибди. «Соғлом авлод учун», «Маънавият ва маърифат», «Иқтисодий таълим», «Қишлоқ мактаби», «Ривожланишда нуқсони бўлган болаларни тиклаш» ва бошқа тармоқ дастурлари рўёбга чиқарилмоқда. Республика умумтаълим мактабларида 435 мингдан ортиқ ўқитувчи ишламоқда, уларнинг 73 фоизи олий маълумотлидир.

Меҳнат бозорини, энг аввало қишлоқ жойларда меҳнат бозорини шакллантиришнинг ҳудудий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳунар-техника таълимини қайта ташкил этишга киришилди. Ҳозирги кунда бу тизимда жами 221 минг кишини таълим билан қамраб олган 442 ўқув юрти, шу жумладан, 209 касб-ҳунар мактаби, 180 касб-ҳунар лицейи ва 53 бизнес-мактаб ишлаб турибди. Бугунги кунда бошланғич касб-ҳунар таълими ўқув юртларида қарийб 20 минг ўқитувчи ва малакали мутахассислар ишламоқда.

Республикада жами 197 минг киши таълим олаётган 258 ўрта касб-ҳунар таълими ўқув юрти ишлаб турибди. Уларда қарийб 16 минг ўқитувчи ва муҳандис-педагог ходимлар меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон олий мактаби тизими 58 олий ўқув юртини, шу жумладан 16 университет ва 42 институтни ўз ичига олади, уларда 164 минг талаба таълим олмоқда; 16 университетнинг ўн иккитаси Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки икки йилда ташкил топди. Олий ўқув юртларида ишлаётган 18,5 минг ўқитувчининг 52 фоизи фан доктори ва фан номзодларидир. Олий таълимда кадрлар тайёрлашни марказлаштиришдан ҳуқуқий йўналишга ўтказиш иши олиб борилмоқда, ўқув юртларининг тармоғи кенгаймоқда, университет таълими ривожланмоқда. Билимларнинг янги тармоқлари бўйича кадрлар тайёрлаш бошлаб юборилди, олий мактабни кўп босқичли тизимга ўтказиш амалга оширилмоқда. Абитуриентлар ва талабаларнинг билим даражасини тест ва рейтинг асосида баҳолашнинг илғор усуллари жорий этилмоқда.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар сифатига ошган талабларга мувофиқ аспирантура ва докторантурада кадрлар тайёрлаш иши кенгаймоқда. Олий аттестация комиссияси ташкил этилди. Республикада қарийб 4 минг аспирант бўлиб, улардан 69 фоизи олий таълим тизимида ва 31 фоизи илмий-тадқиқот институтларида таълим олмоқда. Жами илмий ва илмий-педагог кадрларнинг 8 фоизини фан докторлари ва 37 фоизини фан номзодлари ташкил этади.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимида 23 институт, 16 факультет, 4 марказ ва 14 малака ошириш курслари ишлаб турибди.

Иқтидорли болалар ва ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати собитқадамлик билан олиб борилмоқда. Истеъдодли ўсмир ва қизларни излаб топиш, уларга кўмаклашиш, уларнинг қобилияти ва истеъдодини ўстириш бўйича махсус фондлар ташкил этилди, қобилиятли ёшларни чет эллардаги етакчи ўқув юртлари ва илмий марказларда ўқитиш ва стажировкадан ўтказиш йўлга қўйилди.

Фан ва таълим соҳасида халқаро алоқалар кенгайиб бормоқда.

Шунга қарамай, содир этилган ўзгартиришлар кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлай олмади.

1.2. КАМЧИЛИКЛАР ВА МУАММОЛАР

Кадрлар тайёрлаш тизимининг демократик ўзгаришлар ва бозор ислоҳотлари талабларига мувофиқ эмаслиги, ўқув жараёнининг моддий-техника ва ахборот базаси етарли эмаслиги, юқори малакали педагог кадрларнинг етишмаслиги, сифатли ўқув-услубий ва илмий адабиёт ҳамда дидактик материалларнинг камлиги, таълим тизими, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида пухта ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро фойдали интеграциянинг йўқлиги кадрлар тайёрлашнинг мавжуд тизимидаги жиддий камчиликлар сирасига киради.

Таълим-тарбия ва ўқув жараёнларининг таркибини, босқичларини бир-бири билан узвий боғлаш, яъни узлуксиз таълим-тарбия тизимини ташкил қилиш муаммолари ҳал қилинган эмас. Амалдаги таълим тизими замонавий, тараққий топган демократик давлатлар талабларига жавоб бера олмаётир.

Мутахассислар тайёрлаш, таълим-тарбия тизими жамиятда бўлаётган ислоҳот, янгиланиш жараёнлари талаблари билан боғланмаган.

Мактабгача таълим ва тарбия аҳволи қониқарсизлигича қолмоқда. Боғча ёшидаги болаларнинг 25 фоизигина мактабгача тарбия муассасаларига қамраб олинган, холос. Мактабгача болалар муассасаларидан ва оиладан мактабга келган болаларнинг тайёргарлик даражаси ўртасида сезиларли тафовут мавжуд.

Мактабларда ва бошқа ўқув юртларида таълим жараёнининг ўзидаги ва ўқитиш услубиятидаги ҳар хил камчиликлар оқибатида билим беришда юзага келган нодемократик ҳамда жамият учун зарарли муҳит шунга олиб келдики, ўқувчиларда мустақил фикрлаш ривожланмай қолаяпти, оқилона ҳаётий ечимлар қабул қилиш учун етарли тайёргарлик йўқ. 9-11 синфларни тамомлаган ёшлар мустақил ҳаётда ўз ўрнини аниқлай олмайди. Уларда ўзларига ишонч шаклланган эмас, ўрта мактаб битирувчиларининг 10 фоизигина олий ўқув юртларига ўқишга кирмоқда, холос.

Мажбурий тўққиз йиллик таълимга асосланган ўн бир йиллик умумий ўрта таълим илмий асосланмагандир, у ўқувчиларда касбга йўналтириш ва таълимнинг амалий йўналганлиги етарли даражада бўлиши ҳамда мустақил фикр юритиш, меҳнат фаолияти кўникмалари шаклланишини таъминламаяпти. Ҳар йили таянч мактабларнинг 100 минг нафарга яқин битирувчиси ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда касб-ҳунар таълимини давом эттириш учун талаб этилмай қолдирилмоқда.

Таълим тизимидаги мавжуд умумтаълим ва касб-ҳунар дастурлари ўртасида узвийлик ва ворисликнинг йўқлиги сабабли таянч ва ўрта мактаб битирувчиларида касбга йўналтирилганлик ва меҳнат фаолияти кўникмалари шаклланмай қолаяпти. Натижада йигит ва қизлар ўз қобилиятлари, истаклари, ижодий ва меҳнат мойилликларига монанд ҳаёт йўлини белгилаб олишда жиддий қийинчиликлар сезмоқдалар.

Ўқув жараёни билим даражаси ўртача бўлган ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, таълимнинг иқтидорли ёшлар билан якка тартибдаги ўқув дастурлари бўйича ишлаш каби механизмларидан яхши фойдаланилмаяпти, ўқув дастурлари мафкуравий сарқитлардан тўлиқ ҳоли бўлганича йўқ, уларда маънавият ва ахлоқ асосларини ўргатувчи, иқтисодий ҳуқуқий, эстетик билимларни берувчи фанларга етарлича ўрин берилмаяпти.

Ҳунар-техника билим юртларидан янги типдаги таълим муассасаларига ўтиш кўпроқ оғизда бўлиб, амалда эса уларда таълим эскириб қолган моддий-техника ва ўқув-услубий базасида, тегишли қайта тайёргарликдан ўтмаган ўқитувчи кадрлар билан амалга оширилмоқда.

Бир босқичли олий таълим меҳнат бозори эҳтиёжларини, ишлаб чиқаришдаги таркибий ўзгаришларни ва илғор халқаро тажрибани тўлиқ ҳажмда ҳисобга олмаётир. ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда ўқув юртлари етарлича мустақилликка эга эмас, улар касбий меҳнат бозорининг ўзгарувчан шароитларига яхши мослашиб бормаяпти.

Илмий муассасалар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий институтлар кадрларни тайёрлаш жараёнига етарли даражада қўшилганлари йўқ. Давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, таълим муассасаларини давлат аттестацияси ва аккредитациясидан ўтказиш вазифалари белгилаб олинмаган. ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш тизими объективлик ва тезкорликни таъминламайди.

Касб-ҳунар таълимининг обрўси ҳамда ўқитувчилар, тарбиячилар ва мураббийларнинг, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг ижтимоий мақоми пасайиб бормоқда. Таълим хизмати кўрсатиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида маркетинг мавжуд эмас, таълим тизимини кўп вариантли молиялаш схемаси ишлаб чиқилмаган. Олий малакали кадрлардан самарали фойдаланилмаяпти. Кадрлар билими ва улар тайёргарлигининг сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш тизими қониқарсиз ишламоқда.

Ўқитувчилар, педагоглар ва тарбиячиларнинг каттагина қисми яхши тайёргарлик кўрмаганлиги, уларнинг билим ва касб савияси пастлиги жиддий муаммо бўлиб қолмоқда, малакали педагог кадрлар етишмаслиги сезилмоқда. Мактабгача таълим соҳасидаги жами тарбиячи ва педагогларнинг атиги 20 фоизи олий маълумотлидир. Мактабларнинг ўқитувчилар билан таъминланганлиги ўртача 93 фоизни ташкил этгани ҳолда, бу кўрсаткич айрим вилоятларда 77-80 фоиздан, муайян фанлар бўйича эса 50 фоиздан ошмайди.

Илмий ва илмий-педагог кадрларнинг ўртача ёши «улғайиб» бормоқда. Республика олий ўқув юртларида 40 ёшга тўлмаган фан докторлари жами фан докторларининг 0,9 фоизини, 50 ва ундан катта ёшдагилари эса 79 фоизини ташкил этади. Фан докторлари илмий даражасига тасдиқланганлар ўртача 50, фан номзодлари эса 36 ёшдадир.

1.3. ИСЛОҲ ҚИЛИШ ОМИЛЛАРИ

Кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг муҳим омиллари қуйидагилардан иборат:

республиканинг демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан изчил илгарилаб бораётганлиги;

мамлакат иқтисодиётида туб ўзгартиришларнинг амалга оширилиши, республика иқтисодиёти асосан хом ашё йўналишидан рақобатбардош пировард маҳсулот ишлаб чиқариш йўлига изчил ўтаётганлиги, мамлакат экспорт салоҳиятининг кенгаяётганлиги;

давлат ижтимоий сиёсатида шахс манфаати ва таълим устуворлиги қарор топганлиги;

миллий ўзликни англашнинг ўсиб бориши, ватанпарварлик, ўз ватани учун ифтихор туйғусининг шаклланаётганлиги, бой миллий маданий-тарихий анъаналарга ва халқимизнинг интеллектуал меросига ҳурмат;

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграцияси, республиканинг жаҳондаги мавқеи ва обрў-эътиборининг мустаҳкамланиб бораётганлиги.

  1. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИНГ МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА УНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ БОСҚИЧЛАРИ

2.1. ДАСТУРНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

Мазкур дастурнинг мақсади таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш Миллий тизимини яратишдир.

Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш қуйидаги вазифалар ҳал этилишини назарда тутади:

«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ таълим тизимини ислоҳ қилиш, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ҳамда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш негизида таълим тизимини ягона ўқув-илмий-ишлаб чиқариш мажмуи сифатида изчил ривожлантиришни таъминлаш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини жамиятда амалга оширилаётган янгиланиш, ривожланган демократик ҳуқуқий давлат қурилиши жараёнларига мослаш;

кадрлар тайёрлаш тизими муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, педагогик фаолиятнинг нуфузи ва ижтимоий мақомини кўтариш;

кадрлар тайёрлаш тизими ва мазмунини мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти истиқболларидан, жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларидан келиб чиққан ҳолда қайта қуриш;

таълим олувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг ва маърифий ишларнинг самарали шакллари ҳамда услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш, таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш сифатига баҳо беришнинг холис тизимини жорий қилиш;

янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда таълимнинг талаб қилинадиган даражаси ва сифатини, кадрлар тайёрлаш тизимининг амалда фаолият кўрсатиши ва барқарор ривожланишининг кафолатларини, устуворлигини таъминловчи норматив, моддий-техника ва ахборот базасини яратиш;

таълим, фан ва ишлаб чиқариш самарали интеграциялашувини таъминлаш, тайёрланаётган кадрларнинг миқдори ва сифатига нисбатан давлатнинг талабларини, шунингдек нодавлат тузилмалари, корхоналар ва ташкилотларнинг буюртмаларини шакллантиришнинг механизмларини ишлаб чиқиш;

узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимига бюджетдан ташқари маблағлар, шу жумладан чет эл инвестициялари жалб этишнинг реал механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

2.2. ДАСТУРНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ БОСҚИЧЛАРИ

Миллий дастурнинг мақсад ва вазифалари босқичма-босқич рўёбга чиқарилади.

Биринчи босқич (1997 — 2001 йиллар) мавжуд кадрлар тайёрлаш тизимининг ижобий салоҳиятини сақлаб қолиш асосида ушбу тизимни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий, кадрлар жиҳатидан, илмий-услубий, молиявий-моддий шарт-шароитлар яратиш.

Ушбу босқичда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

«Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ таълим тизими мазмунини таркибий қайта қуриш ва тубдан янгилаш;

педагог ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни замон талабларига жавоб берадиган даражада ташкил этиш;

таълим олувчиларнинг юксак тайёргарлилик даражаси, малакаси, маданий ва маънавий-ахлоқий савиясининг сифатига нисбатан қўйиладиган зарур талабларни белгилаб берувчи давлат таълим стандартларини яратиш ва жорий этиш;

ўқув-услубий мажмуаларнинг ҳамда таълим жараёни дидактик ва ахборот таъминотининг янги авлодини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими учун зарур моддий-техника, ўқув-услубий ва кадрлар базасини тайёрлаш;

таълим ва кадрлар тайёрлашга бюджетдан ташқари маблағлар жалб этишнинг механизмларини такомиллаштириш, давлат таълим муассасалари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасаларини ривожлантиришни ҳам назарда тутган ҳолда таълим хизмати кўрсатиш соҳасида рақобатга асосланган муҳитни вужудга келтириш;

таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришнинг рейтинг тизимини, кадрлар тайёрлаш сифати ва уларга бўлган эҳтиёжнинг мониторингини олиб бориш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

халқаро алоқаларни кенгайтириш ва кучайтириш, кадрлар тайёрлашда халқаро донорлик ташкилотлари ва фондлари фаолиятига тегишли шароитлар яратиш, шунингдек республика таълим соҳасига чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича реал чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини рўёбга чиқаришнинг мониторингини олиб бориш.

Ушбу босқичда болаларни олти-етти ёшдан мактабга қабул қилиш, уларнинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан ривожланганлигини эътиборга олган ҳолда амалга оширилади. Тақозо этилаётган ўқувчи ўринлари зарур моддий-техника шарт-шароитлари ва педагог кадрлар билан таъминланган ҳолда изчил тайёрланади.

Биринчи босқич бажарилишининг мониторинги асосида Миллий дастурни рўёбга чиқариш йўналишларига аниқликлар киритилади.

Иккинчи босқич (2001 — 2005 йиллар) Миллий дастурни тўлиқ рўёбга чиқариш, меҳнат бозорининг ривожланиши ва реал ижтимоий-иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда унга аниқликлар киритиш.

Мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига, шунингдек ўқувчиларнинг қобилиятлари ва имкониятларига қараб, табақалаштирилган таълимга ўтиш тўлиқ амалга оширилади.

Таълим муассасаларини махсус тайёрланган малакали педагог кадрлар билан тўлдириш таъминланади, уларнинг фаолиятида рақобатга асосланган муҳит вужудга келтирилади.

Таълим муассасаларининг моддий-техника ва ахборот базасини мустаҳкамлаш давом эттирилади, ўқув-тарбия жараёни юқори сифатли ўқув адабиётлари ва илғор педагогик технологиялар билан таъминланади. Узлуксиз таълим тизимини ахборотлаштириш амалга оширилади.

Таълим хизмат кўрсатиш бозорини шакллантириш механизмлари тўлиқ ишга солинади.

Учинчи босқич (2005 ва ундан кейинги йиллар) тўпланган тажрибани таҳлил этиш ва умумлаштириш асосида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш.

Таълим муассасаларининг ресурс, кадрлар ва ахборот базалари янада мустаҳкамланади, ўқув-тарбия жараёни янги ўқув-услубий мажмуалар, илғор педагогик технологиялар билан тўлиқ таъминланади.

Миллий (элита) олий таълим муассасаларини қарор топтириш ва ривожлантириш амалга оширилади. Касб-ҳунар таълими муассасаларининг мустақил фаолият юритиши ва ўзини ўзи бошқариши шакллари мустаҳкамланади.

Таълим жараёнини ахборотлаштириш, узлуксиз таълим тизими жаҳон ахборот тармоғига уланадиган компьютер ахборот тармоғи билан тўлиқ қамраб олинади.

  1. КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИНГ МИЛЛИЙ МОДЕЛИ

Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари қуйидагилардан иборатдир:

шахс — кадрлар тайёрлаш тизимининг бош субъекти ва объекти, таълим соҳасидаги хизматларнинг истеъмолчиси ва уларни амалга оширувчи;

давлат ва жамият — таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимининг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш ва уларни қабул қилиб олишнинг кафиллари;

узлуксиз таълим малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асоси бўлиб, таълимнинг барча турларини, давлат таълим стандартларини, кадрлар тайёрлаш тизими тузилмаси ва унинг фаолият кўрсатиш муҳитини ўз ичига олади;

фан юқори малакали мутахассислар тайёрловчи ва улардан фойдаланувчи, илғор педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқувчи;

ишлаб чиқариш кадрларга бўлган эҳтиёжни, шунингдек уларнинг тайёргарлик сифати ва савиясига нисбатан қўйиладиган талабларни белгиловчи асосий буюртмачи, кадрлар тайёрлаш тизимини молия ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш жараёнининг қатнашчиси.

Давлат ва жамият узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизими барча учун очиқ бўлишини ва ҳаёт ўзгаришларига мослашувчанлигини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари, таълим, бола ҳуқуқи соҳасидаги шартномалар ва конвенцияларнинг бажарилиши, кадрлар тайёрлаш соҳасида жаҳон илғор тажрибасини ҳисобга олиш узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимининг барча жиҳатларига дахлдор бўлиб, унинг ривожланиши омилларидан биридир.

3.1. ШАХС

Кадрлар тайёрлаш соҳасидаги давлат сиёсати инсонни интеллектуал ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан узвий боғлиқ бўлган узлуксиз таълим тизими орқали ҳар томонлама баркамол шахс фуқарони шакллантиришни назарда тутади. Шу тарзда фуқаронинг энг асосий конститутциявий ҳуқуқларидан бири билим олиш, ижодий қобилиятни намоён этиш, интеллектуал жиҳатдан ривожланиш, касби бўйича меҳнат қилиш ҳуқуқи рўёбга чиқарилади.

«Таълим тўғрисида»ги Қонун умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими стандартлари орқали сифатли таълим олиш, шунингдек таълим ва касб-ҳунар жиҳатдан тайёргарликнинг шакллари ва турларини танлашни, узлуксиз малака ошириб бориш, зарурат тақозо этса, тегишли қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқини ва кенг имкониятларини назарда тутади.

Таълим хизматларининг истеъмолчиси сифатида шахсга давлат таълим стандартлари орқали сифатли таълим олиш ва касб-ҳунар тайёргарлиги кўриш кафолатланади. Таълим олиш жараёнида шахс давлат таълим стандартларида ифода этилган талабларни бажариши шарт.

Шахс таълим хизматларининг яратувчиси сифатида тегишли малака даражасини олгач, таълим, моддий ишлаб чиқариш, фан, маданият ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатади ва ўз билими ва тажрибасини ўргатишда иштирок этади.

3.2. ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ

Давлат ва жамият кадрлар тайёрлаш тизими амал қилиши ва ривожланишининг кафиллари, юқори малакали рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим муассасаларининг фаолиятини уйғунлаштирувчи сифатида фаолият кўрсатади.

Давлат ва жамият қуйидагиларга, чунончи:

Фуқароларнинг билим олиш, касб танлаш ва ўз малакасини ошириш ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишига;

Мажбурий умумий ўрта таълим ҳамда академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида таълим олиш йўналишини танлаш ҳуқуқи асосида мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишга;

Давлат грантлари ёки пуллик-шартномавий асосда олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълим олиш ҳуқуқига;

Давлат таълим муассасаларини маблағ билан таъминлашга;

Таълим олувчиларнинг ўқиши, турмуши ва дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги вазифалар ҳал этилишида жамоатчилик бошқарувини ривожлантиришга;

Таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;

Соғлиқ ва ривожланишда нуқсони бўлган шахслар таълим олишига кафолат берадилар.

3.3. УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМ

Узлуксиз таълим кадрлар тайёрлаш тизимининг асоси, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи, шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий эҳтиёжларини қондирувчи устувор соҳадир.

Узлуксиз таълим ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий бой шахс шаклланиши ва юқори малакали рақобатбардош кадрлар илдам тайёрланиши учун зарур шарт-шароитлар яратади.

3.3.1. Узлуксиз таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш принциплари

Узлуксиз таълимнинг фаолият кўрсатиш принциплари қуйидагилардан иборат:

таълимнинг устуворлиги унинг ривожланишининг биринчи даражали аҳамиятга эга эканлиги, билим, таълим ва юксак интеллектнинг нуфузи;

таълимнинг демократлашуви таълим ва тарбия услубларини танлашда ўқув юртлари мустақиллигининг кенгайиши, таълимни бошқаришнинг давлат-жамият тизимига ўтилиши;

таълимнинг инсонпарварлашуви инсон қобилиятларининг очилиши ва унинг таълимга нисбатан бўлган турли-туман эҳтиёжларининг қондирилиши, миллий ва умумбашарий қадриятлар устуворлигининг таъминланиши, инсон, жамият ва атроф-муҳит ўзаро муносабатларининг уйғунлашуви;

таълимнинг ижтимоийлашуви таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантириш;

таълимнинг миллий йўналтирилганлиги таълимнинг миллий тарих, халқ анъаналари ва урф-одатлари билан узвий уйғунлиги, Ўзбекистон халқларининг маданиятини сақлаб қолиш ва бойитиш, таълимни миллий тараққиётнинг ўта муҳим омили сифатида эътироф этиш, бошқа халқларнинг тарихи ва маданиятини ҳурматлаш;

таълим ва тарбиянинг узвий боғлиқлиги, бу жараённинг ҳар томонлама камол топган инсонни шакллантиришга йўналтирилганлиги;

иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларга таълимнинг энг юқори даражасида, изчил равишда фундаментал ва махсус билим олишлари учун шарт-шароитлар яратиш.

3.3.2. Узлуксиз таълимни ислоҳ қилиш

Узлуксиз таълим соҳасидаги ислоҳотлар қуйидагиларни назарда тутади:

таълим тизимининг кадрлар салоҳиятини тубдан яхшилаш, тарбиячи, ўқитувчи, муаллим ва илмий ходимнинг касбий нуфузини ошириш;

давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ҳар хил турларини ривожлантириш;

таълим тизимини таркибий жиҳатдан қайта қуриш, таълим, фан, техника ва технологиянинг, иқтисодиёт ва маданиятнинг жаҳон миқёсидаги замонавий ютуқларини ҳисобга олган ҳолда таълим ва касб-ҳунар таълими дастурларини тубдан ўзгартириш;

мажбурий умумий ўрта таълимдан ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига ўтилишини таъминлаш;

махсус, касб-ҳунар таълимининг марказлари сифатида фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашган янги типдаги ўқув муассасаларини вужудга келтириш;

илғор технологияларни кенг ўзлаштириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, чет эл инвестициялари кўламларининг кенгайиши, тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш билан боғлиқ янги касб-ҳунар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар, шу жумладан бошқарув тизими кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

миллий мустақиллик принциплари ва халқнинг бой интеллектуал мероси ҳамда умумбашарий қадриятларнинг устуворлиги асосида таълимнинг барча даражалари ва бўғинларида таълим олувчиларнинг маънавий ва ахлоқий фазилатларини ривожлантириш;

таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш, жамоат бошқаруви шаклларини ривожлантириш, таълим муассасаларини минтақалаштириш;

таълим олишда, шунингдек болалар ва ёшларни маънавий-ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан тарбиялашда оила, ота-оналар, жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, хайрия ва халқаро фондларнинг ролини кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш;

таълим жараёни ва кадрлар тайёрлаш сифатига холис баҳо бериш тизимини яратиш ва жорий этиш;

таълим тизимини молиявий, моддий-техника ва бошқа тарздаги ресурслар билан таъминлаш механизмларини шакллантириш;

узлуксиз таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялаштиришнинг пухта механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

таълим ва илм-фан билан боғлиқ чет эл ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш;

туб ерли миллатга мансуб бўлмаган шахслар зич яшайдиган жойларда улар ўз она тилларида таълим олишлари учун ташкилий ва педагогик шарт-шароитлар яратиш;

таълимнинг барча даражаларида таълим олувчиларнинг ҳуқуқий, иқтисодий, экологик ва санитария-гигиена таълими ҳамда тарбиясини такомиллаштириш.

3.3.3. Узлуксиз таълим тизими ва турлари

Узлуксиз таълим тизимининг фаолият олиб бориши давлат таълим стандартлари асосида, турли даражалардаги таълим дастурларининг изчиллиги асосида таъминланади ва қуйидаги таълим турларини ўз ичига олади:

мактабгача таълим;

умумий ўрта таълим;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;

олий таълим;

олий ўқув юртидан кейинги таълим;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

мактабдан ташқари таълим.

Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг ўзига хос хусусияти мустақил равишдаги тўққиз йиллик умумий ўрта ҳамда уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини жорий этишдан иборатдир. Бу эса, умумий таълим дастурларидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурларига изчил ўтилишини таъминлайди.

Умумий таълим дастурлари: мактабгача таълим, бошланғич таълим (I-IV синфлар), умумий ўрта таълим (I-IX синфлар), ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини қамраб олади.

Касб-хунар таълими дастурларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий (бакалавриат, магистратура) таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимни, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни қамраб олади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.08.00 Мактабгача таълим]

[СПиТ:

1.Таълим / Мактабгача таълим]

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

Мактабгача таълим бола соғлом, ҳар томонлама камол топиб шаклланишини таъминлайди, унда ўқишга интилиш ҳиссини уйғотади, уни мунтазам таълим олишга тайёрлайди. Мактабгача таълим бола олти-етти ёшга етгунича давлат ва нодавлат мактабгача тарбия болалар муассасаларида ҳамда оилаларда амалга оширилади. Мактабгача таълим мақсади ва вазифаларини рўёбга чиқаришда маҳаллалар, жамоат ва хайрия ташкилотлари, халқаро фондлар фаол иштирок этади.

Мактабгача тарбияни ривожлантириш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим бўлади:

малакали тарбиячи ва педагог кадрларни устувор равишда тайёрлаш;

мактабгача таълимнинг самарали психологик-педагогик услубларини излаш ва жорий этиш;

болаларни оилада тарбиялашни ташкилий, психологик, педагогик ва услубий жиҳатдан таъминлаш;

замонавий ўқув-услубий қўлланмалар, техник воситалар, ўйинчоқлар ва ўйинлар яратиш ҳамда уларни ишлаб чиқариш;

мактабгача ёшдаги болаларни халқнинг бой маданий-тарихий мероси ва умумбашарий қадриятлар асосида маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун шарт-шароитлар яратиш;

мактабгача муассасаларнинг ҳар хил турлари учун турли вариантлардаги дастурларни танлаб олиш, мактабгача тарбиянинг барча массалалари бўйича малакали консультация хизмати кўрсатиш имкониятини яратиш;

мактабгача тарбия ва соғломлаштириш муассасалари тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш механизмини ишлаб чиқиш.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.09.00 Ўрта таълим]

[СПиТ:

1.Таълим / Умумий ўрта таълим]

УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ

Тўққиз йиллик (I-IX синфлар) ўқишдан иборат умумий ўрта таълим мажбурийдир. Таълимнинг бу тури бошланғич таълимни (I-IV синфлар) қамраб олади ҳамда ўқувчиларнинг фанлар асослари бўйича мунтазам билим олишларини, уларда билим ўзлаштириш эҳтиёжини, асосий ўқув-илмий ва умуммаданий билимларни, миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган маънавий-ахлоқий фазилатларни, меҳнат кўникмаларини, ижодий фикрлаш ва атроф-муҳитга онгли муносабатда бўлишни ва касб танлашни шакллантиради. Умумий ўрта таълим тугалланганидан кейин таълим фанлари ва улар бўйича олинган баҳолар кўрсатилган ҳолда давлат томонидан тасдиқланган намунадаги аттестат берилади.

Умумий ўрта таълимнинг янгича тизими ва мазмунини шакллантириш учун қуйидагилар зарур:

мактабнинг I-IX синфлари доирасида сифатли умумий ўрта таълим олишни таъминловчи давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, бунда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларидан кейин олинадиган таълим дастурлари билан мантиқий боғлиқлик ҳисобга олиниши лозим;

юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш;

ҳудудларнинг жуғрофий ва демографик хусусиятларига, шахс, жамият ва давлатнинг эҳтиёжларига мувофиқ равишда таълим муассасалари тармоқларини ривожлантириш;

ўқувчиларнинг қобилиятлари ва имкониятларига мувофиқ равишда таълимга табақалаштирилган ёндашувини жорий этиш;

таълим беришнинг илғор педагогик технологияларини, замонавий ўқув-услубий мажмуаларни яратиш ва ўқув-тарбия жараёнини дидактик жиҳатдан таъминлаш;

ўқувчилар касб-ҳунар танлайдиган ва психологик-педагогик жиҳатдан маслаҳатлар оладиган марказлар тармоқларини ташкил этиш.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.10.00 Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими (лицейлар, колледжлар)]

[СПиТ:

1.Таълим / Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими]

ЎРТА-МАХСУС, КАСБ-ХУНАР ТАЪЛИМИ

Умумий ўрта таълим негизида ўқиш муддати уч йил бўлган мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими узлуксиз таълим тизимидаги мустақил турдир. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналиши академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи ўқувчилар томонидан ихтиёрий танланади.

Академик лицей давлат таълим стандартларига мувофиқ ўрта махсус таълим беради, ўқувчиларнинг имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жадал интеллектуал ривожланиши чуқур, соҳалаштирилган, табақалаштирилган, касбга йўналтирилган таълим олишини таъминлайди.

Академик лицейларда ўқувчилар ўзлари танлаб олган таълим йўналиши бўйича (гуманитар, техника, аграр ва бошқа соҳалар) билим савияларини ошириш ҳамда фанни чуқур ўрганишга қаратилган махсус касб-ҳунар кўникмаларини ўзларида шакллантириш имкониятига эга бўладилар. Бу кўникмаларни ўқишни муайян олий таълим муассасаларида давом эттириш ёки меҳнат фаолиятида рўёбга чиқаришлари мумкин.

Касб-хунар коллежи тегишли давлат таълим стандартлари доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими беради; ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, билим ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш, танлаб олинган касб-ҳунар бўйича бир ёки бир неча ихтисосни эгаллаш имконини беради.

Касб-ҳунар коллежлари жиҳозланганлик даражаси, педагогик таркибнинг танланганлиги, ўқув жараёнининг ташкил этилиши жиҳатидан янги типдаги таълим муассасалари ҳисобланади. Улар бир ёки бир неча замонавий касб-ҳунарни эгаллаш ҳамда тегишли ўқув фанларидан чуқур назарий билим олиш имконини беради.

Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиш ўқувчиларга ўз билимларини чуқурлаштириш ва танлаган ихтисосликларига эга бўлишни таъминлайди. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломлар берилади. Бу дипломлар таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки эгалланган ихтисос ва касб-ҳунар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ташкил этиш ва ривожлантириш учун қуйидагилар зарур:

академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари фаолият кўрсатишининг норматив базаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

соҳа учун олий таълим муассасаларининг, ишлаб чиқариш, фан ва маданият соҳасининг мутахассисларини жалб этган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни, шу жумладан чет элларда тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасалари учун таълим ва касб-ҳунар дастурлари, ўқув-услубий мажмуалар ишлаб чиқиш;

академик лицейларнинг ўқувчилари меҳнат фаолияти кўникмаларини эгаллашлари учун ихтисослаштирилган дастурлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

касб-ҳунар коллежларида тайёрланадиган мутахассисларга нисбатан ихтисос ва касб-ҳунар, малака талабларининг рўйхатини ишлаб чиқиш;

ҳудудларнинг жуғрофий ва демографик шарт-шароитларини ва тегишли соҳадаги мутахассисларга бўлган маҳаллий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими таълим муассасаларининг ташкил этилишини ва улар оқилона жойлаштирилишини таъминлаш, уларга ўқувчиларни имкон қадар оиласидан ажратмаган ҳолда қамраб олиш;

академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника ва ахборот базаларини мустаҳкамлаш.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.11.00 Олий таълим (бакалавриат ва магистратура)]

[СПиТ:

1.Таълим / Олий таълим]

ОЛИЙ ТАЪЛИМ

Олий таълим ўрта махсус, касб-ҳунар таълими негизига асосланади ҳамда икки (бакалавриат ва магистратура) босқичга эга.

Олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари негизида ва пуллик-шартномавий асосда амалга оширилади.

[СПиТ:

1.Таълим / Бакалавриат]

Бакалавриат мутахассисликлар йўналиши бўйича фундаментал ва амалий билим берадиган, таълим муддати камида тўрт йил давом этадиган таянч олий таълимдир.

Бакалаврлик дастури тугалланганидан сўнг битирувчиларга давлат аттестацияси якунларига биноан касб бўйича “бакалавр” даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги, касб-ҳунар фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган диплом топширилади.

[СПиТ:

1.Таълим / Магистратура]

Магистратура аниқ мутахассислик бўйича фундаментал ва амалий билим берадиган, бакалавриат негизида таълим муддати камида икки йил давом этадиган олий таълимдир.

«Магистр» даражасини берадиган давлат малака аттестацияси магистрлик дастурининг интиҳосидир. Магистрларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги, касб-ҳунар фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган диплом топширилади.

Икки босқичли олий таълим тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

бакалавриат ва магистратура учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

олий таълим муассасалари учун профессор-ўқитувчи кадрлар тайёрлаш, шу жумладан чет эллардаги етакчи ўқув ва илмий марказларда тайёрлаш;

олий таълим муассасаларида таркибий ўзгартишлар ўтказиш;

олий таълим муассасалари бошқарувини такомиллаштириш, бу муассасаларнинг мустақиллигини кучайтириш, муассислар, васийлар кенгашлари, жамоат назорат кенгашлари шаклидаги жамоат бошқарувини жорий этиш;

таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

ўқишни, мустақил билим олишни индивидуаллаштириш ҳамда дистанцион таълим тизими технологияси ва воситаларини ишлаб чиқиш ва ўзлаштириш;

янги педагогик ва ахборот технологиялари, тайёргарликнинг модул тизимидан фойдаланган ҳолда талабаларни ўқитишни жадаллаштириш;

халқнинг бой маънавий ва интеллектуал мероси ва умумбашарий қадриятлар асосида таълимнинг инсонпарварлик йўналишини таъминлаш.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.12.00 Олий таълимдан кейинги таълим (аспирантура, адъюнктура, докторантура, тадқиқотчилик)]

[СПиТ:

1.Таълим / Олий ўқув юртидан кейинги таълим]

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ

Олий ўқув юртидан кейинги таълим жамиятнинг олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондиришга, шахснинг ижодий таълим-касб-ҳунар манфаатларини қаноатлантиришга қаратилган.

Олий ўқув юртидан кейинги таълимни олий ўқув юртларида ва илмий-тадқиқот муассасаларида (катта илмий ходим-изланувчилар институти, мустақил изланувчилик) олиш мумкин. Олий ўқув юртидан кейинги таълим диссертация ҳимояси билан якунланади. Якуний давлат аттестацияси натижаларига кўра фан доктори илмий даражаси берилиб, давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади.

(3.3-банднинг 3.3.3-кичик банди иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Якуний давлат аттестацяси натижаларига кўра тегишли равишда фан номзоди ва фан доктори илмий даражаси берилиб, давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломлар топширилади.

Олий ўқув юртидан кейинги таълимни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

«Таълим тўғрисида»ги Қонунга ҳамда мамлакатни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш истиқболларига мувофиқ олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш;

касб таълими тизими учун олий малакали илмий-педагог кадрларни ҳамда илғор педагогик технологиялар соҳасида илмий кадрларни устувор равишда тайёрлаш;

ривожланган мамлакатларнинг илғор таълим муассасалари ва илмий марказларида устувор йўналишлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрланиши учун шароитлар яратиб бериш;

фан, технология ва таълим соҳасида ривожланган мамлакатлар билан халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш.

[СПиТ:

1.Таълим / Кадрлар малакасини ошириш (қайта тайёрлаш)]

КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мутахассисларнинг касб билимлари ва кўникмаларини янгилаш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларидаги ўқиш натижаларига кўра давлат томонидан тасдиқланган намунадаги гувоҳнома ёки сертификат топширилади.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш учун қуйидагилар зарур:

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизими фаолиятида янгича таркиб, мазмун ҳамда бу тизимни бошқаришни шакллантириш;

юқори малакали ўқитувчи-мутахассис кадрлар тайёрлаш ва соҳани улар билан тўлдириб боришни таъминлаш;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг бу соҳада рақобатга асосланган муҳитни шакллантиришни ва самарали фаолият олиб боришни таъминловчи норматив базасини яратиш;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларини давлат аттестацияси ва аккредитациясидан ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

иқтисодиётнинг давлат ва нодавлат секторлари, мулкчиликнинг турли шаклидаги ташкилот ва муассасаларнинг талаб-эҳтиёжларига мувофиқ кадрлар ва мутахассисларни илдам қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминловчи давлат ва нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;

профессионал тренингнинг илғор технология ва ускуналарини, шунингдек мураккаб, фан ютуқларини талаб қилувчи технология жараёнлари имитаторларини ишлаб чиқиш, яратиш ва амалий ўзлаштириб олиш.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.13.00 Таълимнинг бошқа турлари. Қўшимча (мактабдан ташқари) таълим]

[СПиТ:

1.Таълим / Мактабдан ташқари таълим]

МАКТАБДАН ТАШҚАРИ ТАЪЛИМ

Болалар ва ўсмирларнинг таълимга бўлган, якка тартибдаги, ортиб борувчи талаб-эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақтини ва дам олишини ташкил этиш учун давлат органлари, жамоат ташкилотлари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар маданий эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда мактабдан ташқари давлат ва нодавлат таълим муассасаларини ташкил этадилар.

Мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш, унинг тузилмаси ва мазмун-мундарижасини такомиллаштириш вазифаларини ҳал этиш учун қуйидагиларни амалга ошириш керак:

таълим бериш ва камол топтиришга йўналтирилган хизматлар кўрсатувчи муассасалар тармоғини кенгайтириш ва бундай хизматлар турларини кўпайтириш;

миллий педагогик қадриятларга асосланган ва жаҳондаги илғор тажрибани инобатга олувчи дастурлар ва услубий материаллар ишлаб чиқиш;

ўқувчиларнинг бўш вақтини ташкил этишнинг, шу жумладан оммавий спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларининг, болалар туризмининг, халқ ҳунармандчилигининг мавжуд турлари ва шаклларини такомиллаштириш, миллий турлари ва шаклларини тиклаш ҳамда амалиётга жорий этиш.

3.4. КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИДА ФАН

Кадрлар тайёрлаш миллий модели салмоқли элемент сифатида фанни ўз ичига олади, бу соҳада:

табиат ва жамият тараққиёти қонуниятлари тўғрисидаги янги фундаментал ва амалий билимлар шаклланади, кадрлар тайёрлаш тизимида оммалаштириш, ўрганиш ва фойдаланиш учун керакли илмий натижалар жамланади;

олий малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш амалга оширилади;

кадрлар тайёрлаш жараёнини илмий-тадқиқот жиҳатидан таъминлаш инфраструктураси вужудга келтирилади, таълимнинг ахборот тармоқларида фойдаланиш мақсадида билимнинг турли соҳалари бўйича ахборот базаси шакллантирилади;

мамлакатимиз илм-фанининг жаҳон илм-фанига интеграцияси содир бўлади, замонавий илм-фан ва технологияларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш учун илмий ютуқлар ва кадрларни халқаро миқёсда алмашинув амалга оширилади.

Кадрлар тайёрлаш тизимига илм-фаннинг узвий равишда кириб бориши учун қуйидагилар зарур:

илғор педагогик технологияларни яратиш ва ўзлаштириш юзасидан мақсадли инновация лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш йўли билан илм-фаннинг таълим амалиёти билан алоқасини таъминлаш чора-тадбиларини ишлаб чиқиш;

илғор ахборот ва педагогик технологияларни жорий этиш учун экспериментал майдончалар барпо этиш орқали илмий тадқиқотлар натижаларини ўқув-тарбия жараёнига ўз вақтида жорий этиш механизмини рўёбга чиқариш;

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини самарали тарзда бажаришни таъминлаш юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, ёшларнинг илмий ижодиётини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар даражасини баҳолашга замонавий ёндашувни рўёбга чиқариш, илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмалар натижалари тижоратлашуви асосида олимларнинг обрў эътибори ва ижтимоий мақомини ошириш;

мамлакат илм-фанининг халқаро илмий ҳамжамиятга интеграциясини фаоллаштириш, таълим соҳаси ва кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида илмий ютуқлар ва олимлар билан ўзаро алмашинув жараёнини кучайтириш;

фан ва технологиялар соҳасидаги фаолиятни маънавий ва моддий рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш, талабалар ва ёш олимларнинг илмий ютуқлари учун махсус мукофотлар ва совринлар таъсис этиш, махсус стипендиялар сонини кўпайтириш, ёшлар илмий-техника ижодиётининг доимий ишлайдиган кўргазма ва экспозицияларини ташкил этиш.

3.5. КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

Ишлаб чиқаришнинг талаб-эҳтиёжлари кадрлар тайёрлаш тизимининг йўналиши, даражаси ва миқёсларини шакллантиради, касб тайёргарлигининг мақсади, вазифалари ва мазмунини белгилайди, малака талабларини илгари суради, таълимнинг мувозий технологиялари ва шаклларини танлашни тақозо этади. Ишлаб чиқариш пировард натижада кадрларнинг сифати ва рақобатбардошлигига баҳо беради.

Ишлаб чиқаришнинг кадрлар тайёрлаш тизимидаги вазифалари қуйидагилар билан белгиланади, чунончи у:

турли савия ва малакадаги мутахассисларга бўлган талаб-эҳтиёжни шакллантиради;

ўз ихтиёридаги моддий-техника, молия, кадр ресурслари ҳамда кадрларни ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун зарур бошқа ресурсларни бериш билан узлуксиз таълим тизимига кўмаклашади;

муассис, васий, донор, ҳомий тариқасида айрим мутахассисларни ва гуруҳларни мақсадли тайёрлашни, шунингдек турли тип ва даражадаги ўқув юртларини молиялашда қатнашади;

таълим ва илм-фаннинг турли шакллардаги интеграциясини (муваққат ижодий жамоалар, ўқув-илмий-ишлаб чиқариш мажмуалари, марказлари, технопарклар, технополислар) ривожлантиради.

Ишлаб чиқаришнинг кадрлар тайёрлаш тизимидаги мавқеини кучайтириш қуйидаги йўллар билан таъминланади:

таълимни кархонадаги унумли меҳнат билан, шу жумладан ишлаб чиқариш амалиёти жараёнидаги меҳнат билан қўшиб олиб бориш асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш;

кадрлар тайёрлаш ҳамда биргаликда илмий-технология ишланмаларини олиб боришда корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш;

таълим олувчиларни меҳнат жамоаларида тарбиялаш (меҳнат, маънавий ва жисмоний тарбиялаш);

ишлаб чиқаришнинг талаб-эҳтиёжларини инобатга олиб, техника ва технологияларни ривожлантиришнинг янги йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ишлаб чиқаришнинг иқтисодий ва технология муаммоларини ҳал этиш учун олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг илмий салоҳиятини жалб этиш;

педагог кадрларнинг илғор технологиялар соҳасидаги малакасини бевосита ишлаб чиқаришда мунтазам ошириб бориш;

ишлаб чиқаришнинг юқори малакали кадрларини таълим жараёнига ва педагогик фаолиятга жалб этиш;

ишлаб чиқариш амалиётини ўтиш учун таълим олувчиларни иш жойлари билан таъминлаш;

ўзаро интеграцияланган таълим муассасаларини замонавий ускуналар, аппаратлар ва асбоблар билан жиҳозлаш.

  1. КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш ва ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишларни қамраб олади:

4.1. ТАЪЛИМНИНГ УЗЛУКСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Таълимнинг ўз ичига мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини қамраб олувчи янги узлуксиз ва изчил тизими барпо этилади. Олий касб-ҳунар таълимининг бакалаврлар ва магистрлар тайёрлашни назарда тутувчи икки босқичли тизими жорий этилади. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими ривожланиб боради. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича рақобатбардош таълим муассасалари вужудга келтирилади.

(4.1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Таълим муассасаларини ҳудудий йўналишга ўтказиш ва таркибий тузилмасини ўзгартириш иши амалга оширилади. Узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини баҳолаш мониторинги амалга оширилади.

Узлуксиз таълим тизими учун педагог кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш устуворлиги таъминланади.

4.2. ПЕДАГОГ ВА ИЛМИЙ-ПЕДАГОГ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

Педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг замон талабларига мослашувчан, таълимнинг юқори сифатли ва барқарор ривожланишини кўзловчи тизими вужудга келтирилади. Педагог кадрларни илдам қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, рақобатбардош даражада уларнинг касб сифатини қўллаб-қувватлаш таъминланади.

Олий таълим муассасаларида давлат таълим стандартларига мос юқори малакали ўқитувчилар тайёрлаш бўйича махсус факультетлар, шунингдек республика вилоятларида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими учун ўқитувчилар ва мутахассислар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш юзасидан махсус марказлар ташкил этилади.

4.3. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ МАЗМУНАН ИСЛОҲ ҚИЛИШ

Кадрларни ўқитиш ва тарбиялаш миллий тикланиш принциплари ва мустақиллик ютуқлари, халқнинг бой миллий, маънавий ва интеллектуал салоҳияти ҳамда умумбашарий қадриятларга таянган, инсонпарварликка йўналтирилган таълимнинг мазмуни давлат таълим стандартлари асосида ислоҳ қилинади. Таълим олувчининг шахсига, унда таълим ва билимларга бўлган иштиёқни кучайтиришга, мустақил иш тутишни, ифтихор ва инсоний қадр-қиммат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор берилади.

Педагог кадрларнинг обрў-эътибори, масъулияти ва касб кўникмасини ошириш юзасидан собитқадам давлат сиёсати олиб борилади. Илғор педагогик технологиялар, таълимнинг янги шакл ва услублари, ўқув, шу жумладан дифференциялашган дастурлар амалиётга жорий этилади.

4.4. МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ ВА МАЪРИФИЙ ИШЛАР

Ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий маданий-тарихий анъаналарига, урф-одатлари ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган самарали ташкилий, педагогик шакл ва воситалари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади. Шахсни тарбиялаш ва уни ҳар томонлама камол топтиришнинг устуворлиги таъминланади. Умумий ҳамда педагогик маданиятни ошириш мақсадида, мамлакат аҳолиси орасидаги маърифий ишлар такомиллаштириб борилади.

Ўзбекистон мустақиллиги принципларига садоқатли ҳамда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир шахсни шакллантириш мақсадида таълим муассасалари ота-оналар, оила, маҳалла қўмиталари, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, жамоат ташкилотлари, фондлар билан ўзаро пухта ҳамкорлик қиладилар.

(4.4-бандининг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 9 апрелдаги ЎРҚ-87-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 15-сон, 150-модда)

4.5. ИҚТИДОРЛИ БОЛАЛАР ВА ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАР

Иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва ўқитиш услубияти, психологик-педагогик ва ташкилий шароитлари яратилади, бундай болалар ва ёшларга оид маълумотларнинг республика банки ва мониторинги шаклланади. Махсус ўқув дастурлари ва прогрессив педагогик технологиялар ишлаб чиқиш учун энг яхши педагог ва олимлар жалб қилинади, ўқув-тарбия жараёнида уларнинг фаол иштироки таъминланади. Фан ва техникани, сиёсат ва иқтисодиётни, маданият ва санъатни ўргатиш марказлари қабилидаги ҳамда миллий (элита) таълим муассасалари ташкил этилади.

Иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни чет элларда умумий ва касбий жиҳатдан тайёргарликдан ўтказишга қаратилган собитқадам фаолият амалга оширилади. Академик лицейларнинг ўқувчиларига, биринчи навбатда иқтидорли, юксак истеъдод соҳибларига, билимнинг тегишли соҳалари ва фаннинг аниқ йўналишлари бўйича ўз табиий қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, ўзларидаги ноёб истеъдодни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилади.

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.02.00 Таълим тизимини бошқариш]

4.6. ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ БОШҚАРИШ

Узлуксиз таълим тизими ва кадрлар тайёрлашнинг давлат ва нодавлат таълим муассасаларини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва уларни изчил ривожлантириш давлат йўли билан бошқариб борилади. Барча даражадаги таълим бошқарув органларининг ваколат доиралари «Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ белгиланади. Таълимнинг норматив-ҳуқуқ базаси ривожлантирилади. Молия-хўжалик фаолияти олиб бориш ҳамда таълим жараёнини ташкил этишда ўқув юртларининг ҳуқуқлари кенгаяди ва мустақиллиги таъминланади. Таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилади ҳамда аккредитацияланади. Аккредитация якунларига кўра таълим соҳасида фаолият кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Муассис ташкилотларнинг, маҳаллий ҳокимият органларининг, савдо-саноат доираларининг, жамоат ташкилотларининг, фондларнинг ва ҳомийларнинг вакилларини ўз ичига олувчи васийлик ва кузатув кенгашлари тузиш орқали таълим муассасаларининг самарали жамоат бошқаруви тизими жорий этилади.

4.7. КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

Таълим бошқаруви органларига боғлиқ бўлмаган, касб-ҳунар таълими сифатини аттестациядан ўтказувчи давлат хизмати ташкил этилади. Мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг истиқбол талабларига монанд давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилади, ўқув юртлари фаолиятини, профессор-педагог кадрлар сифатини ҳамда таълим олувчиларнинг билимини рейтинг асосида баҳолаш тизими тадбиқ этилади. Кадрларни тайёрлаш сифатини назорат қилишнинг давлат ва жамоат шакллари ривожлантирилади. Таълим муассасалари битирувчиларини якуний аттестациялаш тизими такомиллаштирилади.

4.8. ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ МОЛИЯЛАШ

Таълимни ва кадрлар тайёрлашни молиялаш тизими такомиллаштирилади, унинг кўп вариантли (бюджетдан ажратиладиган ва бюджетдан ташқари манбалардан) тизими жорий этилади, таълим муассасаларининг ўзини ўзи пул билан таъминлаши ривожлантирилади, хусусий ҳамда чет эл инвестицияларини таълим соҳасига жалб этиш рағбатлантирилади.

Республика фуқаролари учун кейинчалик уларни тўлашнинг мослашувчан тизимига асосланган таълим кредитлари бериш механизми шакллантирилади. Узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда донорлар ва ҳомийларнинг мавқеи кучайиб боради.

Пуллик таълим хизматлари кўрсатиш, тадбиркорлик, маслаҳат, эксперт, ноширлик, ишлаб чиқариш, илмий ҳамда уставда белгилаб қўйилган вазифаларга мувофиқ бошқа тарздаги фаолият ҳисобидан таълим муассасаларининг даромадлари кўпайиши таъминланади.

4.9. МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИ

Ҳар бир минтақанинг демографик ва жуғрофий хусусиятларидан келиб чиқиб, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари тармоғи барпо этилади. Таълим олувчиларни оиладан ажралмаган ҳолда ўқишга имкон қадар кўпроқ қамраб олинади.

Мавжуд таълим муассасаларини капитал таъмирлаш ва янги таълим муассасалари қуриш, уларни норматив талабларга мувофиқ, замонавий техника ва технологияларнинг даражасини ҳисобга олган ҳолда жиҳозланишини таъминлаш чоралари кўрилади.

Ўқув-тарбия муассасаларини зарур ускуналар, инвентарлар, ашёлар, таълимнинг техникавий, дастурий ва дидактик воситалари билан жиҳозлаш юзасидан ихтисослаштирилган ишлаб чиқаришларни вужудга келтириш қўллаб-қувватланади. Барча босқичдаги таълим жараёнларини компьютерлаштириш ва ахборотлаштириш амалга оширилади.

4.10. ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ЯХЛИТ АХБОРОТ МАКОНИНИ ВУЖУДГА КЕЛТИРИШ

Замонавий ахборот технологиялари, компьютерлаштириш ва компьютерлар тармоқлари негизида таълим жараёнини ахборот билан таъминлаш ривожланиб боради. Таълим жараёнида оммавий ахборот воситаларининг мавқеи ошиб боради, телевидение ва радионинг таълим дастурлари интеллектуаллашуви таъминланади. Фан ва таълимнинг нашриёт базаси ривожлантирилади, ўқув, ўқув-услубий, илмий, қомусий адабиётлар ва маълумотномалар билан таъминлашнинг барқарор тизими шакллантирилади.

 

 

4.11. ТАЪЛИМ ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида маркетингни ривожлантириш йўли билан таълим хизмати кўрсатишнинг рақобатга асосланган бозори шакллантирилади. Давлат ва нодавлат таълим муассасалари ривожлантирилади, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида рақобатга асосланган муҳит вужудга келтирилади, таълим хизмати кўрсатиш бозори давлат йўли билан бошқариб борилади. Асосий таълим дастурларида назарда тутилмаган консультатив ва қўшимча таълим хизматларидан иборат пуллик таълим хизмати кўрсатиш тизими ривожлантирилади.

4.12. ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ИЖТИМОИЙ КАФОЛАТЛАРНИ ТАЪМИНЛАШ ҲАМДА БУ СОҲАНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

Педагогик фаолиятнинг обрў-эътиборини ва ижтимоий мақомини ошириш юзасидан давлат сиёсати рўёбга чиқарилади. Таълим олувчиларнинг ва педагогларнинг ўқиши, соғлиги ва дам олиши учун зарур шароитлар яратилади.

Таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш органлари болалар ҳамда ўқувчи ёшларнинг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун зарур чораларни кўрадилар. ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштиришга қаратилган йўналишини рўёбга чиқариш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш учун шароитлар таъминланади. Таълим олувчиларнинг тиббий-гигиена маданиятини ошириш, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт бобидаги фаоллигини кучайтириш ҳамда жисмоний камолот даражасини ошириш учун ташкилий-услубий ёндашувлар такомиллаштирилади. Соғлиқ ва ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун муносиб муҳит яратилади.

4.13. ФАН БИЛАН ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ АЛОҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида илғор амалий илмий тадқиқотлар ўтказилади, таълим сифати давлат таълим стандартларига мувофиқ келишини ташкил этиш ва таъминлаш мақсадида педагогика ва таълим соҳасида илмий тадқиқотлар ва илмий-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш фаоллаштирилади. Фундаментал ва амалий фан соҳасидаги илмий кадрларнинг таълим жараёнидаги иштироки рағбатлантирилади, педагогик ва илмий-тадқиқот жараёнларининг алоқаси таъминланади. Ёшларнинг фан-техника соҳасидаги ижодкорлиги ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.

4.14. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини (марказларини) ташкил этиш ва уларни ривожлантириш, замонавий ускуналар, аппаратлар ва асбоблар билан жиҳозлаш рағбатлантирилади. Кадрлар тайёрлаш ва биргаликдаги илмий-технологик ечимлар яратишда корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланилади. Ишлаб чиқаришда кадрлар тайёрлаш қўллаб-қувватланади. Илғор технология соҳасида педагог кадрларнинг малакаси бевосита ишлаб чиқаришда мунтазам равишда ошириб борилади.

4.15. ТАЪЛИМ ВА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг халқаро-ҳуқуқий базаси яратилади, халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари рўёбга чиқарилади, халқаро таълим тизимлари ривожлантирилади, илмий-педагог кадрлар, талабалар ва ўқувчилар алмашиш кенгаяди. Таълим тўғрисидаги миллий ҳужжатлар халқаро миқёсда эътироф этилиши учун асос яратилади. Манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналарининг кадрлар тайёрлаш соҳасига чет эл инвестицияларини бевосита ва билвосита кенг жалб қилиш борасидаги фаолият кучайтирилади.

  1. МИЛЛИЙ ДАСТУРНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШГА ДОИР ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР

Миллий дастурни амалга ошириш мақсадида:

Миллий дастурнинг йўналиш ва босқичларини амалга оширишнинг аниқ механизмлари, муддатлари, ижрочилари, молиявий ва ресурслар таъминоти ифодаланган ечим ва чора-тадбирлар тизими ишлаб чиқилади;

Миллий дастурни бажариш юзасидан давлат ва жамоат институтларининг фаолияти ҳамда вазифалари белгиланади;

Миллий дастурнинг аниқ йўналишларини ишлаб чиқиш жараёнига малакали чет эл экспертлари жалб этилади;

Миллий дастурни бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилиб, халқаро ташкилотлар қатнашуви ташкил этилади;

Миллий дастурнинг мониторинги ва бажарилишини экспертиза қилиш асосида унинг айрим қоидалари ва тадбирларига тузатишлар киритилади;

оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, кадрлар тайёрлаш миллий модели рўёбга чиқарилишини таъминлаш масалалари юзасидан семинарлар ва конференциялар ўтказиш орқали Миллий дастурнинг принципиал ёндашувлари ҳамда асосий қоидаларини кенг кўламда тушунтириш ишлари олиб борилади;

Миллий дастурнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш жараёнига жамоат бирлашмалари ва марказлари, республика аҳолиси кенг табақаларининг фаол иштироки таъминланади;

оммавий ахборот воситаларида Миллий дастурнинг бажарилиши мунтазам ёритиб борилади.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш юзасидан Республика комиссияси ташкил этилади, бу Комиссиянинг зиммасига дастурни бажаришга доир барча ишлар ва тадбирларни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш, шу жумладан қуйидаги вазифалар юкланади:

узлуксиз таълимнинг тегишли турлари учун давлат таълим стандартларига қўйиладиган умумий талабларни ишлаб чиқиш;

умумий ўрта таълим учун давлат таълим стандартларини ва бошқа зарур норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун давлат таълим стандартларини, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидан иборат таълим тизимини жорий этиш дастурларини ишлаб чиқиш;

ўрта умумий таълимга эга бўлган ўқувчиларни академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари тизими билан тўла қамраб олиш тадбирларини, бу тизимни ҳудудларнинг демографик, жуғрофик хусусиятлари ва кадрларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, унинг моддий-техника асосини яратиш;

академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ишлайдиган ўқитувчилар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун таълим муассасаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг самарали ишлашини таъминлаш;

олий таълим муассасалари тизимини Миллий дастур талабларига биноан ислоҳ қилиш, бу борада тегишли давлат таълим стандартларини яратиш ва жорий этиш;

мактабгача таълим ва тарбия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, болалар тарбиясида ва уларни мактабга тайёрлашда оила, маҳалла ҳамда жамоат ташкилотларининг масъулиятини ошириш;

таълим муассасаларини зарур дарсликлар ва адабиётлар билан таъминлаш, бу ишга йирик олимлар, юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, таълим ва илм-фан соҳасининг нашриёт базасини ривожлантириш;

профессор ва педагог кадрларни ривожланган мамлакатлардаги етакчи таълим муассасаларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида махсус Республика жамғармаси ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш;

узлуксиз таълим тизимида чет тилларни фаол ўргатиш учун зарур шароит яратиш, уларни ўргатишнинг жадаллаштирилган услубларини жорий этиш, ўзбекча-чет тиллар луғатларини, давлат тилидаги махсус адабиётларни нашр этиш;

узлуксиз таълим соҳаси ўқитувчилари ва педагог кадрларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш, кадрлар тайёрлашнинг малака талабларини аниқлаш ҳамда сифатини баҳолаш ишларини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича таълим тизими бошқарувига боғлиқ бўлмаган ягона давлат хизматини ташкил этиш;

таълимни ахборот билан таъминлаш тизимини шакллантириш ва ривожлантириш, уни жаҳон ахборот тизими билан боғлаш, оммавий ахборот воситаларининг таълим соҳасидаги вазифаларини белгилаш;

касб-ҳунар таълими соҳасида кадрларга бўлган талаб ва таклифни ўрганишни ташкил этиш, таълим хизмати кўрсатиш ва касбий меҳнатнинг рақобатга асосланган бозорини ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасида маркетингни шакллантириш.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

[ОКОЗ:

1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.09.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича давлат сиёсати]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Ёшларга доир сиёсат тўғрисида қонун ҳужжатлари]

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг

Қарори

«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 2-сон, 81-модда)

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:

  1. «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 1992 йил 1 январдан бошлаб кучга киритилсин.
  2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига зид бўлмаса, ушбу Қонунга мослаштирилгунга қадар қўлланаверади.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига:

икки ойлик муддатда Ўзбекистон Республикасида ёшларга ижтимоий хизмат кўрсатувчи давлат-жамоат хизматини ва ёшлар жамғармаларини тузиш тартибини тасдиқлаш;

1991 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси ёшлар бўғинларида тегишли структураларни тузиш;

уч ойлик муддатда:

ёшларга имтиёзлар бериш, ёшлар корхоналарини барпо этиш ва уларга солиқ солиш ҳамда ёшлар жамоат бирлашмалари фаолиятининг ижтимоий йўналишини ҳисобга олган ҳолда бу бирлашмаларга солиқ соҳасида имтиёзлар бериш тартибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Қонун ҳужжатларига «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига таклиф тақдим этиш;

вазирликлар давлат қўмиталари ва идоралари ушбу Қонунга зид бўлган норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаш;

давлат идоралари ва жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига тақдим этиш топширилсин.

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ

Тошкент ш.,

1991 йил 20 ноябрь,

430-XII-сон

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

[ОКОЗ:

1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.09.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича давлат сиёсати]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Ёшларга доир сиёсат тўғрисида қонун ҳужжатлари]

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 2-сон, 80-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 102-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда; 51-сон, 514-модда; 2008 й., 52-сон, 513-модда)

Давлат халқ манфаатларини кўзлаб, «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонунга асосланиб, республика ёшларининг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсатни ишлаб чиқади ва уни амалга оширади.

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсади ва қоидалари

Ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати қуйидаги қоидаларга асосланади:

миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва сиёсий эътиқодидан қатъи назар, ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш;

миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан-авлодга ўтиши, авлодларнинг маънавий алоқаси;

ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари доирасида ўз манфаатларини амалга ошириш йўлларини эркин танлай олишларига кафолат бериш;

жамиятни ривожлантиришга, айниқса республика ёшлари ҳаётига оид сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши;

ҳуқуқ ва бурчларнинг, эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлиги.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида Ўзбекистон Республикаси тасарруфига қуйидагилар киради:

республика ҳудудида ёшларга оид давлат сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий асосларни белгилаш;

ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва таъминлаш;

ёшларга оид давлат сиёсати бошқарув идораларини тузиш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида республика комплекс ва аниқ мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга мўлжалланган молиявий маблағларни тасарруф этиш;

республика ёшларининг манфаатларини Ўзбекистоннинг республикалараро ва халқаро мажбуриятлари доирасида ифодалаш;

республика ҳудудида ёшларнинг ва улар бирлашмаларининг ижтимоий муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш;

республика ёшларининг, ёшлар жамоат уюшмаларининг ташаббусларини иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

ҳамма ҳуқуқ субъектларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёшларга нисбатан белгилаб қўйилган мажбуриятларга риоя этишларини назорат қилиш, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишнинг бошқа масалалари.

3-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси ёшларга оид давлат сиёсатини мустақил равишда белгилайди ва амалга оширади, ушбу Қонун 2-моддасининг еттинчи хатбошиси бундан мустаснодир.

4-модда. Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунлар

Ёшларга оид давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва ёшларнинг манфаатларига дахлдор бўлган ижтимоий, иқтисодий ҳамда ўзга муносабатларни тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси ушбу Қонун орқали 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқароларга тааллуқли ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий негизини белгилаб беради ва уни тегишли қонунларни ривожлантириш ҳамда тизимга солиш учун асос деб эътироф этади.

Агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Қонундагидан ва Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

5-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатнинг субъектлари

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, ёшлар номидан уларнинг жамоат бирлашмалари ёшларга оид давлат сиёсатининг субъектларидир.

  1. ЁШЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

6-модда. Ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уни таъминлаш

Ёш фуқароларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш давлат ва жамоат ташкилотлари, бирлашмалар ва корхоналарнинг ёшларга нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган вазифаларини, шахснинг қадр-қимматини оилада, меҳнат ва ўқув жамоасида, турар жойда ҳар томонлама ҳимоя қилишни ўз ичига олади.

Ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда вакиллик, ижроия, суд ҳокимияти идоралари, шунингдек ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг ёш фуқаролари Конституция ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан тўлиқ фойдаланадилар. Ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг ёшига қараб қандайдир бавосита ёки билвосита чеклаб қўйишга йўл қўйилмайди ва бундай хатти-ҳаракатлар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Вояга етмаганларнинг муомала лаёқати масалалари, ёш фуқаролар айрим тоифаларнинг (ногиронлар, ўй бекалари, болалар уйида тарбияланаётган ҳамда тарбияланиб чиққанларнинг ва ҳоказо) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тартибга солиб турилади.

Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади.

7-модда. Вояга етмаган ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш

Вояга етмаганларга нисбатан мажбурий тарбиявий таъсир чора-тадбирларини қўллаш, шу жумладан: етказилган азият ғуборини кўтариш мажбуриятини юклаш, жарима солиш, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, ахлоқ-тузатиш ишларига юбориш, ҳибсга олиш, озодликдан маҳрум этиш, уларни махсус ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш фақат суднинг ҳукмига ёки тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат шахснинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва унинг қадр-қиммати ҳурмат қилинишини, ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганлар анча инсонпарвар режимда сақланишини кафолатлайди, озодликдан маҳрум қилиш жойларида уларнинг аҳволини халқ депутатлари Кенгашлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилиниши учун шарт-шароит яратади. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлик учун содир этган жиноятларнинг оғирлик даражаси ва уларнинг ёшини ҳисобга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жойларида табақалаштирилган режимда сақлаш назарда тутилади.

(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

[ОКОЗ:

1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.01.00 Умумий қоидалар]

8-модда. Ёшларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқлари

Ўқувчилар ва талабаларнинг ўқув-тарбия муассасалари маъмурияти билан ўзаро муносабатлардаги ҳуқуқ ва бурчлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, шунингдек тегишли муассасалар ўзини ўзи бошқариш идораларининг қарорларида белгиланади. Ўқувчилар, талабалар ёки уларнинг қонуний вакиллари ўқув юртларининг маъмурияти билан тегишли қоидалар, шартнома (битимлар) ишлаб чиқишда иштирок этадилар.

Ўқувчилар ва талабларни ўқув жараёни вақтида ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этишга йўл қўйилмайди, бундай иш улар танлаган мутахассисликка мос бўлиб, ўқув-ишлаб чиқариш амалиётининг шакли ҳисобланган ёхуд ўқувчилар ва талабалар ўқишдан бўш вақтларида ихтиёрий равишда жамоа бўлиб ёки якка тартибда меҳнат қилган ҳоллар бундан мустаснодир. Мазкур меҳнат фаолиятига меҳнат ёки фуқаролик қонунларига мувофиқ тегишлича расмийлаштирилган шартнома бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ўқувчилар ва ўқув юртларининг талабаларига ўқув ашёлари, дарсликлар ва мактаб кийимларини имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Моллар рўйхати ва уларни реализация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

(8-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

9-модда. Ўзбекистон Республикасида давлатнинг истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаши

Давлат истеъдодли ёшларни алоҳида қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Республикасида давлат ташкилотлари ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар истеъдодли ёшларни аниқлашда ва уларнинг ижодий камол топишида кўмаклашишлари шарт. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикасида фан ва техника, иқтисодиёт, бошқарув, санъат соҳаларида истеъдодли ёшларни қидириб топишни, уларни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашни амалга оширишда моддий-техника базалари билан таъминланган давлат муассасалари, жамоат бирлашмалари ва комиссиялар фаолият кўрсатади. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари республика ва маҳаллий бюджетлар, ҳамда бошқа манбалардан пул билан таъминланади.

(9-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

[ОКОЗ:

1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.10.00.00 Ногиронлар ва фуқароларнинг бошқа тоифаларининг ижтимоий ҳимояси]

10-модда. Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш

Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш жисмоний, ақлий, ахлоқий жиҳатдан ўсишни ва Ўзбекистон халқининг манфаатлари йўлида ижтимоий камол топишини таъминлаш учун ёш фуқаролар ва уларнинг оилаларига бериладиган давлат кафолатларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасида ёшлар учун:

бепул тиббий хизмат;

бепул таълим олиш;

спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларга имтиёзли шартларда қатнаш;

уй-жой қуриш, рўзғор буюмлари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

дастлабки меҳнат фаолияти учун иш жойи билан таъминланиш ёки амалдаги қонунларга мувофиқ моддий компенсация олиш ҳуқуқи;

ижтимоий инфраструктура объектларини лойиҳалаш ва қуриш чоғида ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олиш;

ўқувчилар, талаба ёшлар ва вояга етмаган фуқаролар учун транспортда юриш имтиёзлари;

вояга етмаганларга компенсация тўловларини кафолатловчи ижтимоий таъминланиш минимуми белгиланади.

Вояга етмаганларни, ёш фуқароларнинг айрим тоифаларини (ногиронлар, уй бекалари, болалар уйида тарбияланаётган ва тарбияланиб чиққанлар, ўқувчилар, талабалар, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ҳарбий хизматчилар, захирадаги ҳарбий хизматчилар ва шу кабиларни) ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган махсус чора-тадбирлар, шунингдек уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.

III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

11-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатини ташкилий жиҳатдан таъминлаш

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ишлаб чиқади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши ва бошқа давлат идоралари, жойларда эса халқ депутатлари Кенгашлари ижроия идоралари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгашининг вазифалари, ваколатлари ва тузилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ёшларга оид давлат сиёсати асосидаги тадбирларни пул билан таъминлаш ўлчамлари ва илмий жиҳатдан асосланган ижтимоий мезонларини ишлаб чиқади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритади.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Президентига ҳар йили ёшларнинг аҳволи хусусида маъруза тақдим этади.

(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

12-модда. Ёшларга оид сиёсатни рўёбга чиқаришнинг давлат дастури

Ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган давлат дастури негизида амалга оширилади.

(12-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

Давлат дастурининг ишлаб чиқилишидан ва рўёбга чиқарилишидан кўзланган асосий мақсад ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни, инсоний қадр-қимматини, ўзига хос, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-маданий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратишдан, ихтиёрийлик ва танлаш имконияти қоидалари асосида ёшларнинг халқ хўжалигида меҳнат қилишларига кўмаклашишдан иборат.

Давлат дастурини рўёбга чиқаришда мулкчиликнинг туридан қатъи назар, корхоналар, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар иштирок этади.

Давлат дастури моддий ресурслар, меҳнат ресурслари ва молиявий ресурслар билан таъминланади.

Маҳаллий ҳокимият идоралари кичик дастурлар, шунингдек мустақил ҳужжатлар тарзида дастурлар ишлаб чиқадилар. Дастурларнинг рўёбга чиқарилиши маҳаллий бюджет маблағлари ва пул билан таъминлашнинг бошқа манбаларидан амалга оширилади.

13-модда. Ёшларнинг ижтимоий хизмати

Ўзбекистон Республикасида ёшларни, ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларнинг жамоат уюшмалари ва уларнинг корхоналарини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг фуқаро сифатидаги ташаббускорлигини рўёбга чиқаришга ёрдам кўрсатиш мақсадларида ёшлар давлат-жамоат ижтимоий хизмати амал қилади.

Ёшлар ижтимоий хизмати фаолиятининг йўналишлари қуйидагилардан иборат:

психологик-педагогик, тиббий-биологик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва вояга етмаганлар ҳамда бошқа ёш фуқароларга маслаҳат бериш;

жисмоний нуқсонлари туфайли жуда ноқулай шароитда қолган ёш фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат ва ўқув жамоаларида ёшларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш;

вояга етмаган ҳуқуқбузарларга махсус тарбия муассасаларида ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

озодликдан маҳрум этиш ва махсус тарбия муассасаларидан қайтган ёш фуқароларни ижтимоий жиҳатдан тиклаш (кўниктириш);

ёшларнинг жамоа бўлиб ва якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бу фаолиятни ривожлантириш;

ҳуқуқий ташвиқот, ёшларни ишга жойлашиш, таълим олиш ва касбий тайёргарлик кўриш, бўш вақтни мазмунли ўтказиш, туризм ва спорт билан шуғулланиш соҳасидаги манфаатларини рўёбга чиқаришлари учун мавжуд имкониятлар тўғрисида хабардор этиш;

ёшларнинг ўзини ўзи бошқариш шаклларини ривожлантиришга;

ёшларнинг яшаш жойларида ўз бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этишга кўмаклашиш ва ёшларга ёрдам кўрсатиш борасидаги бошқа вазифаларни бажариш.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари ҳудуддаги ўзига хосликни ҳисобга олган ҳолда ижтимоий хизматнинг аниқ шаклини белгилайди.

14-модда. Давлатга тааллуқли бўлмаган идоралар ва фуқароларни ёшларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга жалб этиш

Ёшларнинг жамоат уюшмаларини, бошқа давлатга тааллуқли бўлмаган ташкилотларни ёшларга ижтимоий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятга жалб этиш халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ижроия идоралари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши ва республиканинг бошқа идоралари билан шартнома тузиш асосида амалга оширилади. Шартнома ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолиятнинг тури ва мазмуни, томонларнинг мажбуриятлари бўйича кўрсатиладиган молиявий ёки моддий ёрдамнинг шартлари белгиланади.

(14-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

15-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатини иқтисодий таъминлаш

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги тадбирларни пул билан таъминлаш бюджетлар, ёшлар жамғармаси ва бошқа жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қуйидагилар республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар, шунингдек республика жамғармалари ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан пул билан таъминланади:

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги республиканинг комплекс ва аниқ мақсадли дастурлари;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ҳал этишни жадаллаштиришга қаратилган, аниқ мақсадлар учун қилинадиган харажатлар;

ёшлар жамоат ташкилотларининг ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича қилинадиган харажатлар;

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши ва унга бўйсунувчи муассасаларни таъминлашга кетадиган харажатлар;

Ўзбекистон Республикаси тузган шартномаларга мувофиқ ёшларнинг минтақалараро миқёсда ва халқаро алоқаларни амалга ошириш учун қилинадиган харажатлар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган ёш фуқароларни ижтимоий таъминлашнинг кафолатланган умумдавлат минимумига қилинадиган харажатлар;

вояга етмаган фуқароларга компенсация тўлаш билан боғлиқ харажатлар.

16-модда. Ёшларнинг ижтимоий ривожланишига давлат ёрдами

Ёш фуқаролар ва ёш оилаларга ижтимоий имтиёзлар, чунончи: якка тартибда уй қуриш учун ер ажратиш, уй-жой сотиб олиш, уй-жой қуриш кооперативларига аъзо бўлиш учун пай бадаллари тўлаш, рўзғор буюмлари сотиб олиш (шу жумладан чорва моллари сотиб олиш), узоқ муддат фойдаланадиган кундалик уй жиҳозлари сотиб олиш, тижорат асосида амал қиладиган ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақ тўлаш ва бошқа мақсадларга узоқ муддатли кредитлар берилади. Ёшларга кредитлар банклар томонидан кам фоиз олиш шарти билан берилиб, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган имтиёзли тартибда узилади.

Ёш фуқароларнинг айрим тоифаларига темир йўл, ҳаво, сув, автомобиль транспортида (таксидан ташқари) ва шаҳар пассажир транспортида юриши учун Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ имтиёзлар берилади.

(16-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги 621-I-сон Қонунига мувофиқ чиқариб ташланган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 102-модда)

[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.10.00 Ижтимоий жамғармалар]

17-модда. Ёшлар жамғармалари

Ўзбекистон Республикасида илмий, техникавий, маданий ва бошқа ижодий фаолиятни, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат-жамоат ёшлар жамғармалари ташкил этилади.

(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-197-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 513-модда)

Ёшларнинг давлат-жамоат жамғармаларини ташкил этиш, улар фаолиятининг тартиби ва ташкил бўлиш манбалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

(17-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

[ОКОЗ:

1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.08.00 Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш]

18-модда. Давлатнинг ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаши

Давлат ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини, халқ ҳунармандчилиги ва ҳунармандчилик касб-кори билан шуғулланиши, ёшлар корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради.

Ишловчилар рўйхат таркибининг камида 75 фоизини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этадиган қуйидаги корхоналар: мактаб ўқувчилари, ўрта махсус билим юртларининг ўқувчилари, олий ўқув юртлари кундузги бўлимларининг талабалари, илмий-тадқиқот, инновация ва жорий этиш ишлари олиб бориш учун ёш олимлар томонидан ташкил этилган корхоналар, шунингдек ёшлар ташкилотлари тузган ҳамда рўйхатини Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган ёшларга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва хизматларни кўрсатувчи корхоналар ёшлар корхоналари ҳисобланади.

(18-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

Ёшлар корхоналари учун Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ: қарз олишда, инвестицияларда, зарур ишлаб чиқариш воситалари билан таъминланишда, ер майдонларини олишда, ўзларининг тижорат таваккалларини суғурталашда имтиёзлар белгиланади.

(18-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги 621-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 102-модда)

[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.09.00 Ёшлар, болалар, аёллар ташкилотлари, фахрийлар ва ногиронлар уюшмалари]

19-модда. Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг жамоат бирлашмалари

Республика ёшларининг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ривожлантиришни ўзининг асосий мақсадларидан бири деб билган фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтгач, кўнгилли уюшмаси Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг жамоат бирлашмаси деб ҳисобланади.

Ёшлар жамоат бирлашмасининг Устави (низоми, бошқа асосий ҳужжати) да аъзо бўлувчининг ёки қатнашчисининг ёши чегаралаб қўйилган (30 ёш) бўлиши керак. Ёшлар жамоат бирлашмасидаги 30 ёшдан катта аъзолар (қатнашчилар) кўпи билан ёшлар жамоат бирлашмасига кирганлар жами сонининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ёшларнинг жамоат бирлашмалари ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича давлатнинг комплекс ва аниқ мақсадли дастурларини ишлаб чиқишида қатнашадилар.

  1. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

20-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилиш

Ушбу Қонуннинг рўёбга чиқарилишини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва бошқа давлат идоралари назорат қилиб борадилар.

(20-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

Ушбу Қонуннинг барча давлат ва жамоат идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар томонидан аниқ ва бир таҳлитда ижро этилиши устидан олий назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикасининг Прокурори зиммасига юклатилади.

21-модда. Ушбу Қонунни бузганлик учун жавобгарлик

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг мансабдор шахслари ушбу Қонуннинг қоидаларига риоя этилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган тартибда жавобгардирлар.

Ушбу Қонунга зид келадиган ҳар қандай қонун ҳужжатлари қабул қилиниши биланоқ бутунлай ёки уларнинг тегишли қисми ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ёшларга оид давлат сиёсати субъектларига ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар тегишли суднинг қарорига асосан, тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1991 йил 20 ноябрь,

429-XII-сон