ПАРВОЗЛАРИ БАЛАНД ҚИЗ

   

     Замира Саноқулова ҳақида бор гап:

Ёши: 19 да

Интилгани: спорт

Қизиқиши: сухандонлик

Ёқтиргани: рақс

Иштиёқи: расм чизиш

Ҳоббиси: бўш ўтирмаслик

Антиқа ғалабаси: қўлидан тўп чиқиб кетгани

Билмагани: пазандалик

Қизиқиши йўқлиги: тикиш–бичиш

Нияти: уй–рўзғор ишларини ўрганиш

Ўзи: ёқимтой

Феъли: босиқ

Орзуси: эл суйган қиз бўлиш

Зеҳни: ўткир

Фикри: теран

Мақсади: Ўзбекистон ёшларининг қудратини

дунёга кўз–кўз этиш

Бирлашган Араб амирликларида ўсмир футболчилар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати кўпчиликни ҳаяжонга солгани рост. Ҳар биримиз ёш футболчиларимиз майдонга чиқишганида уларнинг ғалабага эришишларини қаттиқ ҳаяжон билан кутгандик. Бироқ, нимчорак финал ёш футболчиларимиз учун бироз омадсиз кечди. Тўғри, шунда чемпионликка эришган нигериялик ўсмирларга ҳавас билан боқдик, бироқ мағлубиятга учраган ёш ҳамюртларимизни ҳам олқишлаб қўйишни унутмадик, келажакка ишонч билан боқишга, улкан довонлар ҳали олдинда эканлигига ундадик. Чунки, ютқазишса ҳам улар – ўзимизнинг болалар, ўзимизнинг ёш ватандошлар!

Гап шундаки, Ўзбекистон аталмиш бағрикенг бу нурли Ватанда истеъдоду иқтидори бўлган ҳар бир бола,  уриб турган ҳар бир юрак юксак қадрланади. Яқинда Президентимиз Ислом Каримов фармонига биноан маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидоийлик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган бир гуруҳ ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилгани бунинг исботидир. Бундан ташқари, илм-фан, спорт, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган ёшларнинг юксак унвонлар билан ҳам тақдирлангани “Обод турмуш йили”да юртимиз йигит-қизларига кўрсатилган катта шарафдир.

Мана шундай юксак мукофотлардан бири бухоролик бадиий гимнастикачи Замира Саноқуловага  ҳам насиб этди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланган Замира Саноқулова юксак мукофотни олар экан:

  • Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътиборни ҳар қадамда ҳис этаман. Фарзандини суюб, эркалаб, камолга етказаётган обод диёрнинг озод ва бахтиёр қизи эканлигимдан, халқаро ва жаҳон гиламларига чиққанимда ҳам шундай Ватан меҳри мени қўллаб турганидан фахрланаман, ғурурланаман. Ҳар бир изланишу интилишим рағбат топаётганидан эмас, мен ва мен каби ёшлар учун жонини беришга ҳам тайёр Юртбошимиз борлигидан кўксим осмон қадар бўйлайди. Шу Ватаннинг, шу юртнинг дуоси биз ёшларни доимо қўллаб турсин, унинг шаъну шавкатини ҳамиша ғалабаларимиз билан кўтарайлик, дея баралла айтаман, – дейди оташин ҳайқирик ила.

Бухоро заминида дунёга келган оловқалб Замира Саноқулованинг дилида ҳам, тилида ҳам ҳайқириқ, оташ бор. У 7 ёшиданоқ Бухоро шаҳридаги  “Нафис” бадиий гимнастика спорт мажмуасига қатнай бошлади. Аввалига мажмуанинг соғломлаштириш гуруҳининг жажжи аъзоси  бўлган Замиранинг интилишлари, серғайрат ҳаракатлари мураббийларни ҳайратда қолдирди. Қизалоқни тез орада асосий гуруҳга қабул қилишди. Аввалига гуруҳлараро, кейин шаҳар, ҳамда вилоят миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок эта бошлади. Илк ғалабага 2003 йилда, яъни 9 ёшида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган очиқ чемпионатда эришган эди. Бадиий гимнастика бўйича биринчи мураббийи Алсина Чипкунова эса Замира эришаётган ютуқларда ўз меҳнатларининг мевасини кўргандек қувонарди.

dfgdgdg

  • Бошланғич таълимни шаҳардаги 14 – ўрта умумтаълим мактабида бошлаган Замира юқори синфларни 2-ўрта умумтаълим мактабида таҳсил олиш билан давом эттирди. Бадиий гимнастика билан тинимсиз шуғулланиш баробарида барча фанларни ҳам “аъло” баҳоларда уддалаётган, бунинг устига рақс тушишга ҳам вақт ажрата оладиган, туни билан расм чизиб, тонг оттиришга ҳам, инглиз тилини ўрганишга ҳам қунт билан ёндошадиган, бундан ташқари, “камолот”нинг фаоли, турли тадбирларнинг сухандонига айланиб қолган қизимнинг ғайратидан бир-да хурсанд бўлсам, бир-да унга “кўз тегиб” қолмаслигини сўрардим, – дейди биз билан суҳбатда Замиранинг ойиси Дилшода Абдуллаева.
  • Чиндан ҳам серқирра истеъдод эгаси Замира жажжигина қизалоқлигиданоқ тиришқоқлиги, изланувчанлиги билан кўпчиликни ҳайратга солиб келган. Ўрта мактабни тугатгач, у Бухоро Санъат коллежида таҳсил олди. Рақсга ҳам қизиқиши  баланд Замира Саноқулованинг нозик, қалбларни сеҳрловчи ҳаракатлари кишининг баҳри дилини очиб, кайфиятини кўтаради. Айниқса, унинг “Ниҳол” кўрик–танловининг республика босқичида ҳам иштирок этганлиги ёш қизнинг  серқирра истеъдод соҳиби эканлигини яна бир карра исбот этди. Гуруҳдошлари унинг ўткир зеҳни ва иқтидори билан фахрлансалар, устозлари эса унинг одобли, хушмомала ва ноёб истеъдод эгаси эканлигидан қувонардилар.

Изланишу интилишлари бисёр, аниқроғи, қалби доим оташга тўла Замира кўплаб спортчилар орзу қилган уч босқичли спорт мусобақалари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда “Универсиада”да иштирок этиш муваффақиятига 19 ёшга кириб-кирмай эришди.  Ҳар тун ҳижжалаб ёзадиган “Кундалик”ини ўқир экансиз, мусобақалар қайд этилган ҳайратли, ҳавасли натижаларга кўзингиз тушади: “15 ёшимда Германияда бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Халқаро турнирда иштирок этиб, биринчи ўринга муяссар бўлганимда, қаттиқ ҳаяжонланганман. Менинг ғалабамдан бутун дунё эмас, балки жонажон ўзбекистонликлар ҳам завқланаётганини ҳис этиб, йиғлаб юборганман. Ўзбекистоннинг байроғини қайта–қайта ўпиб, кўзларимга суртганман. Хитойнинг Гуанжо шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам юксак ғалабага эришганимдан бахтиёр эдим. Беллашувлар якунлангач, барча иштирокчилар чексиз ва тенгсиз, маҳобатли, мўъжизакор Хитой деворларини томоша қилар эканмиз, ҳайратлардан юракларимиз худди ларзага келган. Аммо, барибир, юртимнинг ғиштин обидаларию, қумсувоқ деворлари салобат тўкиб турган қадим манзилларига тенг келолмаслигини англаганман. Шунда жуда қисқа кунларда ҳам ватанимни соғинганимни ҳис қилганман. 19 ёшга тўлиб–тўлмай, Россия, Германия, Греция, Италия, Испания каби кўплаб давлатларда бўлдим. Бу, албатта, юртимизнинг спортга эътибори, ўз юрти болаларини қўллаб–қувватланаётгани натижасидир. Мен ҳар бир давлатга мусобақалар сари отланар эканман, елкамда улкан тоғлар оғирлигини ҳис қиламан. Қайтишда эса жонажон диёримга шу юкдан халос бўлиб, яъни ғалабалар нашидаси билан худди қушдек енгил бўлганимни ҳар англайман. Ғалабаларимда бувим ва буважоним, отажоним ва онажонимнинг, опам, синглим ва укамнинг яхши тилаклари, жонажон юртимнинг нафаси борлигини қайта–қайта ҳис қиламан…”

Тўрт фарзанд камол топаётган оилада баркамол униб–ўсаётган спортчи қиз ҳар нафасида яқинлари меҳрини туйиб яшайди. Бу оилада спорт, санъат қадрланади. Истеъдод қўлаб–қувватланади. Мураббийлар улуғланади.

замит

Ҳа, айтмоқчи, Замиранинг бу натижаларга эришувида, албатта, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Рима Хохлованинг хизматлари катта. “Осиё ўйинлари чемпиони” бўлган ҳикоямиз қаҳрамони ҳам фикримизни тасдиқлайди:

  • Менинг бахтим ҳам шунда: онамдек меҳрибон, ғалабаларимдан мендан кўра кўпроқ қувонадиган устоз қўлида камолга етганим! Рима Хохлова мураббийлигида бадиий гимнастиканинг тасма, ҳалқа, арқон ва тўп турлари билан ҳам бенуқсон шуғуллана оладиган даражага етдим. 7 карра Ўзбекистон чемпиони бўлган бўлсам, барини бағирларини очиб, кўзда ёш билан қарши олган. Мен бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионлари ҳамда “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндорлари Сарвина Холиқова, Ҳусниябону Ғуломова сингари ватанимиз спорт юлдузларини етиштириб чиққан Рима Хохлова “мактаби”ни ўтаганим – бу менинг ютуғим. Талабчан ва меҳрибон мураббийим Бухорода шундай бадиий гимнастика ўчоғини яратганларки, у эртага юртимиз келажаги учун улкан қудрат бўлиб хизмат қилса, шубҳасиз. Мен ҳам устозим сингари юрт шарафига ярайдиган ана шундай “мактаб” яратишни жуда–жуда истайман.

Дарҳақиқат, Замира Саноқулова бугун ўз олдига қўйган шу мақсад йўлига тушган, чамамизда. Тошкент давлат жисмоний тарбия  институтининг гимнастика факультетининг биринчи босқичида имтиёзли таҳсил олаётган Замира пойтахтимиздаги “Гармония элит” спорт гимнастика клубида 20 нафардан ортиқ болаларга спортнинг бадиий гимнастика туридан сабоқ бермоқда. Бу, албатта, унинг эзгу ниятлари йўлидаги тамал тошдир.

Ҳа, Ўзбекистонимизнинг ҳар бир боласи Замира сингари тамал тош бўлса, уни ҳеч бир куч билан забт этиб бўлмайди.

Лайло Ҳайитова