“Менинг боламни интернатингга қабул қиласан!”-бир мансабдорнинг телефон орқали қилган пўписаю тазйиқидан муаллим хафа бўлмади: бундай ҳолатларга кўникиб кетган. Чиранишлар бекор. Нима бўлганда ҳам интернатга фақат муносибларгина қабул қилинади. “Бу ерда эркатойлар эмас, иқтидорлилар ўқийди!” –муаллим Тўхтамурод Жумаевнинг жавоби шу бўлди.
У столидан оғир қўзғалиб, истеҳзоли кулиб қўйганча дераза олдига келди. Узоқ ўйга чўмди. Бир пайтлар: ”Интернат дегани-етим-есирларни ўқитадиган мактаб, бундай мактабга берадиган болам йўқ” дея муаллимнинг ташаббусига ҳар томонлама тўсқинлик қилишга уринган мансабдорлар кўп эди. Шундай пайтларда муаллимнинг иқтидорлилар мактабини ташкил этиш учун кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ўқувчи ахтаришига тўғри келди. Афсуски, тумандаги 8-ўрта умумтаълим мактаби қошидаги кўримсиз, таъмирга муҳтож, имконияту шарт-шароити йўқ кичиккина бинога ҳеч ким фарзандини ўқитишни хоҳламади. Ҳатто, баъзилари муаллимни уйдан қувиб солишгача боришди. Устига–устак “интернат” тушунчасини одамлар фақат ота-онаси ҳаёт бўлмаган болалар мактаби сифатида қабул қиларди. Аммо, орадан кўп ўтмай, моддий жиҳатдан бўлмаса-да, маънавий жиҳатдан бой, жўшқин меҳри, чексиз билим салоҳияти билан ўқувчи-ёшларни ўз атрофига тўплай олган Тўхтамурод Жумаев саъй-ҳаракати билан мактаб илк қалдирғочларга оламдек кенг бағрини очди.
Бугун эса эзгулик йўлида талпинган бир қишлоқ муаллимининг тинимсиз изланишлари, 10-15 йиллар давомидаги машаққатлари, маҳаллий мансабдорлар билан кечган муросасиз курашлари эвазига яралган билим даргоҳи улуғ илм-маърифат ўчоғи сифатида дунё нигоҳини ўзига қаратмоқда. Ушбу даргоҳни оддийгина қилиб “Жумаев мактаби” дея эътироф этишади.
Ҳа, Қоракўл туманидаги 1-ихтисослашган иқтидорли болалар мактаб-интернати директори Тўхтамурод Жумаев заҳматлари билан бунёд бўлган зиё маскани тенгсиз гўшага айланди.
Маълумот учун: Илм даргоҳда тўрт йўналиш бўйича сабоқ берилади: 1. Аниқ фанлар: математика, инглиз тили, она тили ва адабиёти. 2. Аниқ фанлар: физика, математика, она тили ва адабиёт. 3. Табиий фанлар: химия, биология, она тили ва адабиёт. 4. Ижтимоий гуманитар фанлар: тарих, она тили ва адабиёт, инглиз тили.
1990 йилнинг 1 сентябридан ўз ишини бошлаган мазкур мактаб-интернат қисқа давр ичида аниқ фанлар бўйича ўтказилган вилоят, республика ва жаҳон олимпиадалари совриндорларини етказиб берди. “Кўринмаган нарса кўзнинг ичида бўлади” дейишганидек, кўпчилик нигоҳидаги “оддийгина мактабнинг оддийгина муаллими” заҳматидан фан оламида яшин тезлигида юксак чўққиларни забт этишга қодир ёшларнинг етишиб чиққани ҳайратларга сабаб бўлди. Энг диққатга сазовор жиҳати, мактаб-интернатга таълим олиш учун ўқувчилар кучли синов асосида қабул қилиниши кўпчиликни ҳаяжонга соларди. Бир ўрин учун 25 нафардан зиёд ўқувчининг беллашишига тўғри келиши одамлар орасида “Жумаев мактаби”га киришдан кўра институт талабаси бўлиш осонроқ” деган миш-мишларни чиқарди. Шунингдек, бир пайтлар муаллимнинг мактаб яратишига қарши чиққан казо-казолар энди бу мактабга эркатой фарзандларини ўқитишга “тиш”лари ўтмаслигини англаб етишди.
Мактаб-интернатни тугатган 40 нафар илк битирувчиларидан 38 нафарининг республикамизнинг турли олийгоҳларига ўқишга киришгани шов-шувларга сабаб бўлди. Бу рақам 1993 йилда қайд этилган бўлса, 1994-1996-ўқув йили битирувчиларининг 39 нафаридан 36 нафари, 1997-1999-ўқув йили битирувчиларининг 40 нафаридан 39 нафари, шунингдек, 2001-2003-ўқув йилида 102 нафар битирувчидан 96 нафарининг олийгоҳ талабалари бўлишгани нафақат, зиё маскани, балки кўҳна замин учун чексиз туҳфа бўлди. 2005-2007-ўқув йилида эса 102 нафар битирувчининг 99 нафарига талабалик бахти насиб этгани, айниқса, мамлакат, халқаро ва жаҳон олимпиадалари ғолиблари сонининг 100 нафардан ошиб кетгани мактаб-интернат нуфузини янада оширди.
Маълумот учун: Илм масканида ёшларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам барча шароитлар муҳайё. Радиоэшиттириш, 15 га яқин деворий газеталар улар хизматида. Ҳар бир синфнинг телевизор билан таъмтинлангани эса эътирофга молик.
Ўз иқтидори, билими ва салоҳияти билан юксак натижаларга эришган Миржалол Темиров, Мурод Умаров, Умид Раҳмонов, Тоҳир Мирзаев, Зулфиддин Камолов, Дониёр Нафасов, Жалол Қурбонов, Зафар Жумаев, Жаҳонгир Бобоев, Жавлонбек Бозоров, Ҳамроз Чўянов, Аброр Пирнапасов, Фарҳод Саидов каби юздан зиёд ўқувчилар турли йилларда Руминия, Словения, Жанубий Корея, Америка давлати, Индонезия, Япония, Греция, Буюк Британия, Испания, Германия, Голландия ва бошқа давлатларда ўтказилган Жаҳон ва халқаро олимпиадаларда қатнашиб, республикамиз шарафини ҳимоялаб қайтишди. Вақт эса йилдан-йилга тараққий этиб бораётган мактаб-интернатга академик-лицей мақомини беришга туртки бўлди.
Маълумот учун: Илм маскани фан кабинетларининг ҳар бири ўзига хос, бетакрор, замонавий жиҳозланган. Деворларда фанга доир энг муҳим битиклар акс этган. Кутубхона эса таълим-тарбияга оид газета-журналлар, бадиий китоблар билан таъминланган.
2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21 августдаги 243-сонли қарорига асосан мактаб-интернат базасида Бухоро Давлат университети қошидаги 3-сон академик-лицей ташкил этилди. Лицей директори этиб тайинланган Тўхтамурод Жумаев яна изланишдан чарчамади. Ўқув даргоҳи ер майдони 5 гектарга кенгайтирилди. Орадан кўп ўтмай, замонавий қиёфадаги янги ўқув биноси қад ростлади. Унинг 2 гектардан ортиғида боғ барпо қилинди. Боғдаги мевали ва манзарали дарахтлар, турли анвойи гуллар қумли барханлар орасида жойлашган академик-лицейга тоғ ҳавосини бахш этиб туриши ҳайратланарли. Шу боис ҳам зиё маскани бунёд бўлган бу манзилни “Оллоҳ назари тушган” дея аташади. Ваҳоланки, Ватан меҳри билан ёниб, пок қалб ила комил шахсларни тарбиялаб етказаётган фидоийларга бой маърифат ўчоғи шундай таърифга муносиб.
Маълумот учун: Илм даргоҳига ўқитувчилар ҳам махсус танлов асосида ишга қабул қилинади. Ўқув йили бошланган кундан бошлаб, ҳар 15 кунда улар сабоқ бераётган ўқувчиларнинг билим даражаси тест ва ёзма ишлар асосида баҳоланади.
Бугун академик-лицей 450 ўринли замонавий кўринишдаги ётоқхона, 300 нафар ўқувчига мўлжалланган ошхона, шунингдек, кўркам спортзалга эга. Ўқувчи-ёшларга 70 нафарга яқин ўз фанининг мутахассиси бўлган фидоий устозлар таълим-тарбия беришади. Шундан 40 нафарга яқини “Халқ таълими аълочиси”. Бир нечта Ўзбекистон Ресрпубликаси Халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Олий таълим фидоийси, Давлат мукофоти соҳиблари мавжуд.
Маълумот учун: Академик-лицейда ҳар йили муаллим ва мураббийларнинг йил даомида эришган ютуқлари белгилаб борилади. “Энг яхши фанг ўқитувчиси”, “Энг яхши гуруҳ раҳбари”, “Энг яхши мураббий” номинациялари бўйича пул мукофотлари билан рағбатлантириб борилади. Шунингдек, вилоят, республика, жаҳон фан олимпиадаларида қатнашган совриндорлар ҳам, ўқитувчи ва мураббийларга ҳам рағбатлантирувчи пул мукофотлари берилади.
- 1992-1993 ўқув йилларида битирувчилар сони бор-йўғи 40 нафарни ташкил этган бўлса, шундан 38 нафари, яъни 94,7 фоизи мамлакатимизнинг турли олийгоҳлари талабасига айланишди. Муболаға эмас, шу йилиёқ билим даргоҳи довруғи достон бўлди. Шароит, имкониятларнинг ҳали тўла шаклланмаганлигига қарамай, талабгорлар сони орта бошлади. Шунда кўз олдимдан турли қаршиликлар, ёқа йиртишлару, дилни хуфтон қиладиган сўзларни ҳар қадамда эшитиш, югур-югур, чоп-чоплар сабаб уйма-уй юриб, ўқувчи излаган, “Иқтидор тарбияга эҳтиёж сезади” дея ҳаёт ҳақиқатини исботлаш учун, ҳатто, кўз ёш тўккан кезларим ўтади,- дейди Тўхтамурод Жумаев,- ва йиллар силсиласида шу ҳақиқатни англаб етдим: Мактаб она-она ва ўқувчига эмас, ўқувчи ота-она ва мактабга интилиши керак!
Қаерда билим яхши берилса, ёшлар ўша ерга интилишади. Қоракўлдаги академик лицейга Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва бошқа вилоят ёшларининг ҳам илм истаб келиши кўнгилларда фахр уйғотади. Илм даргоҳидаги ютуқларга эришишнинг асосий омили, албатта, тиниб-тинчимас, қалбидаги ишонч ва масъулиятни чуқур ҳис қилган, юрт келажаги бўлган иқтидорли болалар тақдири учун курашган, одамлар талқини билан айтганда “оддийгина муаллим” ва унга эргашган тажрибали соҳа ходимларининг сайъ-ҳаракатидир. Шу ўринда Гулнора Жумаева, Саъдулла Холниёзов, Темур Рўзиев, Шуҳрат Сулаймонов, Баҳриддин Собиров, Дилрабо Ҳакимова каби кўплаб устозларнинг таълим ва тарбия борасида “муштни бир ерга тугиб” қилган меҳнатлари меваси бутун оламга татиётганини фахр билан айтиш мумкин. Асосийси, болаларга дарс беришнинг илмий асосланган, янгича услубларига кўпроқ аҳамият берилаётгани, муҳими, лицейга кириш учун танлов жуда кучли, билимгоҳнинг “темир қонуни” асосида — ҳеч бир таниш-билишчиликсиз одилона ўтказилаётгани билим масканидан юзлаб билимда “зўр” болаларнинг жаҳонга юз тутишини таъминламоқда. Халқ дарди, болалар меҳри билан ёниб, эзгу ниятлар йўлида умрбўйи курашиб яшаган оддий муаллимнинг улкан ишлари билан танишар эканмиз, беихтиёр Юртбошимизнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Қалби эзгулик ва меҳрга лиммо-лим муаллимларнинг масъулиятли меҳнати туфайли ёш авлод илм-маърифатга ошно бўлиб улғаяди, келажакнинг ишончли ворисларига айланади” деган сўзларини такрорлаймиз. Ҳақиқат ҳам шу! Ярим асрлик педагогик фаолияти давомида юзлаб иқтидорли ёшларни тайёрлаб, мамлакатимизнинг илм-фани довруғини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Тўхтамурод Жумаев оддийгина… эмас, балки ана шундай улуғ муаллимлардандир. Муборак касбнинг машаққатли йўлларини сабр босиб ўтган фидоий инсоннинг улуғ хизматлари давлатимизх томонидан муносиб баҳосини топди. “Халқ маорифи аълочиси” Тўхтамурод Жумаев “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланди.
- Менинг орденларим ортида шогирдларим зафарлари бор-да, шундай экан, менинг эмас, шогирдларимнинг ютуқларини ёзинг, – дейди суҳбатдошимиз камтаринлик ила, – улар орасидан қанча-қанча фан номзодлари, олиму, давлат мукофоти соҳиблари етишиб чиқди. Ўқув биносининг кираверишида кўрдингиз, суратларини фахр билан илиб қўйганмиз; табиий, аниқ ва гуманитар фанлар бўйича ўтказилган мамлакат, Ўрта Осиё, Халқаро ва жаҳон олимпиадаларида ғолиб бўлиб, кўксини медаллар шодаси билан тўлдириб қайтганлар юздан ортиқ. Шукурким, улар бугун Ватан тараққиёти йўлида жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатиб, тиришқоқлик билан барчага ўрнак бўлиб келишмоқда. Айниқса, халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган шогирдларимдан йигирма нафаридан ортиғи Москва, Вьетнам, Испания, Руминия, Корея, Америка, Шотландия каби қатор давлатлардаги олийгоҳларда имтиёз билан ўқишга киришиб, бугун мамлакатимиз тараққиёти йўлида улуғ мақсадлар билан хизмат кўрсатишмоқда. Шунингдек, Италия, Япония, Америка ва Франция давлатлари олийгоҳларини тамомлаган ўқувчиларимнинг ўша давлатлар талабаларига математика фанидан сабоқ бераётганини айтмай ўтолмайман. Бундан бир неча йил илгари математика фанидан Грецияда ўтказилган Жаҳон Олимпиадасида республикамиз ўқувчилари томонидан 11 та медаль қўлга киритилган эди. Шулардан тўққизтасининг айнан бизнинг даргоҳимиз болалари эканлиги хабарини эшитиб, худди ёш боладек йиғлаб юборганман…
Ҳаётининг асосини болаларга муҳаббат, деб билган устознинг қалби улардек беғубор, нигоҳлари шогирдлари ютуғидан ифтихор ҳиссига тўлалигига яна бир бор амин бўлдик. Муаллим яна бизни ўша – дунё ёшлари эътиборини ўз билими ва заковати билан лол этгган шогирдлари сурати илинган кенг ва ёруғ йўлак сари етаклайди. Уларнинг номини яна такрор ўқиймиз: Жавлон Исомуродов, Ризамат Хайруллаев, Ҳусен Тангриев, Азизхон Назаров, Суръат Исмоилов, Надежда Зернова, Нафосат Жўрабекова, Беҳзод Тиллаев, Зуфар Бобоев, Алишер Эшонқулов, Бахтигул Ботирова каби кўксини турли олимпиадалар шодаси тўлдирган академик-лицей ўқувчилари номини бир-бир келтиришга саҳифалар етмас. Ёшларнинг кўпчилиги Олимпиадалар ғолиблари бўлиш билан бир қаторда буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек, физика-математика фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги С. Сирожиддинов стипендияси совриндорлари ҳам. Биргина академик лицейда (муболаға эмас) турли фанлар бўйича олийгоҳ талабалари билан беллаша оладиган заковатга эга ўқувчи-ёшлар қуршаб олганига беихтиёр кўнглингиздан “бўлиши мумкин эмас!” деган шубҳа кечгандек бўладию, бироқ ҳақиқат билан юзлашгач, ўз гумонингиздан юзингиз қизаради. Қойил! –дейсиз, – оддийгина муаллимнинг узоқ йиллар давомида чеккан заҳматлари эвазига Ўзбекистон кўксига қадалаётган юлдузлар – шогирдларининг зафарларини кўриб.
Академик-лицейдаги таълим-тарбия, талабчанлик ва мустаҳкам интизомни, маданияту маънавиятни бошқа илм масканларида учратиш қийин. “Бундай тартибда ишлаш ва ўқиш қийинчилик туғдирмасмикан? ” деган саволлар ҳам йўқ эмас. Ўқувчиларнинг бир-бирларига бўлган муносабатлари, устозларга ҳурмати, меҳмонларга эҳтироми, устозларнинг закийлигию ўз устида тинимсиз изланишини, болаларнинг зафарлари одимларини ана шу қатъий интизом берган мева сифатида кўриш мумкин.
Маълумот учун: Ўзбекистон Миллий университети билантаълим муассасаст ўртасида имзоланган шартномага кўра, республика ҳамда халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи ўқувчилар айни даргоҳда тайёргарлик машғулотларини олиб боришади. Бу улар назарий билимларининг амалиёт билан боғланишида муҳим аҳамият касб этади.
– Фақат тарбия берган инсон тарбиячи ҳисобланади. Фақат таълим берган инсон – ўқитувчи. Таълим билан тарбияни қўшиб олиб борганларни эса муаллим ёки мураббий, дейдилар. Муаллим шогирдга таълим-тарбияни бериш билан бирга уни фарзандидек севса, унга меҳр берса ва шогирдининг ишончини қозонса, бундай муаллим устоз шарафига муяссар бўлади. Ва ўз ўрнида шогирд ҳам устоз ишончини оқлайди. Устозидан ўзиб кетишга муваффақ бўлади, -дейди Тўхтамурод Жумаев дона-дона сўзлар экан, – бизни қувонтирадигани – муболаға эмас, лицейда устозидан ўзиб кетадиган шогирдлар борлигини ҳеч иккиланмай айта оламан.
Чиндан-да мазкур илм масканида таълим-тарбия олаётган ёшлар маънавий етуклик, ақлий камолот, тафаккур кенглиги, шу билан бирга риёзат билан сиёсатнинг ўзаро уйғунлиги, илмга ихлос ва келажакка ишонч билан камолга етмоқдаларки, уларнинг ҳар бири дунё илм-фани бешигини тебратган буюк боболаримиз мисол Ватанни шон-шарафга буркаб, миллат ва халқ фахрига айланиши, шубҳасиз.
Дилрабо Ҳакимова, академик-лицей ўқитувчиси:
- “Яхшидан боғ қолади” дейди халқимиз. Йиллар ўтиб эса Тўхтамурод Жумаевдан шу қутлуғ илм даргоҳи ва мигглаб шогирдлар қалбига сочилган меҳр ва зиё уруғи қолади. У фикрларни ўзим билим масканининг кундалик фаолиятини кузатиб, уқиб олдим.
Лайло