“ТЕАТР АКТЁРНИ ЧАХРЛАЙДИ, КИНО ЭСА ФОЙДАЛАНАДИ”

“Дийдор” бекатида янги йилда янги орзуларни ўз мухлисларига армуғон айлаган “Муқимий” номидаги  Ўзбек давлат мусиқали театрининг ёш ҳамда истеъдодли актёри

РАСУЛХОН ҚОДИРХОНОВ

IMG_6583

Аввало, хуш кўрдик.

– Раҳмат!

* Туғилган йили:1985 йил 20 сентябрда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Хўжа қишлоғида туғилган.

* Маълумоти: Ўзбекистон Маданият институти (Ҳозирги Маданият ва санъат институти)ни тамомлаган.

* Севимли машғулоти: футбол, мусиқа тинглаш.

Севимли жамоаси: Барселона

* Бўйининг ўлчами: 1,79

* Ёқтирган ранги: оқ ва сиёҳранг

– Расулхон! Санъат соҳасини танлашингизда сизга нима туртки бўлган? Бу ёшликдаги ҳавасми ёки қизиқиш?

– Бу тақдир бўлса керак. Чунки оилавий муҳит мени санъатни севишга, унга ошуфта бўлишга ундади. Бобом раҳматли ажойиб ва истеъдодли хушовоз созанда бўлганлар. Отамга Фахриддин Умаров, Отажон Худойшукуровлар каби   эл суйган санъаторларнинг қўшиқларини хиргойи қилиб берган эканлар. Отам ана шу санъат сеҳри ила вояга етганлар. Онам эса Маданият коллежида таҳсил олган. Акам Азизхон Қодирхонов ҳам санъат йўлини танлаб, Абдулла Қодирий номидаги Маданият ва санъат институтида таҳсил олган. Мен, аслида, хонанда бўлишни орзу қилганман, аммо мусиқий маълумотим йўқлиги сабаб, Консерваторияга киролмаганман. Акам эса мени театр олийгоҳига бошлаб келган. Актёрлик пешонамга битилган тақдирим, деб ўйлайман. Бу эса мени, нафақат, театр саҳнаси, балки кино оламига ҳам олиб кирди.

–  Кино оламидаги илк қадамингизни “Йўқолган одам” фильмида ижро этилган бош образингиз мисолида томоша қилган эдик. Кинодаги мазкур “қаҳрамон” ҳамда илк ижроларингиз ҳақида ўртоқлашсангиз.

Биринчи катта ролим “Йўқолган одам” фильмидаги “Даврон” образидаги қаҳрамон. Бу образ мен учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Таниқли режиссёр, кинопостановщик Ориф Йўлдошев томонидан суратга олинган ҳамда 2008 йилда катта экранларда намойиш этилган ушбу фильм 2-босқич талабалик йилларимда суратга олинган. Фильмни кўриб, ўз хато ва камчиликларимни англаб, табиийлик энг муҳим жиҳат эканлигини англаганман. Кейинги ролларимда шундай хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қилганман. Фаолиятимдаги ушбу дебьютимни ҳеч қачон ёдимдан чиқармасам керак. Чунки илк бора таниқли актёрлар, халқ артистлари билан бирга съёмка майдонида бўлганман. Ўшанда камера олдида туриш ҳаяжонларию, машаққатли онларини ҳис қилганман.  Мен учун ҳаёт ҳамда санъатнинг ҳақиқий тарбияси шу кундан бошланган. Ва  актёр сифатида шакллана бошлаганимни ҳис этганман.

–   Театр соҳасида қандай ролларни ижро этгансиз. Келажакда яна қайси образларни яратишни ўз олдингизга мақсад қилгансиз?

– 2005 йилдан  фаолиятимни театрда бошлаганман. Ҳозирга қадар ўндан ортиқ ролларни ижро этганман. Ҳайдар Муҳаммаднинг “Тошкентнинг нозанин маликаси” асарида Музаффар ролини ўйнаганман. Мирза Азизов режиссёрлигидаги мазкур спектаклда иккинчи маротаба қаҳрамон образини ўйнаганман.  Грузин ёзувчиси Согарелли асари ҳамда Кончелли мусиқаси асосида саҳналаштирилган “Хонима” спектаклида Гивий ролини, “Гаровдаги муҳаббат”да ёш талаба Шожалил ролини, Шукрулло Маҳкамов асари ҳамда Мирхалил Маҳмудов композиторлигида тайёрланган “Асл хазина”да “Тешавой” ролини ижро этганман. Шу билан бир қаторда, келгусида, бугунги глобаллашув ва таҳликали замонда Она юртимизда тинчликни асраш ҳамда унинг қадрига етишга қаратилган аскар ролида ўйнашни мақсад қиляпман. Айниқса, тарихий ролларни ҳам яратиш энг эзгу мақсадларимдан биридир. Бунинг учун, албатта, устозларим кўмагида пухта билим ва ҳаётий тажрибамни оширишга ҳаракат қиламан.

– Тарихий образларни яратишни мақсад қилган экансиз, жаҳон адабиётидаги  қайси қаҳрамон сиймосида кўринишни хоҳлайсиз?

–  Ҳарбийларда генерал бўлишни орзу қилмаган аскар бўлмаганидек, театр соҳасида “Гамлет” ролини ижро қилишни хоҳламаган актёр бўлмаса керак. Лекин, менинг  улкан орзуим – Александр Дюманинг “Иф қалъасининг маҳбуси”да Граф Монтье Кристо ролини ижро этиш. Жаҳон адабиёти дурдонаси ҳисобланган “Ромео ва Жулетта”да “Ромео” ролини талабалик йилларимда ўйнаганман. Аммо катта саҳналарда ҳам ушбу масъулиятли вазифаларни адо этиш учун ҳам тинимсиз изланиш мақсадидаман.

– Ҳам театр, ҳам кино саҳнасида сизга ҳаёт машъаласини тутқазган устозларингиз ҳақида?

– Аввало, ҳаётнинг ўзи энг катта мураббий. Ҳар қадамингиз, ўтган ҳар онингиз сизга ҳаётдан таълим беравераркан. Талабалик йилларимда марҳум устозим Улуғбек Зуфаровдан соҳанинг илмий ва амалий сир-асрорларини ўргандим.  Шерзод Пирматовдан эса вакал чолғуси бўйича, Зуҳра Олимжоновадан саҳна нутқи сабоғини олдим. Кейинчалик иш жараёнида хар бир ҳамкасбимдан қайсидир жиҳатни ўрганиб, ўз нуқсонларимни бартараф этганман.

– Қайси актёрга ҳавас қиласиз? 

– Ёш ижодкорларни барчасида кимгадир тақлид қилиш, унинг ўрнида бўлиш истаги, табиий ҳол. Аммо, ҳамма маълум бир хусусияти билан ажралиб туради. Мен дубляжда Санжар Саъдуллаев, Афзал Рафиқов, Бекзод Муҳаммадкаримов, кинода Мурод Ражабов, Карим Мирходиев, Улуғбек Қодиров, опера санъатида Рамз Усмонов ва Аваз Ражабовларнинг ижодларига ҳавас билан қарайман.

 – Сизда  театр ва кино соҳасида бирини танлаш керак бўлганда, қай бирини танлардингиз?

– Уларни бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки, театр актёрни чархлайди, бунда ҳар жиҳатдан тобланади, истеъдодини кино эса етук истеъдод соҳибидан фойдаланади. Театр санъати қизиқарли ва мароқли. Кинонинг муҳим жиҳати шундаки, унинг аудиторияси катта. У актёрни танитади, машҳурлик пиллапоясига олиб чиқади.

– Албатта, сизни янада машҳур айлаган  фильм бу – “Опа-сингиллар” сериали. Кинодаги образингиз ҳамда ҳаётдаги ўхшашлик ва фарқли жиҳатлар?

– Ҳақиқатан ҳам Икром образи орқали мухлисларим сони янада ортди. Бундан миннатдорман. Назар Эшонбоев сценарийси, Замира Бегимқулова бош режиссёрлигида суратга олинган сериалда Насиба ролини ижро этган актриса Наргиза Рўзибоева билан бирга бош ролларни ижро этдик. Ўхшашлик жиҳатларимга келадиган бўлсам, ҳаётда урушқоқ эмасман. Атрофдагиларнинг фикрича, чумолига ҳам озор бермайман (кулиб). Бизда ота-онага ҳурмат, уларнинг кўзига тик боқмаслик, яъни субардинация жуда кучли. Фарқли томонлар эса, кинодаги сусткашлик, қатъиятсизлик, ишонувчанлик, тез синиб қолиш ҳолатлари мендан умуман йироқ. Кинодан олдин синов, кастинг ўтказилади. Шунда менинг характерим мазкур ролга тўғри келди. Кинода ижро этилган сусткашликлар фильмни давом эттириш, яъни кўп сериаллиги учун хизмат қилди, десам адашмайман. Агар ҳаётда Икромнинг ўрнида бўлганимда, аввало, ҳолатнинг тагига етиб, кейин қарор қабул қилган бўлардим. Лекин бу кино, кинода эса ҳамма нарса ҳаётдагидек бўлавермайди.

– Ҳаётда санъаткор бўлмаганингизда, қайси касбни танлаган бўлардингиз?

– Яна санъатни танлаган бўлардим. Камида 2-3 та мусиқа асбобини чалишни ўрганардим. Вақтга нисбатан жуда қизғанчиқман. Санъатдан кейин эса иккинчи ўринда кўрадиганим бу – футбол.

– Санъатнинг нони қаттиқ бўлади, дейишади…

Санъат аҳлининг ўзи ўзгаларга шахсий намуна кўрсатиши лозим. Ролларидаги фикри ва ҳаётдаги амали мутаносиб бўлмаса, демакки, у саҳнада туриш учун ҳам муносиб эмас…

– Фикрингизга қўшиламан. Лекин, бу ширин қийинчиликлар. Кўпинча уйқусиз тунлар, дам олишсиз ишлашга, ҳаёт лаззатларидан “диета” қилишга тўғри келади. Санъаткор касбини севиши, ундан завқланиши керак. Чунки унинг вазифаси томошабиннинг кўнглини олиши, дардига дармон бўлиш. Шунингдек, санъат аҳлининг ўзи ўзгаларга шахсий намуна кўрсатиши лозим. Ролларидаги фикри ва ҳаётдаги амали мутаносиб бўлмаса, демакки, у саҳнада туриш учун ҳам муносиб бўла олмайди.

– Армонингиз?

– Қанийди, 30-40 йилдан кейин ҳам шу саволни берганингизда йўқ, деб жавоб бера олсам…

– Камчилигингиз?

– Хаёл суришни яхши кўраман. Бу ҳам камчилик, ҳам ютуқ. Шу сабаб, ёшликдаги хаёлларим мезонида орзуим ушалиб, санъаткор бўлдим. Яна бир камчилигим тез қарор қабул қилиш менда секин кечади. Иккиланаман. Лекин, ҳаётда шундай пайтлар бўладики, тез қарор қабул қилишга тўғри келади.

– Маълумки, бир неча йиллардан буён “Камолот” ЁИҲ лойиҳаларида фаол иштирок этиб келасиз. Ёшлар даврасидасиз…

– Албатта, Ҳаракатнинг барча тадбирларида фаол ва чин дилдан иштирок этаман. Бу мен учун мароқли ва завқли. Чунки, ёшлар билан дийдор кўришамиз. Уларнинг ютуқларини кўриб, куч-қувват оламиз. Бу орқали биз, нафақат, улардан фикр оламиз, балки дунёқарашимиз ортади, ўз устимизда ишлашга ундайди. Ҳаётга интилишларимиз янада ортади. Шахсан “Камолот” ЁИҲ га мазкур кенг қамровли тадбирлар ва лойиҳалар учун миннатдорчилик бирдираман.

– Мухлисларга янги йил тилакларигиз.

Барчага кириб келган янги йил муборак бўлсин! Янги йилда театримизга совға сифатида капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади. Албатта, бу ўзгаришларнинг барчаси тинчлигимиз меваси. Осойишталигимиз барқарор, осмонимиз мусаффо бўлсин. “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририятига юксак парвозлар тилайман. Ўқувчилари сони янада кенгайсин. Ижодий баркамоллик барчамизга ёр бўлсин!

– Суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош: Шавкат БОБОЖОНОВ.