Одам савдоси- аср муаммоси
Қирғинбарот уруш йилларида одамлар ночорликдан, муҳтожликдан эзилиб, бир парча нонга зор қолганда, ҳамма нарсасини сотганлигини кўп эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам бор-йўғини сотса-да, аммо ҳеч ким боласининг бешигини сотмаганлиги тўғрисидаги эшитганларимиз ҳам эртак эмас, айни ҳақиқат. Кексалар дилбандининг болалигини аллалаган табаррук бешикни боламнинг боласига, унинг набира- чевараларига буюрсин, деб асрашган. Бу эъзозда, жонсиз ёғоч буюмга нисбатан чексиз садоқатда улуғ ҳикмат бор, миллатимизга хос ўлмас қадрият бор.
Бугун эса шундай тинч ва осойишта замонда орамизда бешик эмас, ҳатто ўз боласини сотаётган кимсалар борлигини ҳам айтмай иложимиз йўқ. Наҳотки, уруш йилларида ота-онасиз қолган минглаб турли миллат болаларини бағрига олиб, ўзи емай уларга едирган, ўзи ичмай уларга ичирган, ўзи қаҳратонда қорда қолиб, ҳимояга муҳтож норасидаларга паноҳ берган, уларни бегона демай беминнат ва беҳисоб меҳр ардоғида камолга етказган миллатнинг вакили эканлигимизни унутган бўлсак? Ахир ўз фарзандини сотиш, Ватанни сотиш билан баробар эмасми?
Хотирамизни эса ҳофизнинг “Юз буриб фарзандидан, ташлаб кетганлар қанча, яна кимлар неча йил бир тирноққа зор ажаб…” дегувчи нолалари тирналайди…
Шу ўринда яна бир нохуш манзарага- қўлида сўнгги русумдаги телефон, бармоқларида қимматбаҳо тақинчоқлар, қошу кўзлар гўё саҳнага чиқаётган актёр каби бўялган айрим оналарнинг “Шароитим оғирлиги сабабли боламни “Меҳрибонлик уйи”га топширишим учун ҳужжат тайёрлаб берсангиз”, деб маҳаллалар эшигида турганига ҳам гувоҳмиз. Замонлар ўзгаради, дунё ўзгаради, ҳамма нарса ўзгарса ҳам фақат ҳаётнинг ширинлиги ва Она меҳри ўзгармасдан қолади, деб ўйлаб хато қилдикми?
Тўғри, инкор этолмаймиз, халқимиз болажон халқ. Чақалоқнинг дунёга келиши ҳар бир оиланинг бахти, ҳар бир ота-онанинг қувончи ҳисобланади. Аммо бу мурғак қизалоқнинг туғилиши онани қувонтирмади, отанинг кўнглига эса оилани бузиш аҳдини солди. Отасиз қолган икки боласи билан чорасиз қолган онанинг юраги тошга айланди. Гарчи боласидан воз кечишни бундай баҳоналарнинг мингтаси ҳам оқлай олмаса-да, у ўз фарзандининг бахтини эмас, ўз тинчини, ўз манфаатини устун қўйди. Ҳали суяги қотмаган йигирма кунлик ҳам бўлмаган чақалоқни сотиш пайига тушди. Синглиси Гулнора бу оловга сув сепиш ўрнига ёғ қуйди. Опасининг хиёнатига “қанот”, гуноҳига эса шерик бўлди. Ётоқхонада яшаётган опа-сингилларнинг чақалоқ сотиш хаёллари тезда кўчага тарқалди. Дарров бола олувчилар ҳам топилди. Аввалига қўнғироқларга “Йўқ, боламни сотмайман” деган Нигора кўп вақт ўтмай, ўзи СМС орқали розилигини билдирди. Чақалоқ савдосини эса норасида қондошига меҳр кўрсатиб, опасига ёрдам бериш ўрнига жигаридан қутулиш йўлларини яқинлаштираётган Гулнора ҳал қилди. Бола олувчи билан учрашиш, унга болани кўрсатиш ва баҳосини келишиш ҳали турмушга чиқмаган бу қизни асло чўчитмади. Келишилган пулнинг бир қисмини олгач, харидорга қизалоқнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини қолган пулни бергач олишини айтиб, чақалоқни кийинтириб, “эгаси”га топширди. Бу “савдо”ни жуда тез ва силлиққина битирдим, деб ўйлаб, хурсанд бўлган Гулнора чучварани хом санаган эди… Бегоналар қўлига теккан гўдакнинг бир томчи кўз ёшига ҳам арзимайдиган пуллар хаёли билан хонага шошаётганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди. Опа-сингиллар қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлдилар.
Бешик тебратувчи қўлларга кишан солинди. Норасида гўдак аллаларни эмас, нолаларни эшитадиган бўлди. Опа-сингиллар одил суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилди. Болалар бемеҳр бўлса ҳам она меҳрига зор қолди. Опа-сингил чақалоқфурушлар эса қилмишидан пушаймон. Биз эса бу мудҳиш иллатнинг асл илдизини қонуний никоҳсиз қурилган оила пойдеворининг тез қулашидан топдик. Чунки Нигора Мансурова ҳам ( исми шарифи ўзгартирилган) қонуний никоҳдан ўтмасдан Ш. Хидиров билан турмуш қурган эди. Икки нафар фарзанд дунёга келди. Иккинчи фарзанд туғилгач, оила бошлиғи уларни ташлаб кетди. Оила жуда тез барбод бўлди. Ота-она меҳрига муҳтож болаларнинг тақдири жуда мураккаб бўлиши эса барчамизга аён.
Маруса ҲОСИЛОВА, журналист, Навоий шаҳри.