Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг барча соҳалар сингари динга ҳам катта эьтибор қаратилди, нафақат, бизнинг ислом динимиз, балки бошқа динлар ҳам назардан четда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эьтиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эьтиқод қилмаслик ҳуқуқига эга, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”- деб белгилаб қўйилгани ҳам фикримизнинг яққол исботидир. Ёки Республикамиз ҳудудида католик ва прояслав черковлари, буддизм дини ибодатхоналарининг барпо этилганлиги бизнинг манавиятимиз қай даражадалигидан ҳамда бошқа мамлакатлар динига бўлган ҳурматимизнинг нечоғлик баланд эканлигидан далолат беради.
Бугунги кунда ёшларнинг муқаддас динимизни ўрганишга бўлган қизиқиш ва иштиёқларини тўғри шакллантириш мақсадида масжиду мадрасалар, пойтахтимизда эса Ислом университитети ташкил қилинган. Бу, албатта, ёшларимизнинг муқаддас динимизни ўрганишлари учун катта имкондир. Лекин орамизда шу имкониятлардан фойдалана олмаётган, муқаддас ислом динимизнинг асл мазмун-моҳиятини нотўғри англаётган тенгдошларимиз ҳам, афсуски, бор.
Яқинда пойтахтга йўлим тушди ва анчадан буён кўришмаган дугоналаримиз билан кафелардан бирида учрашадиган бўлдик. Ва бунда бир хунук воқеанинг гувоҳи бўлдик. Суҳбатлашиб турганимизда кафега икки йигит ва ҳижоб ўраган икки қиз кириб келишди. Улар кафега кирибоқ, кўпчиликнинг эьтиборини тортишганди. Ваҳоланки, қизлар узун кўйлакда, саранжом-саришта кийинишганди. Бироқ, орадан, чамаси, ўн дақиқалар ўтар-ўтмас ҳалиги қизлар бошларидаги ҳижобларию, елкаларини ёпиб турган сипо либосларини ўриндиқларига илиб қўйишди. Ёйилган сочлари очиқ елкалари узра тўлғонган қизларнинг йигитлар баробарида қадаҳ чўқиштириб, қаҳ-қаҳ отишлари эса ҳаммасидан ўтиб тушди. Ҳамма ҳайратда қолди. Бундай ҳолатни кўриб, беихтиёр дилим хира тортди. Тахминан бир соатлардан сўнг қизлар яна аввалгидек ҳижобларини ўраб, ҳеч нарса бўлмагандек чиқиб кетишди.
Бундан шундай хулосага келдимки, кимдир уларнинг хоҳишига қарши чиқиб, ҳижоб ўрашга ундаяпти. Бировни мажбурлашга, унга таҳдид қилишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқлиги барчамизга аён. Шундай экан, улар нега ҳижоб ўрашяпти, деган савол туғилиши аниқ. Бугун ҳижоб уларнинг асл қиёфаларини беркитиш учун хизмат қилаётган ниқобга айланиб қолмаяптими?! Умуман олганда, ёш қизлар учун ҳижоб ўраш зарурми? Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий “Дилба ёру – дастба кор” деганларидек, Оллоҳ ҳар кимнинг қалбида, юрагида бўлмоғи лозим. Шундай экан, кўнглимиз ва йўлимизда тўғри бўлсак, ҳижоб ўрашнинг ҳеч зарурати йўқ. Кўча-кўйда ҳижоб ўраб, “четга” чиққанда ечиб ташлагандан кўра, уни ўрамаган маъқул эмасми?
Ҳозир яна бир тоифа қизлар пайдо бўлишган. Улар очиқдан-очиқ бошларига ҳижоб ўрашадию, эгниларида енгил кофта, шим, тағин баланд пошнали пойафзал кийиб олишади. Бу қандай “услуб”даги ҳижоб эканлигини ҳеч ким тушунтира олмаса керак. Бу ҳақда қизларнинг ўзидан сўраганимда: “Ҳозир рўмолни шунақа бойлаш мода” деган жавобни олдим. Афсуски, четдан кузатганда, кўпчилик нигоҳида “ахлоқсиз” кўринаётган бу қизлар, ҳақиқатан ҳам, ўзларининг маънавияти бўш, фикрлаш доирасининг торлигини кўрсатиб қўйишганди.
Биз Ўзбекнинг бек авлодларимиз, номимизга муносиб бўлиб, муқаддас динимизни асраб-авайлашдек шарафли вазифамизни тўлақонли адо этмоғимиз даркор.
Лола ИДИЕВА, “Парвоз” гуруҳи аъзоси.