ЗАМОНГА ҚАРАБ “ОЁҚ УЗАТАЁТГАН” ЁШЛАР

 

Яқинда шаҳримиздаги “Дилкушо” бозоридан чиқиб, марказий йўл ёнидаги пиёдалар йўлакчасидан уйга қайтаётган эдим. Шу пайт ёнимдан илдам-илдам қадамлаб бир йигит билан қиз ўтиб кетди. “Кўча бўлганидан кейин одамлар ўтиб-қайтиши, табиий”, дейишингиз, аниқ. Аммо гап одамларнинг ўтиб-қайтишида эмас, аксинча, уларнинг юриш-туришида, ўз ўрнини билиши ёки билмаслигидадир. Қиз ўзига ярашмаган тор жинси шим, калта ва тор куртка кийиб олган, алламбало ранглар чапланган сочлари беўхшов турмакланган. Қиз бундай кийимда, очиғи, жуда бачкана кўринарди. Йигит ҳам ундан қолишмайди. Сочларини текис турмаклаб, орқасига тугиб ташлаган. Энг ачинарлиси, йигитнинг терилган қошларию билинар-билинмас қилиб сурилган лаб бўёғига қараб, унинг қайси жинсга мансублигини ажратиш қийин.  Бироқ, кўз ўнгингизга ўзбек йигитининг шу ҳолатда юриш-туриши  ҳар қандай эркак кишининг нафсонияти, ориятига тегмай қўймайди. Шунда, қизиққонлик қилдимми, билмадим, нима учундир ўзимни тўхтата олмадим. Қизнинг ёнида кетаётган йигитни “шашт” билан тўхтатиб:

  • Укажон, cени бир дақиқага мумкинми?-дедим.
  • Ҳа, ака, тинчликми?-деди қисқа салом-аликдан сўнг.

Мен унга қараб:

  • Мендан хафа бўлмайсан, дўстона маслаҳатим бор эди, бу қанақа юриш-туриш?! Йигит боласанку, қара, худди қизга ўхшаб, юз-қош терганингу упа-элик сурволганинг нимаси?! Ёнингдаги қиз ҳам кийинишига бироз эътибор қаратса, ёмон бўлмасди,-дедим аччиқ-аччиқ қилиб.
  • Ҳозир шундай кийиниш урф бўлган. Бу менинг синглим бўлади. Бизнинг қандай кийиниш-кийинмаслигимиз билан сизнинг ишингиз бўлмасин, -дея хижолат бўлиш ўрнида нописанд қўл силтаб кетиб қолди.

Мен унинг гапларидан бутунлай эсанкираб қолдим. Ўзини упа-эликлаб, синглисини эса тор ва беўхшов кийимда бемалол юришларида тўсқинлик қилмайдиган акага қараб, ҳафсалам пир бўлди…

Бу каби воқеаларни кундалик ҳаётда ҳар куни учратиш мумкин.

  • Куни кеча йўналишли маршрут-таксига ўтирсам, сочини калта қилиб турмаклаган бир қиз ортига ўнгирилиб олганча телефонда сўзлашишдан бери келмасди. Оёғини дам у ёққа, дам бу ёққа чалиштириб олаверган бу қизнинг оёқ кийими худди йигитлар пойафзалига ўхшарди. Ҳайрон бўлиб қарадиму, унинг чеҳрасига қараб, юрагим орқага тортиб кетаёзди. Ҳамроҳим ўғил бола экан. Йўналиш таксидаги бир ёши катта киши менинг ҳолатимни сезди, шекилли, сабри чидамай: “Уят-е, сенга! Ота-онангга иснод-е!”-деб юборди. Тўрт томондан панду танбеҳ эшитаверган “қизбола” ўғил аста жуфтакни ростлаб қочиб қолди,-деди ўзини Малика Сангинова, деб таништирган йўловчи.

Ҳа, ҳозирги кунда замонга қараб “оёқ узатаётган” бундай ёшлар жамиятнинг жирканч қиёфасига айланиб улгурган. Айрим катталарнинг, айниқса, ота-оналарнинг уларга  бефарқлиги ҳар қандай виждонли кишининг дилини хира қилади.

Кишининг либоси унинг ташқи кўринишини, у ҳақидаги биринчи таассуротни белгиловчи муҳим омилдир. Ёшларимизнинг ўта замонавийлашиб бораётгани, миллий кийимларимизга, урф-одат ва анъаналаримизга нисбатан бефарқлиги – уларнинг аждодларимиз маданиятига беҳурматлигидир. Ҳар қандай либос ортида кишининг, нафақат, миллийлиги, балки, ору номуси ва ғурури ҳам ётади. Шуни унутмайлик!

Лайло ҲАЙИТОВА