“Уйга ўғри тушди. Қўшнимизнинг ўғлидан гумонимиз борлиги учун бироз андиша қилдик. Бу ҳолат иккинчи бор ҳам такрорланди. Минг хижолат билан қўшнимизга ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлдик. Вазиятни обрў барорида ҳал этмоқчи эдик, афсуски, қўшнимиз туҳмат қиляпсан, деб аюҳаннос солганча ёқамга ёпишди. Беобрўлик билан кўчага жар солди. Қўни- қўшнилар тўпланишди. Ҳаял ўтмай, профилактика инспектори ҳам пайдо бўлди. Профилактика инспекторига гумонимиз шу қўшни боласидан эканлигини айтганимиздан хижолатда эканлигимизни тушунтирдик. Йўқ, ўша кезнинг ўзидаёқ, ўғри ҳақиқатда қўшни бола эканлиги аён бўлди. Йўқолган қимматбаҳо буюмларимиз айнан унинг хонасидан топилгани қўшниларимизнинг бошини хам қилди. Қўшничилик-мингйилчилик, дегандек, биз даъвомиз йўқлигини билдирсак-да, профилактика инспектори бизни қўярда-қўймай, пунктга олиб кетди.
Қўшни бола эндигина вояга етаётганди. У калтак эмас, тарбия ва маслаҳат керак ёшда! Бироқ, участка нозири пункга олиб кела солиб, болани ҳақоратлаб, муштлай кетди. Бундай бўлишини сира истамагандик. Жонҳолатда профилактика инспекторининг забардаст қўлларига ёпишдим. Муштумзўр профилактика инспектори жаҳл билан мени ҳам силтаб юборди. Жароҳат олдим…
Ўртага маҳалла раиси, фаоллар аралашиб, қўшни болани участка нозири “қўли”дан чиқариб олдик. “Бир болага етти қўшни ота-она” дегандек, ўз хатосини англаб етган қўшним энди боласи тарбияси билан жиддий шуғулланадиган бўлди.
Лекин, бизни бир нарса ўйлантиради: тўғри, қўшни бола ўғрилик қилди, ёшлик қилди, ғўрлик қилди. Лекин уни калтаклаш, руҳини синдириб ташлаш вояга етаётган ўсмирнинг тарбиясини баттар оғирлаштириб юбормасмикин? У қандай орган ходими бўлишидан қатъий назар, тартиббузар ёки жиноятчига тўғри муомала қилиши, дўқ урмаслиги, жаҳл қилмаслиги керак эмасми? Ахир у ҳам инсон! Жиноят ёки тартиббузарлик қилган бўлса, қонун олдида жавоб беради, профилактика инспектори ёки милиция ходими мушти олдида эмас! Шундай эмасми?!”
Гулсара МУРОДОВА, Пешкў тумани.
ТАҲРИРИЯТ:
Ҳа, профилактика инспекторининг вазифаси, нафақат, жамоат тартибини сақлаш, осойишталикни таъминлаш ёки халқ мулкини ҳимоя қилишдангина эмас, балки, кези келганда, ҳар бир инсонга ёрдам қўлини чўзиш, унга кўмак беришдан ҳам иборат бўлиши керак. Уларнинг касб маҳорати ва одоби ҳар қандай жиноятчини жамият учун керакли шахс қилиб тарбиялашга ҳам қодир!
Мустақил диёримизнинг ҳар бир фуқаросига ҳеч иккиланмай кўмак беришга шай посбонларимиз кўп.