Бошингиз оғриса, дарров дори ичишга шошилманг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида шифокорлар қўллайдиган махсус тизим мавжуд. Бу тизим бош оғриғи баъзан шунчаки чарчоқдан эмас, балки зудлик билан касалхонага ётиш керак бўлган ҳолат эканлигини аниқлаб беради.

Агар сурункали ёки кескин бош оғриғи 50 ёшдан кейин илк бор кузатилса, бу жиддий хавотирга сабабдир. Гарвард тиббиёт мактаби тадқиқотларига кўра, бу ёшдаги тўсатдан бошланган оғриқлар чакка артерити — кўрликка олиб келиши мумкин бўлган қон томирлар яллиғланиши ёки бош мия ўсмаси хавфини уч баробарга оширади.

Оғриқнинг бирданига, худди бошда портлаш бўлгандек кескин ва энг юқори нуқтасига 1 дақиқа ичида чиқиши халқаро протоколларда “Thunderclap” деб аталади. Бу ҳолат етмиш фоиз вазиятда субарахноидал қон қуйилиши, яъни мия аневризмасининг ёрилиши белгиси ҳисобланади. Бундай вазиятда ҳар бир дақиқа ғанимат, оғриқ қолдирувчи дори ичиш эса ички қон кетишни яшириб, ўлим хавфини кескин оширади. Зудлик билан тез ёрдам чақириш шарт.

Кун сайин, ҳафталаб зўрайиб борадиган оғриқ, айниқса иситма, бўйин мушакларининг қотиб қолиши билан кечса, бу менингит ёки энцефалитнинг классик белгисидир. Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу симптом мия ичи абсцесси ёки сурункали суюқлик босими ўзгаришидан дарак беради.

Бош оғриғига кўнгил айниши (айниқса, қайт қилгандан кейин енгиллик сезилмаслиги), мувозанат йўқотиш, кўришнинг хиралашиши ва диққат тарқоқлиги қўшилса, бу бош ички босими кўтарилганлигини англатади. Шунингдек, мия суюқлиги айланишининг бузилиши ёки ўсма жараёнлари мана шундай белги беради.

Кўпчилик йўл қўядиган энг катта хато — ҳар қандай бош оғриғида тинимсиз аналгетиклар қабул қилишдир. Халқаро таснифда бу ҳолат дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш оқибатидаги бош оғриғи деб аталади.

Агар сиз бир ойда 15 кундан ортиқ оддий аналгетик ёки 10 кундан ортиқ комбинациялашган дорилар ичсангиз, дорининг ўзи янги оғриқни пайдо қилувчи асосий сабабга айланади. Организм дорига тобе бўлиб қолганда, қонда шифобахш модда камайиши билан оғриқ қайта бошланади. Бундай беморларни даволаш учун шифохона шароитида детоксикация муолажаси ўтказилади.

Ҳар доим ҳам дорихонага югуриш шарт эмас. Экспертлар бош оғриғининг саксон фоиздан ортиғини ташкил этувчи зўриқиш оғриғи учун қуйидаги табиий омилларни тавсия этади:

Узоқ вақт давомида бошни олдинга эгиб, қийшайиб ўтириш бўйин мушакларини зўриқтиради. Бу мияга борувчи қон томирларни қисади. Ҳар 45 дақиқада туриб, енгил жисмоний машқлар бажариш оғриқни дорисиз ҳам қолдиради.

Ҳафта давомида стрессда ишлаб, дам олиш куни кўп ухлаш ёки кофеин миқдорини кескин камайтириш ҳам бош оғриғига сабаб бўлади. Бунда иссиқ ванна, тоза ҳавода сайр ва уйқу режимини бузмаслик энг яхши даводир.

Агар бош оғриғи қон босими кўтарилиши билан боғлиқ бўлса, аналгетик ичиш фойда бермайди, балки қон босимини туширувчи махсус дори қабул қилиниши керак.

Бош оғриғи — бу организмнинг сизга йўллаётган сигналидир. Уни тинимсиз дорилар билан овозини ўчириш эмас, балки сабабини топиб даволаш саломатлик ва узоқ умр кўришнинг бош гаровидир.