ИҚТИДОР, ИЗЛАНИШ, ЭЪТИРОФ

Медиа маҳсулотлар фестивали

 Оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирчанлиги ортиб, ёшлар маданиятини юксалтириш, уларни ёт ғоя ва мафкуралардан муҳофазалаш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритмоқда. Бу борада телевидение соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий Ассоциацияси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, “Кабель” телевидениеси, Конрад Аденаур жамғармаси, ЮНЕСКО ҳамда Ўзбекистонда хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги координаталари билан ҳамкорликда Ижтимоий медиа маҳсулотлар VII миллий фестивали бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом бола ҳамда давлат очиқлиги борасида эълон қилинган танловга 300 дан ортиқ ижтимоий видеолавҳалар келиб тушди. Унда республикамизда фаолият кўрсатаётган телевидение ходимлари, журналистлар ўзларининг долзарб мавзуларда тайёрлаган видеолавҳалари, кўрсатувлари билан иштирок этишди. Улар орасидан турли номинациялар бўйича жами 22 нафар киши ғолибликни қўлга киритишди.

Ушбу танловнинг “Зарарли одатларга қарши курашга, соғлом турмуш тарзига даъват этишга йўналтирилган энг яхши ижтимоий ролик” номинациясида “Истиқлол” телевиденияси оператори Абдулла Ражабов II-даражали диплом ҳамда 2 000 000 сўмлик сертификат билан тақдирланди.  Мазкур телекомпаниянинг яна икки нафар ёш ва салоҳиятли ижодкорлари Мадраҳим Турдиев ҳамда Давлатбек Камоловлар “Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга ва маънавий-ахлоқий тарбиясини юксалтиришга қаратилган энг яхши ижтимоий ролик” номинациясида III-ўрин ҳамда 1 000 000 сўм мукофот соҳибига айланишди.

Йилдан йилга муҳим аҳамият касб этиб бораётган мазкур танлов ёшларнинг маданиятини, сиёсий онгини ошириш, маънавий дунёқарашини янада бойитишга хизмат қилади.

Мадомики, ёш журналистлар ёшларни баркамоллик сари етаклай олган экан, демак, лойиҳа ўзининг ижобий самарасига эришмоқда.