Сокин тун бағрида янграётган она алласининг сеҳрли оҳанглари гўдак қалбига муҳрланиб бормоқда. Бу қадимий қўшиқ сўзларининг ижодкори ҳам, бастакори ҳам бешик қучиб тунларни тонгларга бедор улаган волида аталмиш мўътабар зот. У гўдаги қошида ҳамиша сергак. Ҳушёрлиги учун норасидаси беҳадик ором олади. Ёпинчиғи қирмизи бахмалдан, бежирим туморча осилган бешик аёл учун нақадар азиз. Унинг борлиғи ҳам, бойлиги ҳам тўққиз ой вужудида асраб-авайлаб, дунёга келтирган дилпорасидир. Унинг шодлиги оламни тутади, у қанчалар бахтиёр.
Эътибор берган бўлсангиз, келинлик либосини кийиб, ота уйини тарк этаётган қизларга кексаларимиз ҳамиша, илоҳим борган жойингда тош бўлиб қотгин, уйинг бешик кўрсин, ўзингдан кўпайгин болам, – дея дуо қилади.
Илк саҳар келинининг бир қўлтиғига супра ва элакни яна бирисига бир жуфт нонни қистириб, пешонасидан ўпаётган қайнонанинг ҳам дилида набира кўриш нияти жўш уради.
Ана шу соф ниятлар ижобати ўлароқ, орадан йил ўтиб чақалоқ йиғиси янграган бешик устидан сочилган оқ парварда-ю попукли қандларни териб олаётган болалар қийқириғи уйни тўлдиради. Гўдакнинг бешиги бошига кичкина кулча ва кичик пичоқча қўйилади. Удум бўйича кулча норасиданинг уйқусида чўчиб кетмаслиги, пичоқ эса келажакда ризқу насибаси бутун бўлиши учун қўйилади. Қайнонанинг ихлос билан тутатган исириғи димоққа хуш ёқади. Исириқ тутуни кони фойда бўлиб, у турли микробларнинг тарқалишининг олдини олади. Хуш ифори таралиб турган патирлар ушатилиб, ёғли шўрва тортилади. Дастурхон атрофида ўтирганлар бешик эгаси бек болага узоқ умр тилашади. Бек болага аталган кичкина зарбоф тўн, атлас қийиқча ва бежирим дўппича бешик ёнига келтириб қўйилади. Келинчакнинг онаси минг бир ниятда тиккан бу оҳорли кийимлар барчанинг ҳавасини келтиради. Бешикка солинган икки қават пахтали кўрпача ҳамда унинг тагидан тўшалган пахтадан тайёрланган матога тариқ солиниб тикилган қовузли тўшакча худди бешикка ўлчаб қўйилгандек мос келади. Одатда бундай қовузли тўшакчага шоли пўстлоғи ёки арча уруғи солиб тайёрланади. Бу табиий шифобахш воситалар гўдакнинг терисига уқаловчи таъсир этади.
Уй тўрида ўтирган кайвони момо, “Келинимизнинг онаси зап чевар экан-да, зарбоф тўннинг майда қавиғини роса чиройли олибди”. Бундай мақтов сўзлардан қуда холанинг юзи ёришади.
Майда ўрилган сочларининг устидан танғиб олган пешонабандини тўғрилаб, қайнонасига ийманиб қараётган келинчак энди она бўлган. У ҳам йиллар ўтиб қайнона бўлади. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларини ортда қолдириб, келгусида у ҳам қайнонаси сингари меҳрибон қайнона бўлишни дилига тугади. Бешик ёпинғичини очиши билан димоғига урилган муаттар ҳиддан энтикиб кетади. Гўдак ҳиди, дунёда бундан ёқимли ифор бўлмаса керак. Норасидасининг юзига боқиши билан бир зум қулоғи остида болалигидан қалбига муҳрланиб қолган ўша онаси куйлаган алла оҳанглари янграб кетади. Дилга яқин ўша таниш мисраларни куйлай бошлайди. Алла оҳангига мос тебранаётган бешикдаги бек бола ухламоқда. Қизиқ боягина инжиқлик қилиб йиғлаётган гўдак нега бирдан онасининг алласини тинглаб, кўзларини юмганича уйқуга кетади? Бу қўшиқ шунчалик қудратга эгами ёки бир илоҳий кучмикин?
Норасиданинг илк мўъжизакор кошонаси аталмиш бешикка бағрини берган аёл қаддини ростлаб, унинг тутқичини авайлаб силаб қўяди.
Бешикдан таралаётган ширин ҳид ва безакларнинг жилоланиб туриши дилини равшан этиб, бир зум қувончдан энтикканича гўдагига узоқ умр тилайди.
Алпомиш келбатли йигитлар, Барчинойдек париваш қизлар улғаяётган бешиклар нақадар азиз. Тонгни бешик қучиб қарши олган она уй юмушларига куймаланади. Бир қўлида бешик, бир қўлида дунёни тебратган оналаринг омон, бағри бутун бўлсин, Она юртим! Илоҳим, сокин тунларинг мунаввар тонгларингга уланаверсин. Бешикларинг бағрида мудом гўдакларинг улғайиб, келгусида эл корига ярайдиган соғлом ва комил инсонлар бўлиб етишсин.
Жамила ҲАЙДАРОВА