Маълумки, мамлакатимизда фан, таълим, маданият, спорт, саньат, соғлиқни сақлаш, журналистика, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда таҳсил олаётган, фаолият юритаётган, билим ва ташаббуслари билан юксак натижаларга эришаётган ёшлар ҳукуматимиз томонидан муносиб равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.
2003 йилдан буён маьнавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидоийлик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб намуна кўрсатаётган ёшларимизнинг “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланаётганлиги ана шундай юксак ишончнинг ёрқин намунасидир.
Жорий йил мазкур мвкофотнинг танлов Комиссиясига 970 нафар номзодларнинг ҳужжатлари келиб тушган бўлса, ушбу номзодлардан 22 нафари кўкрак нишони совриндорига айланишди. Бу каби фахрли ёшларимиз орасида ҳамшаҳримиз, Бухоро Давлат университети Кимё-биология факулътети 4-босқич талабаси Шерзод Раҳмоновнинг ҳам борлиги барчамизни қувонтиради.
Шариф шаҳар шарафини янада юксакларга кўтарган Шерзод ҳозирда “Шуҳрат-маш-сервис” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори. У томонидан яратилган паррандачилик мини-фабрикаларида қўл меҳнатини енгиллаштирувчи “Орзу-1”, “Орзу-2” ускуналари соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда.
Шерзод Раҳмонов қатор нуфузли танловлар ғолиби. 2013 йилда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика танловида ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2014 йилда “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг мамлакат босқичида “Энг фаол ёш тадбиркор” номинацияси бўйича тақдирланган. Жорий йилда эса “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибига айланганлиги унинг ўз соҳасига бўлган шижоати ва масъулиятини янада оширди.
– Камтарона меҳнатларимнинг юксак эътироф этилганлиги мени янада янги-янги ихтироларга, кашфиётларга ундайди. Мазкур мукофот ифтихор туйғусини бахш этиш баробарида, зиммамдаги масъулиятни янада теранроқ англашимда туртки бўлади. Амалга ошираётган ҳар бир инновацион лойиҳам, нафақат, юртимиз ривожига, балки халқаро миқёсида юртимиз нуфузини юксалтиришга хизмат қилса, ўзимни Она Ватанимнинг бахтиёр фарзанди, деб ҳис қилган бўлардим, – дейди Шерзод Раҳмонов.
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонини кўксига ғурур ила қадаган ҳар бир ёш қалбидан шундай эзгу фикрлар ўттган бўлса, не ажаб. Албатта, улар Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги, нурли истиқболи нишоналаридир. Қайноқ юрак устидаги “Ўзбекистон белгиси” нишони эса уларни ҳамиша юрт корига камарбаста бўлишга ундовчи шараф машъаласи бўлиши, шубҳасиз.