Дин ва аҳиллик бир-бирига яқин ва мазмунан боғлиқ сўзлар. Динларнинг аксарият тушунчалари бирдамлик ва бирликка чорловчи хусусиятга эга. Улар умумлаштирилиб, “бағрикенглик” сўзида бирлашган. “Бағрикенглик” сўзининг луғавий маъносига тўхталадиган бўлсак, чидам ва бардош, ҳурмат ва ҳиммат каби маъноларни англатади.
Бағрикенглик бор ерда иғво, фитна ва зиддиятлар юзага келмайди. Шу жиҳатдан, аҳолининг тинч ва фаровон яшаши, орзу ва эзгу ниятларга интилишида, аввало, тинчликда умр кечиришида динлараро тотувликнинг ўрни катта. Юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг ўртасида тотувлик ва аҳиллик доим ҳукмрон бўлган. Ўзбекистонда 2010 йил ҳолатига кўра, 95 фоиз аҳоли ислом динига, қолган аҳоли христиан, яҳудийлик ва бошқа дин, мазҳабларга эътиқод қилади.
Тошкент шаҳрида ОАВ вакиллари учун “Марказий Осиёда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалаларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистларини қайта тайёрлаш маркази ва “Search for Common Ground” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги филиали билан ҳамкорликда ўтган давра суҳбати икки кун давом этди. Бунда ўзбекистонликлардан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан манфаатдор давлат органлари вакиллари, журналистлар, блогерлар ва экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида дунёвий давлатда дин эркинлиги ва динлар хилма-хиллиги билан боғлиқ динлараро мулоқотни мустаҳкамлашда давлат органлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг роли, диний мавзуларни медиада ёритишда ахлоқий меъёрлар ва халқаро стандартлари, дин эркинлиги, динларнинг хилма-хиллиги ва бағрикенглик масалаларини ёритишда амалий ёндашувлар, диний мавзулардаги медиатрендлар ҳақида сўз борди. Дин мавзусини ёритишда нафрат сўзлари ва сохта хабарлардан қандай қочиш кераклиги хусусида видеоролик ва слайд намойишлари, маърузалар ташкил этилди.
Қолаверса, ушбу икки кунлик давра суҳбатида ислом динида аҳиллик – чин мўминлик, дея тарғиб қилинишига тўхталиб ўтилди. Ҳадисларда “Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат, тақвода холос”, дейилган. Бироқ, афсуски, динни ниқоб қилиб олиб, ундан ғараз ва айирмачилик мақсадида фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг мақсади аҳоли тинчлигига раҳна солиш, ижтимоий изчилликни бузиш ва шу ният орқали ҳукмрон бўлишга қаратилган. Оммавий ахборот воситалари орқали баъзан “Ислом” ва “Террор” сўзларининг бирикма сифати қўлланилаётгани аслида бир-бирига умуман зид тушунчалар экани маърузаларда таъкидлаб ўтилди. Зеро, Ислом дини зулм, тажавузкорлик ва қон тўкишни буткул қоралайди. Террор ҳаракатлари, нафақат, ислом динида балки, ҳеч бир дин таълимотида тарғиб қилинмайди, аксинча, унинг ҳар қандай кўринишига қарши чиқилади.
Маърузачиларнинг сўзларига кўра, дунёда ҳам турли зулмларнинг олдини олиш мақсадида диний бағрикенглик тарғиботи йўлида турли ислоҳотлар йўлга қўйилган.
Жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш жаҳон ҳамжамияти олдида турган муҳим вазифага айланган. БМТнинг Фан, таълим ва маданият соҳаларига ихтисослашган ташкилоти – ЮНEСКО томонидан айни йўналишда 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, шу жумладан, 1995 йил 16 ноябрда “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилингани ҳам ушбу масала, нақадар, долзарб эканини кўрсатади. Ўзбекистонда 16 диний конфессия, 153 миллий-маданий марказ вакиллари ўртасида бағрикенглик тамойилини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунда турли динга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга эътиқод қилиш ҳамда ибодатни эмин-эркин амалга ошириш учун зарур шароит, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш юзасидан етарлича имкониятлар мавжуд.
– Наманган вилоятида, оддий ўзбек оиласида туғилиб, ўсганман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова. – Отам ўзбек, онам украин миллатига мансуб бўлгани учун ҳайитни ҳам, пасхани ҳам нишонлаганмиз. Куличини ҳам, ҳайит ошини ҳам бирдай, байрамона тановвул қилганмиз. Ота-оналаримиз, болалар ўртасида у ёки бу дин, миллат вакиллари камситилишни ҳеч кузатмаганмиз. Бошқа дин, миллат вакилларига дўстона муносабат аслида оилада бошланиб, бутун жамиятда, дунёда ҳукм суриши лозим бўлган муҳим жараёнлардан бири. Негаки, қонун устувор мамлакатда инсон кўнглидаги эътиқодга дахл қилиш ҳам тақиқланади. Мамлакатимизда кейинги йилларда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш мақсадида 50 га яқин қонун ҳужжатлари, 40 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди. Бу масалада қатор ижобий ўзгаришлар рўй берди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши мамлакатимиз ушбу йўналишда эришаётган натижаларнинг халқаро эътирофи, дейиш мумкин.
Учрашув давомида, жамиятда дин, жамоатчилик ва конфессиялараро мулоқотнинг ўрни, диний мавзуларни ёритишда ахлоқий меъёрлар, халқаро стандартлар ва бошқа кўплаб мавзулар бўйича фикр алмашилди. Марказий Осиё давлатлари тажрибаси ўрганилди, амалий сессияларда билимлар мустаҳкамланди.
Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида эллар ва давлатлараро тортишув, жанг ва қирғинбарот урушлар юзага келмоқда. Аммо, айтиш мумкинки, эл ва эллараро, ҳар дин ва динлараро қарашларнинг ва таълими бор. Булар баъзида бир-бирига зид ва номутаносиб тушунчаларни пайдо қилиши мумкин. Бироқ, динлараро бағрикенглик ана шундай зиддиятлар ўртасида муаммо пайдо қилмасликка, тортишувлар келтириб чиқаришга эмас, тотувликлар ўрнатишга хизмат қилиши керак. Бу эса ҳар бир инсон ўз эътиқодига тўла амал қилишига йўл очиб беради.
Зулфизар Мавлонова,
“Buxoro yoshlari” газетаси мухбири.