Владимир Гронский: “Биз ноёб китобларни қайтара олмаймиз, чунки бу хазина”

        Бухорода жорий йилнинг 24-26 май кунлари “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари” ХVI халқаро анжумани бўлиб ўтади. Абу Али Ибн Сино номидаги ахборот-кутубхона марказида тадбир олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Мазкур анжуман фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларини ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини яхшилаш, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излашга қаратилди. Унда архивариуслар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, ҳудудий ахборот-кутубхоналар раҳбарлари ва ходимлари, маҳаллий ОАВ вакиллари, хорижий соҳа мутасаддилари иштирок этди.

         Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаеванинг сўзига кўра, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот-кутубхона ўз фаолияти бўйича  ҳар йили анъанавий “Central Asia: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” мавзусида халқаро анжуман ўтказиб келади.

«Анжуман, асосан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлигига қаратилган. Россия Федерациясидан келган иштирокчилар соҳадаги муаммолар, кутубхоначи кадрлар масалалари, кутубхоналарда илмий-методик фаолият ҳолати, илмий фаолият юритишда жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланишнинг юзасидан мулоҳазаларини алмашадиган бўлса, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон, Туркия, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Белорусь,  АҚШ, Нидерландия, Литвадан соҳа мутахассислари онлайн иштирок этиш истагини билдирган. Дастур доирасида китобхонлик масалалари, кутубхоначилик олдида турган истиқболдаги вазифалар ҳамда соҳада ўз ечимини кутаётган масалаларга бағишланган илмий шўъбалар, амалий семинарлар, маҳорат дарслари онлайн ва офлайн ташкил этилади»,-деди Умида Тешабоева.

Озарбaйжон Миллий кутубхонаси директори Керим Тахиров, Назарбоев университети кутубхонаси директори ўринбосари Пётр Лапо, Россия Миллий кутубхонаси бош директори Владимир Гронский сўзга чиқиб, Халқаро конференция ва Ҳамдўстлик форумининг ахборот-кутубхона, архив иши ҳамда нашриётлар фаолиятини янада ривожлантиришдаги аҳамияти, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда зарурий майдон эканлигини таъкидлашди.

Анжуман доирасида Россия Миллий кутубхонаси ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро ахборот-кутубхона маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Россия миллий кутубхонаси фондида сақланаётган Бухоро амирлиги тарихига оид адабиётларнинг электрон версияси Бухоро АКМга совға қилинди ҳамда Халқаро конференция доирасида ушбу адабиётларнинг тақдимоти бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Матбуот анжумани иштирокчилари Россия Миллий кутубхонаси билан таништирилди. Унда Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларининг узоқ йиллик тарихига оид ноёб дурдоналарнинг асл нусхалари сақланаётгани, бошқа халқлар маданияти ва тарихига эҳтиром рамзи сифатида бу ноёб китоблар кўз қорачиғидек асралаётгани хусусида сўз боргани журналистлар ўртасида мунозараларга сабаб бўлди.

Журналистнинг ушбу ҳамдўстлик анжумани нафақат, Бухоро, Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё тарихига оид адабиётларнинг электрон версиясигина эмас, балки Россия Миллий кутубхонасидан сақланаётган шу тарихий ноёб дурдоналарнинг мамлакатга қайтарилишига ҳам салмоқли таъсир кўрсатиши кераклиги хусусидаги саволи Россия Миллий кутубхонаси бош директори Владимир Гронский томонидан илиқ қаршиланса-да, қуйидагича жавоб топди: “Ҳа, ушбу асарлар, ноёб дурдоналарда сизнинг буюк тарихингиз мужассам. Аммо бу китоблар қайсидир шахсники ёки кутубхонаники, ҳатто, маълум бир давлатники ҳам эмас. Шу боис, бу ноёб дурдона асарлар – китобларни қайтар олмаймиз, чунки бу хазина. Бугунги давр талабига мувофиқ, Россия Миллий кутубхонасидаги барча ноёб ва қадимий китоблар электрон нусхага кўчирилган. Биз буларнинг барини тақдим этамиз”,- деди Владимир Гронский.

Шунингдек, у журналистнинг “Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаролар жаҳон ноёб дурдоналари сақланаётган Миллий кутубхонанинг эртанги кунини хавотирга қўймаслигига кафолат борми?!”мазмунидаги саволига: “Хавотирга ўрин йўқ, биз уларни кўз қорачиғидек асраймиз. 1941-1945-йиллардаги урушнинг оловли майдонларидан қандай олиб чиқилган бўлса, у китоблар ҳам худди шундай авайланади. Аввало, жаҳоннинг улкан хазинасига айланаётган Миллий кутубхонамизни балолардан Яратганнинг ўзи асрасин!”-деди Владимий Гронский.

Халқаро анжуман ўз ишини давом эттиради.