Маҳтумқули ижодидан

Машҳур туркман шоири ва мутафаккири Маҳтумқули- туркман адабиёти, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган талант соҳиби. У шоир Озодий Давлатмамат оиласида 1733-йилда туғилиб, бошланғич саводни овул мактабида олган. Сўнг ўз илмини ошириш мақсадида Хива, Бухоро ва Андижон мадрасаларида таҳсил олиб, ўзбек адабиётининг ўтмиш намоёндолари асарлари билан яқиндан танишган. 

Махтумқули ижодидан Мирзо Кенжабек  таржималарини ўқинг       

ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМНИ БИР ДАМДА БОР ЭТГАН КАРИМ

Ўн саккиз минг оламни бир дамда бор этган Карим,

Етти Қуфрона фалакни барқарор этган Карим,

Бандаларга раҳматин ҳар дам нисор этган Карим,

Ул малойикларни кўкда бешумор этган Карим,

Қудратин икки жаҳонда ошкор этган Карим.

 

Кимлари гумроҳ қилиб, берди анга роҳи залол,

Кимлари мўмин қилиб, Ўзин танитди бемисол,

Ҳар кими бир кўя солди Ул Карими лоязол,

Нечалар тоат билан умрин ўтурди моҳу сол,

Нечаларни маъсиятда шармисор этган Карим.

 

Анбиёлар афзали ул Мустафо – хайрул-башар,

Ҳам малойиклар кўриб, қилди бошига тожу зар,

Ё шафиъал-музнибин! – деб ёд этарман ҳар саҳар,

Қудратидан ул Масиҳони яратди бепадар,

Ўтни Иброҳим Халилга лолазор этган Карим!

 

Кимлара берди Худойим айшу ишрат беҳисоб,

Кимсалар ҳасрат билан нон топмайин бағри кабоб,

Кимлара роҳат бағишлаб, кимлара берди азоб,

Дунё бир карвонсаройдир, ўтди мундан субҳу шаб,

Ҳар кима тақдиру қисмат рўзигор этган Карим.

 

Кимлари шоҳ айлабон, берди мурассаъ тож анга,

Кимлари фақру фанода айлади муҳтож анга,

Нечаларга берди давлат, нечалар Ҳаллож анга,

Дўст дея лутф айлади лайлатул-меърож анга,

Мустафонинг дўстларини Чор ёр этган Карим!

 

Аввало икки жаҳонни бор эдан қодир Худо,

Неча қуллар Ҳақ йўлинда айлади жонин фидо,

Нечалар фисқу фасодда қилдилар умрин адо,

Дунёга келган кетар, бойу фақир, шоҳу гадо,

Барча қулни шум ўлим қўлинда зор этган Карим.

 

Мақсудинг, Махтумқули, сен Ҳақ таолодан тила,

ғофил ўлма, кеча-кундуз бўл Худо зикри била,

Биздек осий қуллара шояд Худо раҳмат қила,

Умрингни зое кечирма, ҳосилинг берма ела,

Барчаларнинг жойини охир мазор этган Карим!..

 

ЖАҲОН БЎЛДИ МУНАВВАР

Чиқди мағриб тарафдан,

Ул меҳрибоним келди,

Юз ишваю ноз билан,

Жони жаҳоним келди.

 

Мен Ёрнинг сарнигуни,

Боғлабон бу ойинни,

Тўкди жигардан хунни,

Шоҳу султоним келди.

 

Оламга шоҳипарвар,

Бўлди умматга сарвар,

Жаҳон бўлди мунаввар,

Дурри ғалтоним келди.

 

Қомати сарву тубо,

Қадди, ўзи Мунтаҳо,

Важҳи-рўйи – “Ваз-зуҳо”,

Сарви равоним келди.

 

Ниқобин юзга солган,

Юз кўрсатиб, жон олган,

Ҳамма орзулаб, ёнган,

Оҳу фиғоним келди.

 

Малак фармона боққан,

Сидрати саҳро чиққан,

Оҳ урса, Аршни ёққан,

Соҳибқироним келди.

 

Махтумқули, бенаво,

Кўзлама санад сиво,

Умматим! – деб доимо,

Ҳазрат Эшоним келди.

 

БАҲОУДДИН ОТЛИ ДЕВОНА КЕЛДИ

Бир кеча ётардим, саҳар вақтинда,

Баҳоуддин отли девона келди,

Асосин суяниб, келмиш Бухордан,

Ҳақ ишқинда масту мастона келди.

 

Бир неча ул ёру, ёрон турдилар,

Мажлислар тузилди, ҳалқа қурдилар,

Наъралар чекдилар, самоъ урдилар,

Садолар тузилди, жон-жона келди.

 

Ғавғо қўпти, раҳмат қозонди тузлар,

Сочилди қон ёшлар, очилди кўзлар,

Йиғилди дарвишлар, тўкилди файзлар,

Гўё дерсан: охирзамона келди.

 

Ўқир бўлса, илми ладун очиқли,

Ҳам девона, ҳам сархуш, ҳам ишиқли,

Қўлинда косаси, бошдан кечикли,

Сийнамга қўйдилар бир шона, келди.

 

Махтумқули айтар: Қуръонга уйдим,

Ғийбатни ташладим, ҳаромни қўйдим,

Яшира билмадим, сиримни ёйдим,

Сақлана олмадим, забона келди.

 

ШОҲ НАҚШБАНДИЙ

Бир кеча ётардим , Шоҳи Нақшбанд.

Карами жўш айлаб, бир нон кетирди.

Ўнги қўлида бода – гулгун шароби,

Чап қўлида тоза бирён кетирди.

 

Уйғондим уйқудан, қолдим тушимдан,

Ҳайрон қолдим девонанинг ишиндан,

Бодасин нўш айлаб, кетдим ҳушимдан,

Ҳамдийдадан ашки гирён кетирди.

 

Жон хуружга келди қайнаб жўшмоқдан,

Юрагим мавж урди тўлиб-тошмоқдан,

Бир ишорат бўлди унга тушмоқдан,

Фаҳм этмадим, жонга армон кетирди.

 

Англамадим, ишққа бўлдим харидор,

Билмадим, истадим дилбардан дийдор,

Ишқ дардига тушдим, қолдим гирифтор,

Ким ҳам бу дард учун дармон кетирди?

 

Махтумқули, турдим тавоф этмоққа,

Тил фармон бермади жавоб этмоққа,

Ишқ аҳлининг ҳолин хароб этмоққа,

Ақлим олиб, масту ҳайрон кетирди…

 

ДАРВИШЛАРНИНГ ДУОСИДИР

Одам ўғли, фикринг-зикринг

Ёлғончининг ҳавосидир,

Ҳозирча шул фикрдасан,

Бир кун дардга қўёсидир.

Бир кун кирар ерга бошинг,

Унутар қавм-қариндошинг,

Намозинг, рўзанг – йўлдошинг,

Тилинг ҳамду саносидир.

Чалғилтарлар соғда, сўлда,

Шайтон йўл кесар бу йўлда,

Эркли қўрғон, улуғ далда –

Шариатнинг қалъасидир.

Бу жаҳоннинг сармояси,

Ризқ сабаби, Ҳақ сояси,

Ер тираги, Кўк пояси –

Дарвишларнинг дуосидир.

Кечар умр, ўтар бу дам,

Не юрарсан қадам-қадам,

Филни йўлга солган одам,

Сени қуртча еёсидир.

Тоғлар бордир, тошлар бордир,

Ёзлар бордир, қишлар бордир,

Ёмон-ёвуз ишлар бордир,

Бошга келган кўросидир.

Махтумқули, ишқ майдондир,

Бу майдонга кирган жондир,

Жонинг ҳам танда меҳмондир,

Берган бир кун олосидир.