ИСИНДИМ ОЛОВИНГГА, КЎР БЎЛДИМ ТУТУНИНГГА!

XX асрнинг 60-йилларидан буён Бухоро аҳолиси табиий газ бойлигидан баҳраманд. Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида Зирабулоқ, Когон ва Газли магистрал газ қувурлари бошқармалари томонидан 18 та газ тарқатиш станциялари орқали 12 та шаҳар ва туманлардаги филиалларга ва 2 та участкага табиий газ етказилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда аксарият газ қувурларининг фойдаланишига 50 йилдан ошганлиги сабабли улар  даражасига жавоб бермайди. Ўтказилган газ қувурларининг кесими кичиклиги, ўрнатилган ГМПларнинг қуввати пастлиги, ерости газ қувурларининг фойдаланиш муддати ўтганлиги сабабли жорий йилнинг манзилий дастурига асосан, вилоят бўйича жами 25,45 км, шундан 7,65 км мукаммал таъмирлаш ва 17,8 кмли масофада реконстукция қилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 5194 дона газ маромлаш пункларини тафтиш кўригидан ўтказиш, 408 км қувурларни тозалаш, 41 дона стационар газ маромлаш пунктлари биноларини ҳамда 96 та электр кимёвий станцияларини жорий таъмирлаш ишлари кўзда тутилган.

 

Ислом ИБРАГИМОВ, Ромитан тумани:

Cовуқ тушди, дегунча, ташвишимиз ортади. Айниқса, кейинги йилларда табиий газ масаласида мурожаат этмаган жойимиз қолмади. Назорат йўқлигидан табиий газ таъминоти ачинарли ҳолда. Авваллари хонадонларгача газ етиб келмаслиги сабабини газ қувурларининг яроқсиз ҳолга келганига, шунингдек, аҳоли сонининг ортиб бораётгани баробарида уланиш тармоқларининг кенгаяётгани, бу эса ўз-ўзидан газ босимининг пасайиши оқибатини келтириб чиқаришига боғлашарди. Кейин улар биз, истеъмолчилар, кўмагида таъмирлаш ишларини ҳам бажаришди. Қиш аввалида оз бўлса-да, газ ёниб турди. Лекин қувончимиз узоққа чўзилмади. Ноилож қишни шаҳардаги қариндошимизникига ўтказишга мажбур бўлдик.

 

Фармон Ғаниев, Қоракўл тумани:

– Қишбўйи тезак ёқиб, етти жон бир хонада кун ўтказишимизга тўғри келади. Томорқадаги анча-мунча дарахтларни тараша қилиб, ёқиб бўлганимизга икки-уч йил бўлди. Бир зумда ёниб тугайдиган ўтиндан эса печлар ёқиб, унинг тафтидан кунузун фойдаланиб бўлмаса. Ёзда таъмирдан чиққан уйларимиз қишда азбаройи тутунлар заҳмидан қорайиб, бир аҳволга келиб қолади. Электр печлардан фойдаланмоқчи бўлсак, электр энергияси таъминоти ҳам ўзига яраша, бир кунда бир неча марта такроран 2-3 соат, баъзан 5-6 соатгача ўчади.

Давлатимиз бугун ривожланиш ва тараққиёт палласига кўтарилган.  Табиий газ захираларини мустаҳкамлаш, уни довонлар оша келажак авлодлар фойдаланиши учун асраш ва сақлаб қолиш мақсадида тежамкорлик ислоҳотлари ўрнатилаётгани яхши, албатта. Зеро, тежамкорлик – келажак авлодларимиз тақдири учун буюк сармоядир.

Шу ўринда, ҳамма замонларда ҳам жамият тараққиётининг асоси аҳолининг турмуш даражаси ва ҳаёт кечириш потенциали билан белгиланишини ҳам унутмаслик даркор. Бу борада, албатта, коммунал хизматлар, айниқса, газ ва электр энергияси алоҳида аҳамият касб этади.

Қиш фасли кириб келиши билан, аксарият аҳоли ўртасида табиий газ ҳамда электр таъминоти масаласи кескинлашади. Бу айниқса, қишлоқ аҳолиси учун қийинчилик туғдиради. Ва бу борада шикоят, ариза ва мурожаатлар сони ошиб кетади. Бироқ, мурожаатлар ўз вақтида ва ҳар томонлама кўриб чиқилаётганмикин? Ёхуд “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси тизимига кирувчи филиалларнинг айрим раҳбарлари ўз масъулияти ва жавобгарилигини тўлиқ ҳис қилишяптими?!

Таъкидлаш жоизки, ҳудудлараро унитар корхонанинг газ таъминоти филиалларида раҳбарлар томонидан талабчанлик етишмаслиги натижасида жойлардаги мавжуд муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаган. Фуқароларнинг қабулларини, шунингдек, уларнинг хат ва аризаларии қабул қилиш учун етарли шарт-шароитлар яратилмаган. Жойларда муаммо ва камчиликларни бартараф этишга масъулиятсизлик ва расмиятчилик билан қаралиши натижасида фуқароларнинг ҳақли эътирозлари ва мурожаатлари сони ошган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жорий йилнинг биргина октябрь ойида вилоят бўйича жами 72 та мурожаатларнинг 21 таси (29,2%) табиий газ таъминоти, 26 таси (36,1%) табиий газ билан газлаштириш, 15 таси (20,8%) фойдаланилган табиий газ тўловлари, 7 таси (9,7%) молиявий тусдаги масалалар (иш билан таъминлаш, иш ҳақи ва моддий ёрдам кўрсатиш), 2 таси (2,8) суюлтирилган газ билан таъминлаш, 1 таси (1,4%) бошқа масалалардаги муаммолардир. Йилнинг 1 ноябрь ҳолатига қадар эса фуқаролар мурожаатлари сони 466 тани ташкил этади. Албатта, мурожаатларнинг барчаси белгиланган тартибда назоратга олинган. Бироқ, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ариза, шикоят, оғзаки ёки ёзма мурожаат қилмаган аҳоли-чи? Уларнинг талаб ва эътирозлари жойларда ўз вақтида ўрганиляптими?!

Вақтида қилинган иш – келтирмас ташвиш!

Жондор тумани “Хумин” қишлоғига ташрифимизданоқ, фуқароларнинг кўнгли тўлиб турган эканми, зумда атрофимизни ўраб олишди.

  • 2-3 йилдан буён қишлоғимиз, умуман, газ билан таъминланган эмас. Ҳар йили қиш кириб келиши билан “Кутингларчи, ҳаммаси яхши бўлади” дейишарди. Биз эса бунга умид  қилиб, суюлтирилган газга мослаштирилган хизматдан фойдаланиш бўйича ариза топширмай келавердик. Энди эса  табиий газ билан таъминлашнинг умуман иложи йўқ, дейишаяпти. Ва фуқароларни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз қишлоққа туташ табиий газ тармоғини кесиб кетишди, -дейди фуқаро Юсуф ака Холов.

Биз “Жондортумангаз” филиали раҳбари Ўткир Шомуродовга юзландик:

  • Тўғри, бугун зангори олов захираларини бойитиш, уни келажак авлод эртасига йўналтириш пировардида олиб борилаётган мақсадли ислоҳотлар давридамиз. Бугунги кунда туман 28,5 минг нафар аҳолига. Табиий газга талаб ҳам, эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. Шу ўринда истеъмолчилар томонидан фойдаланилган газдан жорий йилда қарздорлик ҳолати 8 миллиард сўмни ташкил этаётганлигини ҳам айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ, танқислиги боис, “Хумин” қишлоғининг табиий газ тармоғидан узиб қўйилгани масаласи эса унинг Жондор-1 газ тақсимлаш станциясидан 28 километр узоқ масофада жойлашганига бориб тақалади. Шунингдек, аҳоли хонадонларининг ошиб бораётгани, катта ҳажмли газ қувурларининг хонадонларга йўналтирилган боғланмалари кичик қувурларга уланма эканлиги, кичик қувватли қувурчалардан эса газ босими ўтолмаслигига ва бу босимнинг сустлашиб кетишига олиб келган. Шу мақсадда қишлоқнинг маълум ҳудуди аҳоли таклифи ва талаби билан суюлтирилган газдан фойдаланишга мослаштирилди.

Хўп, филиал раҳбари фуқаролар эътирозларини шулар мисолида тўлдирди, дейлик. Аммо бугун фақатгина овқат пишириш ёҳуд чой қайнатиш учун мўлжалланган суюлтирилган газ билан аҳолининг ўз вақтида таъминланмаётгани-чи?! Буни қандай изоҳлаш мумкин?!

  • Август ойида суюлтирилган газ балонларини қабул қилиб олганмиз. Мана бугун кузнинг охирги ойи. Қўни-қўшнилар ўттиздан ортиқ бўшаган газ балонларини битта ҳовлига йиғиб қўйганмиз. Йигирма кундан ошди, ҳалигача янгисидан дарак йўқ, –оғриниб гапиришди аёллар, – яна ўтину тарашага, яна тезакнинг аччиқ тутунига кунимиз қолди.

Дарҳақиқат, шу қишлоқ фуқароси Шароф Сафаров хонадонига ташриф буюрганимизда 33 дона суюлтирилган газ балонларининг мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Қишлоқ фуқаролари уларнинг ҳақиқатан ҳам қарийб бир ойдан буён “бўшаб” ётганини тасдиқлашди. Хонадон эгаси эса, негадир, бўшаган балонлар йиғилиб қолганига фақатгина уч кун бўлди, дея чиранишдан бери келмади. Бу  бўйнига халқ юкини кўтаришга елка тутгану, бироқ юкнинг вазминлигини кўргач, ўзини четга тортган кимсанинг кўрсатаётган томошасига ўхшарди. Нима бўлгандаям, албатта, асосий масала бу эмас: мақсад – вақтни пайсалга солмай, ўша кезнинг ўзидаёқ муаммони ечиш чораларини кўриш. Шундай бўлди ҳам! Тумангаз идораси ходими Фарҳод Ражабов етиб келиб, тушунмовчиликларга узил-кесил ойдинлик киритган бўлди ва икки-уч соат вақт ичида “Когонгазтарқатиш” станциясидан суюлтирилган газ балонларини янгилаб келиш ваъдасини берди.

Шундай бўлди ҳам! Аҳолини қарийб бир ой давомида ташвишлантириб, пайсалга солиб келинаётган масала, қарангки, саноқли соатлар ичидаёқ ҳал этилди. Шу ўринда, халқимизнинг ўз вақтида қилинган иш, асло келтирмас ташвиш, деган ҳикматини ёдга олгимиз келди. Бугунги кунда Жондорнинг 6200 нафар аҳолиси суюлтирилган газ балонлари хизматидан фойдаланар экан, балки улар ҳам бу масалада эътиборга муҳтождир, деган ўйга бордик. Яхшиси, бу масалани тумангаз идораси ходимлари виждонига ҳавола этайлик!

“Дўққи” қишлоғи аҳолиси эса узоқ вақт кутилган зангори олов тафтидан бир неча кундан буёнгина баҳра олаётган экан.  “Яна ҳар йилгидек қишда босими умуман пасайиб кетмаса, ҳозирча табиий газ масаласида муаммо йўқ!” деган фуқаро Шуҳрат Ражабов сўзидан, ҳарқалай, кўнглимиз бироз ёришгандек бўлди.

Тарбиячилар тарбияга муҳтож…бўлмасин!

Афсуски, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Ташкил этилганига қарийб қирқ йилдан ошган тумандаги 7-сонли “Дилрабо” мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрганимизда киравериш тупроқ йўлаклари, ҳақиқатан ҳам унинг қирқ йиллик “тарих”га эга эканлигини шундоқ кўрсатиб турарди.  Биз баландлиги қаричдан баланд тупроқ йўлакни зўрға кечиб ўтганимизда ёғин-сочинли кунларда бу йўлакдан болажонлар муассасага қандай ичкарилашаркин?!

Ачинарлиси, болалар хавфсизлиги, деярли, таъминланмаган, десак ҳам адашмаган бўламиз. Ваҳоланки, муассасанинг эшикларига бир-бир кириб чиқдик. Кимнидир чорлаган бўлдик. Ўчоқда қозон қайнаб турибди, эшиклар ланг очиқ, ҳеч ким йўқ. Болалар майдончасида қулоч очиб ёнаётган хазон тутутини, ҳойна–ҳой,  “болажонларга завқ бағишлаш учун” деб тушунишга ҳаракат қилдик. Бироздан сўнг қайсидир хонадан қақажонлар овози эшитилди. Шу томонга йўналдик. Ичкариладик. Кўча совуғидан дийдираган танимиз болажонлар тафтидан бироз илигандек бўлди. Эҳ –ҳа, гап буёқда экан, денг, боғча опамизнинг бири қўлбола ўтин печда куймаланаётган, бири эса тартибсиз ҳамда ивирсиқ ҳолга келиб қолган хонани чивинлардан тозалашга уринаётганди.

Муассаса табиий газ тармоғидан узиб қўйилганига бир неча йил бўлган. Бироқ, тизим раҳбарлари болажонлар учун хавотирсиз иситиш тармоғини яратиш ҳақида бош ҳам қотиришмаган. Шунча йилдан буён болалар қўлбола, тутун бурқсиган печларда исинишаркин–да! Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими масъул ходимларининг бизга ҳамроҳлик қилишда турли баҳоналарни рўкач қилишгани сабаби бор экан–да!

Ўзини Нозик Рўзиева, Саида Исмоилова, деб таништирган муассаса ходималари билан муздеккина болалар ётоғи, нураб ётган девор ва оёқ остларида носоз аҳволдаги электр ток ўтказгичлар билан “безанган” маданий ва машғулотлар залини кўрдик. Болалар хавфсизлигига риоя қилинмаганига даҳлдор саволимиз, туманда, деярли, электр энергиясининг ўзи йўқку, деган жавоб билан якун топди. Нима ҳам дердик, муассасадан қайтаётганимизда, ниҳоят, боғча мудираси Зиёда Ражабовага дуч келдик. Ҳу–ув, ўчоқдаги қозон “Меню”даги гўшт ва сабзавот маҳсулотлари билан қайнамаётгани, музлатгичлару, омборхона маҳсулотлари санитария ҳолатидалигини, шунингдек, муассаса тарбиячилари ва хизматчиларининг айнан ўзи учун, балки, уй ва хоналарни тозалаш ва саранжомлаш борасида тез–тез тарбия соатлари ўтказиб турилса, ёмон бўлмаслигини  билдиришдан истиҳола қилмадик.

Тумандаги 12–умумий ўрта таълим мактабидаги ҳолатни ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Майсара Жумаева хонасига кирибоқ, худди  юқорида номи қайд этилган тарбия муассасасидек манзаранинг гувоҳи бўласиз. Келингки, тарбиячилар, болалар ташвиши билан доимий банд, дейлик, бироқ, бу масалада мактабда эътибор қаратиш зарурлигини уқтиришни ўзимизга эп кўрмадик. Ҳарқалай, хулоса чиқаришар.

Мактаб табиий газ тармоғидан узиб қўйилган. М. Жумаеванинг билдиришича, синфхоналар ҳар йили қўлбола печлар ёрдамида иситилади. Қўлбола ёқилғи печлардан умумий ўрта таълим мактабларида фойдаланиш мумкин эмас, бу катта ва кичик ёнғинларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин, газ тармоғидан узилган мактаб қозонлари кўмирга мослаштирилган ва иситиш тармоқларига уланган мосламалардан фойдаланиш тизимига уланмоқда, – дея таъкидлайди газ таъминоти идораси вакили.

Дарҳақиқат, тумандаги бир нечта умумий ўрта таълим мактаблари шундай иситиш қозонлари таъминотидан фойдаланаётган экан. Бу борада халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими, айниқса, вилоят Халқ таълими бошқармаси масъул раҳбарлари эътибор қаратишса, диққатга сазовордир.

Пешкўда хонадонлар сони 8190 тани ташкил этиб, аҳоли сони 32 366 нафардан иборат. 6 152 нафар абонент табиий газдан фойдаланади. 9 622 нафар аҳолига эса газ етиб бормаган. 7221 нафар абонент эса суюлтирилган газга мослаштирилган. Қарздорлик ҳолати 9 миллиард сўмни ташкил этади.

 ?????????????

20151103_IMG_8491 20151103_IMG_8509 20151103_IMG_8535 20151103_IMG_8537 20151103_IMG_8535

“Мен сенга тегмайман, сен менга…”

Табиий газ тармоғидан узиб қўйилмаган, аммо  суюлтирилган газга ҳам мослашмаган манзиллар аҳолиси қиш чилласи учун тайёргарликни иссиқ кунлардан бошлашади. Ёзбўйи таппи ёпиб, қишда тезак ёқишади.

-Унинг иссиқ оловида исинсак-да, аччиқ тутунидан кўзларимиз кўр бўлаёзади! Ёзда бироз юқори босимдаги табиий газдан фойдалана олиш мумкин, аммо ёғин-сочинли, қиш-қировли кунларда бу ҳақда орзу ҳам қилмаса бўлади,-дейишади афшоналиклар,- аммо ҳар қиш мавсумида газ босимининг пастлигини иссиқхоналар кўплигига, уларнинг ноқонуний йўллар билан қўлбола газсўрғичлардан фойдаланишига, бу эса аҳоли истеъмолчилари учун қийинчилик туғдиришига боғлашарди. Аммо, билишимизча, бундай иссиқхоналар табиий газ тармоғидан батамом узиб қўйилган. Лекин аҳвол ҳали-ҳануз ўзгармаган.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар тумандан 15 га яқин табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланиб олган истеъмолчилар, аниқроғи, иссиқхона эгалари аниқланган. Булар жумласига, Муҳиддин Бобоев, Алишер Абдуллаев, Нодир Имомов (“Афшона” қишлоғи)га, Дилшод Рамазонов (“Садир” қишлоғи)га, Ботир Раҳмонов (“Чиқирчи” қишлоғи)га тегишли иссиқхоналар киради. Хўш, улар ўз фаолиятларини кеча бошлашдими?! Йўқ, албатта! 4 йил, 5 йил, 10 йил, балки ундан кўпроқ вақт бўлгандир?! Хўш, нега шу пайтгача бундай ўзбошимчаликларга чек қўйилмаган? Балки, огоҳлантиришлар натижа бермагандир?

Маълум бўлишича, табиий газ назоратчилари кўп ҳудудларда тез-тез алмаштирилар экан. Бундай ҳолда қандай иш юритиш мумкин?! Шунинг учун ҳам ҳудуд назоратчиларини қайта-қайта сўрашимизга қарамай, улар ҳақида тайинли бир жавоб ололмадик. Тумангаз идораси бош муҳандиси Шерзод Бооров эса ҳозирча турли сабаблар билан уларни топиш иложи бўлмаётганини билдиришдан нарига ўтмади. Нима ҳам дердик?!  Ва хулосага келганимиз шу бўлди: айрим фуқаролар, шунингдек, иссиқхона эгалари табиий газ тармоғидан ўзбошимчалик билан ноқонуний фойдаланиб келаверишган, ҳудуд назоратчилари эса бу ҳолатни била туриб, ё эътибор қаратишмаган, ёки “Мен сенга тегмайман, Мен Сенга тегма!” қабилида иш тутиб келаверишган?! Ва узоқ йиллар давомида бу ҳолатларнинг оддий томошабинига айланиб қолаверишган.

“Газку отлиққа йўқ, чироқчи…”

Қиш мавсумида электр чироқлари ўчиб турмайдиган жойлар жуда кам. Бу неъматдан фойдаланиб, ҳам хонани  ёритиш, ҳам иситиш ва ҳатто, овқат ҳам пишириш мумкин. Бу ишлар электр энергиясидан фойдаланиб бажариладиган минг хил ишлардан фақат айримлари, холос. Айтиш ўринлики, табиий газнинг кўпминг сонли аҳолига етказилиши борасидаги юқоридаги ҳолатлар ўз-ўзидан электр энергиясига бўлган эҳтиёжни янада оширади.  Ваҳоланки, табиий газ бормаган яшаш жойларига ҳам электр энергияси етиб борган. Бу неъматнинг табиий газга нисбатан афзал томони шундаки, табиий газ трубаларига ҳар қандай одам ўрнатиб олиши мумкин бўлган Хитойда ишлаб чиқарилган “сўрғич” ҳам электр токи билан ишлайди. Аммо электр токини бирор шахс “сўрғич” билан ўз уйига олиб кетолмайди. Газ ёнмаса ёнмасин, аммо электр бўлмаса, қишда одамлар аҳволи чатоқ бўлаверади. Тўғри, ҳозир қишлоқ аҳолисининг қарийб учдан бирида генератор бор. Аммо унга ҳар куни бензин етказиб бўладими?! Агар ҳар икки куннинг бирида бир литр бензин сарфланса ҳам бу қишлоқ аҳолиси чўнтагига зиён эмасми?!

Тумандаги “Қўрғонтепа”, “Шўробод”, “Искомгазе”, “Афшона” ва бошқа қишлоқ фуқаролари, нафақат, табиий газ, балки электр  таъминоти хизматидан ҳам шикоят қилишди.

  • Табиий газку майли, мана, кўп манзиллар суюлтирилган газга, кўмир ёқилғисига мослаштирилди. Бизнинг қишлоқ табиий газ тармоғига уланган бўлса-да, қиш мавсумида, ҳатто, отлиққа ҳам топилмайди, танқис. Электр энергиясику кунида узил-кесил 5 соат, баъзан 6-7 соатгача ўчирилади. 95 ёшдаман, болам, арз қилсак, кексайиб қолганга чиқаришади. Ҳеч бўлмаса, шу чироқ дегани ўчирилмаса.., –дейди қўрғонтепалик Бозор бобо Пўлотов.

Худди шундай арзларни Ромитаннинг “Шалғами”, “Атторон”, “Тағори”, “Қумравот”, “Ёмғир”, Бухоро туманининг “Тўтихушк”, “Лоша”, Вобкентнинг “Тодарий”, “Суғдиёна”, “Пирмат”, “Гулистон” қишлоқ фуқаролари йиғини вакиллари ҳам билдиришди.

Биз эса аввалига, вазият аҳоли эътирозлари даражасида эмасдир, деган ўйга ҳам бордик. Чунки ушбу муаммо бўйича “Бухоро вилоят электр таъминоти” акционерлик жамияти раҳбари Раҳматулло Маматовга мурожаат этганимизда: “Электр энергиясида таъминотида ҳудудидан қатъий назар, бир кунда фақатгина 2 ёки 3 соатгача узил-кесил ҳолатда ўчириб қўйилади. Вилоятнинг барча манзиллари бир кунда  22 соат электр энергияси билан тўлиқ таъминланади” деган жавобни олгандик.

Бироқ, масалага ойдинлик киритишда тизимнинг туман бўлими электр тарқатиш навбатчи ходими Ўктам Тўхсанов ёрдамлашиб бизга қатор манзиллар кесимида электр таъминотидан ўчириб қўйиш ҳолатларининг соат ва дақиқалар бўйича ҳолатларини аниқ маълумотлар мисолида асослаб берди. Унга кўра, қатор қишлоқларда ҳақиқатан ҳам узил-кесил ўчириб қўйишлар кунига 2 соатдан 5-6 соатгача давом этиши қайд этилганди. Аёнки, бу манбаалар “Бухоро вилоят электр таъминоти” акционерлик жамияти раҳбарининг бизга берган жавобини рад этмоқда.

Ушбу масала юзасидан “Пешкўэлектртаъминоти” бўлими раҳбари Ахтам Тошевга мурожаат қилдик:

  • Ҳақиқатан ҳам, электр энергияси таъминотида манзиллар йўналишида 3-4 соат, баъзан 5-6 соатгача узил-кесил тартибда ўчирилади. Лекин унинг сабаблари объектив ва субъектив жиҳатларга боғлиқлигини ҳам унутмаслик керак. Туманимизда 20 мингга яқин электр энергияси истеъмолчиси борлигини инобатга оладиган бўлсак, жами қарздорлик ҳолати 1 миллиард 100 миллион сўмдан иборат. Шундан 335 миллиони улгуржи истеъмолчиларга, 765 миллиони эса аҳоли тўловларига тўғри келади. Бироқ, бир ойлик тушум бор-йўғи, тахминан 400-405 миллион сўмдан иборат бўлиб қолмоқда.

 Шамни ўчир!

Шу ўринда айтиш жоизки, туманда электр энергияси бўйича қарздорликнинг ошиб кетаётганига кўплаб истеъмолчилар томонидан қилинаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар ҳам сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, жорий йилнинг шу даврига қадар биргина Пешкў туманидан тахминан 170 нафар истеъмолчи томонидан ноқонуний уланишлар содир этилиб, уларга нисбатан маъмурий жазо қўлланган.

Уларнинг бу ўзбошимчалиги жамият равнақига, шунингдек, минглаб аҳоли ҳақига зиён келтиришдан бошқа нарсамас. Ундайлар чироқ ўчиб, қайта ёнгач, бошқа хоналарда ёниб қолган чироқларни эмас, “Зудлик билан шамни ўчир, биласанми, шамнинг нархи бозорда қанча?” дейдиганлар тоифасига киради.

Яхшиям, электр токи бозорда, магазинларда сотилмайди. Агар сотилганда эди, бу токни ишлаб чиқарувчилар иши касод бўларди. Сабаби уни ҳамма жуда кам сотиб оларди ва худди шам каби эҳтиётлаб ишлатар эди. Демак, электр токини ҳам эҳтиёжга қараб ишлатиш, ундан яширинча, ўғринча улагичлар орқали фойдаланиш, айтиш жоизки, яшаш мезонининг энг тубан кўринишидир.

“Қишки мавсумга тайёр…”…эмас!

Туманнинг чекка ҳудудларида жойлашган қишлоқларда электр энергияси ҳамда табиий газ таъминоти оқсаётган экан, туман марказида аҳвол қандай? Айниқса, келажагимиз эгалари бўлган болажонлар гавжум масканлар, аниқроғи, мактабгача таълим муассасаларида бу хизматлар ижобийдир?

Туман марказидаги 5-сон мактабгача таълим муассасасига кирибоқ  кўнглимиз ёришди. Икки қаватли замонавий кўринишдаги бу маскан ташқи томондан киши эътиборини жалб этмай қўймайди. 176 нафар болалар тарбияланадиган муассасанинг машғулотлар хонасию маданий ҳордиқ заллари кўркам, бежирим. Бош тарбиячи Маҳфуза Амонованинг билдиришича, муассаса қишки мавсумга тайёр. Бироқ, соҳа ходимлари ҳамроҳлигида муассасанинг иситиш тизими тармоғи билан танишар эканмиз, унинг ҳали мавсумга тайёр эмаслиги, ҳатто, табиий газ етказилмай қолган кезларда кўмир ёқилғисидан фойдаланиш тизими ҳам носозлиги аён бўлди. Бу ҳам етмагандек, милтиллаб ёниб турган табиий газ муассаса қозонхонасини-да, илитмаган.

-Табиий газ етказилмай қолган вақтларда қўлбола печлардан фойдаланамиз”  деган бош тарбиячи болалар масканларида бундай иситиш мосламасидан фойдаланиш улар соғлиги ва ҳаёти учун хавфли эканлигини этишибоқ, “Йўқ, биз, аслида, бундай печлардан умуман фойдаланмаймиз” дея фикрини яна ўзгартириб қўя қолди. Изоҳга эса ҳожат йўқ. Муассаса эса “қишга тайёр”лиги тўғрисидаги “старт”га аллақачон эга бўлиб улгурган. Шу ерда ҳудуднинг табиий газ бўйича назоратчиси Иброҳим Ибрагимов муассасанинг қишки мавсумга “тайёр”лигини “таъминлаш”га қандай эришди экан, деган ҳақли савол туғилади.

Гўшт қаерда?

Муассаса ошхонасига кирибоқ, нохуш ҳиддан ҳафсалангиз пир бўлади. Шундоқ овқатлар пишаётган плита устида пойафзаллар қуритилмоқда.(?!) Идиш-товоқ ювиладиган ёғли-доғли стол остида эса тоғорада қалаштириб ташланган, истеъмолга яроқсиз меваларни болаларга эндигина тарқатмоқчи бўлиб туришганини билдиришди. Ошхонадаги бундай тартибсиз ҳолатни кўриб, болажонлар соғлиги учун қайғурмасликнинг иложи йўқ. Беихтиёр қалбингизни “Инсон отлиғ жон, наҳотки, шу қадар инсофу виждонини еб улгурган” деган аччиқ оғрик кемиради.

Қозонда қайнаётган шўрвада эса бош ҳамшира айтмоқчи 9,5 килограмм гўшт эмас, нари борса, 44,5 килограмм гўшт солинган эди. ..Афсуски, қозондаги гўштнинг камида икки баробарга камлиги бола ҳақига хиёнатдан бошқа эмас. Муассаса музлатгичидаги 12, 800 грамм гўштни эса “иккинчи овқат” учун, деб қўя қолишди. Тарбия масканида 176 нафар болажонлар мавжудлиги эътиборга олинадиган бўлса, улар бир кунда 16,517 килограммгача гўштли овқат тановвул қилишлари керак. Музлатгичдаги гўштни 12, 800 килограмм ҳамда қозондаги гўштни улар айтмоқчи 9,5 килограмм, деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу 22,300 килограммни кўрсатади…(?!)

Омборхонада нима гап?!

Ҳарчанд уринишмасин, муассаса омборхонаси қулфининг очилмаётгани бизни янада шубҳага солди. Жимитдай қулф, чамаси, йигирма дақиқаларда “зўрға” очилди. Не кўз билан кўрайликки, ачимсиқ ва қўланса ҳидга “бой” омборхонада бир қисми чириб битиб пашшаларга ем бўлган, бир қисми истеъмолга яроқли  узумлар намиққан қумтупроқ билан битта бўлиб ётарди. Истеъмолга яроқли узум шодаларини оҳисталик билан қўлга оламиз. Шундай неъматнинг яксон этилганига ачинамиз. “Шуни ўзингизга ёки ўз фарзандингизга раво кўрасизми?!” деган саволимизга бош ҳисобчининг бўғиқ товушда: “Болаларга шундай ҳолатдамас, барибир, ювиб берамизку” дегани ҳаммасидан ошиб тушди…

Муассасада бундай ачинарли ҳолатлар фақат шуларгина эмас, қолгани борасида сўзлашга тил ожиз. Яхшиси, уларни бартараф этиш масалаларини таълим тизими мутасаддилари эътибори ва виждонига ҳавола этайлик…

Биз муассасадан, чамаси, бир соатлар деганда кўксимизда оғриқ билан узоқлашдик. У ердаги масъул ходимлар эса ҳар куни виждону инсофни “еб қўйиб” қандай фаолият юритаётган бўлишса экан?!

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, вилоятда қишки мавсумга тайёргарлик жараёнлари қандай кечаётганлигига бир назар солганимиз нигоҳларимизда, нафақат, газ ва электр таъминоти масалаларидаги ҳолатларни, балки, жамиятни рангсизлантириб турган бошқа оғриқли тасвирларни-да муҳрлади. Ўйлаймизки, бу рангсиз олам ўз ўрнини рангин дунёга бўшатади. Бу борада, албатта, мутасадди раҳбарларнинг сергак нигоҳи, эътибори ва албатта, жиддий ёндошуви зарур бўлади.

Лайло ҲАЙИТОВА